Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:50

Қирғиз мухолифати ҳукуматга 7 кун муҳлат берди


Бишкекдаги мухолифат қурилтойи иштирокчилари сони дақиқа сайин кўпаймоқда.
Бишкекдаги мухолифат қурилтойи иштирокчилари сони дақиқа сайин кўпаймоқда.

17 март куни Бишкекда мухолифат томонидан уюштирилган халқ қурултойи бўлиб ўтди. Қурултойга республиканинг турли шаҳар ва қишлоқларидан, мустақил кузатувчилар ҳисоб –китобига кўра, 5,5 - 6 минг одам келган. Уларнинг орасида қирғизистонлик ўзбеклар ҳам бор.

Халқ қурултойи Бишкекнинг Ала-Тоо бош майдонида ўтиши режалаштирилган эди. Аммо Бишкек шаҳар суди бош майдонда қурултой ўтказишни тақиқловчи қарор чиқаргач, Бишкек шаҳар мэрияси мухолифатчиларга қурултойни “Спартак” стадионида ўтказишни таклиф қилган.

Мухолифат бу таклифга розилик билдирган ва қурултой иштирокчилари шаҳарнинг асосий кўчаларида пиёда юриш қилиб, “Спартак” стадионига боришларини эълон қилган. Бироқ Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги бу юриш ноқонуний бўлишини расман билдиргач, мухолифатчилар қурултойни ҳар томонлама қулай бўлган “Медиа Форум” хусусий комплексида ўтказишга қарор қилганлар.

Эрталабки соат 11 да мухолифат қурултойини парламент депутати Рўза Ўтунбаева очиб берди. У ҳукуматнинг “Кейинги йилларда халқ бойиди, иқтисод ўсди”, қабилидаги чиқишларини кескин танқид қилди.

- Фақат сизнинг иқтисодингиз ўсмоқда! Қирғизистонда фақат сиз бойияпсиз!- деди Рўза Ўтунбаева ҳукумат амалдорларини назарда тутган ҳолда.

Қурултойда сўзлаган бошқа нотиқларнинг нутқлари ҳам мана шу руҳда бўлди. Қурултой иштирокчилари ҳар бир чиқишни олқишлар билан кутиб олдилар.

Қурултойда ҳукумат томонидан электр энергияси, иссиқ сув, иссиқлик ҳамда бошқа коммунал хизматлар ҳақининг деярли 200-250 фоизга оширилгани, мамлакатдаги стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналарнинг арзон баҳога сотилаётгани, президент Бакиевнинг демократик тамойиллардан чекинаётгани, мухолифатчиларнинг тазйиққа олинаётгани муҳокама қилинди.

Қурултойда коммунал хизматлар ҳақини аввалги ҳолига келтириш, арзон баҳода сотилган стратегик корхоналарни давлат ихтиёрига қайтариш, президентнинг ўғли Максим Бакиевни истеъфога чиқариш, мухолифат вакилларига тазйиқни тўхтатиш, Озодлик радиоси қирғиз хизмати эшиттиришларини мамлакат ичкарисидаги радиоларда трансляция қилиш амалиётини қайта тиклаш каби талаблар битилган резолюция қабул қилинди. Агар бу талаблар 24 мартгача бажарилмаса, қурултой вилоятларда давом эттирилиши ва ҳукумат халқ талабига бўйсунмагунича намойишлар бўлиши ҳақида қарор қабул қилинди.

Айтиб ўтиш жоизки, мухолифат қурултойида 17 ёшдан 80 ёшгача бўлган одамлар иштирок этдилар. Улардан бири Қуролбой Усубалиев 73 ёшда. У Қорабура туманидан келган.

- Ҳукуматнинг бугунги фаолияти нол, нол, нол... Бу ҳукумат фақат истеъфо бериши керак, амалдорларни эса судлаш керак,-дейди оқсоқол.

Қурултойда қирғизистонлик ўзбеклар вакиллари ҳам иштирок этдилар. Улардан бирини суҳбатга тортдик:

- Президент сайлов вақтида берган ваъдаларини бажариб, ҳалол ишлаб бериши керак эди. Афсуски, бундай бўлмади. У иқтисодни ривожлантираман, аҳолини, айниқса ёшларни иш билан таъминлайман, деган эди. Бироқ аҳвол ёмонлашса ёмонлашдики, асло яхши томонга ўзгармади,-деди қурултойга Ўшдан келган Олимжон Акбаров.

Мухолифат қурултойи давомида мамлакатдаги нодавлат ташкилотлари ўз мониторинггини олиб бордилар. “Бундан мақсад халқнинг сиёсий фаоллигини аниқлаш эди”, дейди мониторинг гуруҳи аъзоси Иззатулло Раҳматуллаев.

- Бугунги қурултой Қирғизистон халқининг сиёсий фаоллиги кундан кунга ошиб бораётганини кўрсатмоқда. Қурултойда жуда кўп миллат вакиллари иштирок этиши ҳам алоҳида аҳамиятга молик. Жумладан, бу ерда ўзбеклар ҳам қатнашяпти. Улар асосан Қирғизистон жанубидаги Ўш, Жалолобод, Аравон, Новқат шаҳарларидан келган ўзбеклардир. Бугунги қурултой мамлакатдаги иқтисодий ва сиёсий муаммоларга халқ бефарқ эмаслигини, айни мана шу муаммолар уларни намойишларга чиқишига туртки бўлаётганини кўрсатиб турибди,-деди Иззатулло Раҳматуллаев.

Мухолифат қурултойига президент Қурмонбек Бакиев, Бош вазир Дониёр Усенов, Бош прокурор, Конституциявий суд раиси, Бишкек шаҳар мэри, халқаро ташкилотлар ва элчихоналар вакиллари таклиф қилинган. Бироқ улар қурултойга келмадилар.

Қурултой хавфсизлигини 200 га яқин милиция ходими таъминлади. Эрталаб соат 11 дан соат 16 гача давом этган қурултой ишига ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ёки ҳукумат идораларининг тўсқинлик қилгани ҳақида хабарлар йўқ.

Айни пайтда 17 март куни Қирғизистоннинг Норин, Олой, Ахси туманларида ҳам митинглар бўлиб ўтди. Норин шаҳридаги норозилик намойишида 3000 киши қатнашгани хабар қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG