Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:17

VIP суҳбат: Илк меҳмон - Муҳаммад Солиҳ


Озодликда янги лойиҳа – VIP суҳбат деб номланган янги рукн очилишига яна мухлисларимиз¸ аниқроғи К + телеканалининг Муҳаммад Солиҳ сиëсий фаолиятига бағишланган “Қуролсиз кишининг озодлиги” деб номланган ҳужжатли филм чоғида ҳужумга учрагани хабари муносабати билан Озодлик сайтига келаëтган шарҳлар туртки бўлди.


Мазкур хабардан сўнг филмни томоша қилган кўплаб ўзбекистонликлар ўзлари учун илк бор мухолифатдаги Эрк партияси лидери Муҳаммад Солиҳни сиëсатчи ўлароқ кашф этдилар. Озодликда кейинги икки ҳафтанинг энг кўп ўқилган ва энг кўп ўқилган лавҳасига айланган Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги филм турткисида ëзилаëтган аксар шарҳларда кўплаб саволлар ўртага қўйилмоқда ва муштарийларимиз бу саволларга жаноб Муҳаммад Солиҳдан жавоб олиш истагини билдирмоқда.

Ана шу сўровлар асосида бошлаëтганимиз янги рукнимизнинг илк сонига Муҳаммад Солиҳ жанобларини таклиф қилдик ва у кишидан Озодлик сайтига келган саволларнинг айримларига жавоб беришни сўрадик.

VIP interview: Муҳаммад Солиҳ (1-қисм)
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:08 0:00


Биринчи савол муаллифи ўзини Мурат деб таништирган муштариймиз.

- Менинг ўзим аъзо бўлган Эрк лидерига саволим бор эди. Нега Ғарбда сизни номингиздан иш кўраëтганлар позитив олишни истаган қочқинларга истаганча справка ëзиб бермоқда? Сизни одам танимасликда - ортиқча ишонувчанликда айблашади - ҳар қандай СНБ жосуси сизни олдингизда номоз ўқиса унга 1000 фоиз ишониб кетаверар экансиз¸ бундан ахир Эрк партияси ва оддий аъзолар ҳам жабр кўрмоқда.

Муҳаммад Солиҳ:
Албатта¸ бу саволда жон бор. Чунки ҳақиқатан ҳам кейинги йилларда¸ хусусан 1999 йилги портлашлардан кейин жуда кўп мухолиф фикрдаги инсонлар Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди ва улар истаб- истамай мухолиф партияси ўлароқ бизга мурожаат қилишди. Ўзларининг мухолиф фикрларини айтгани учунгина тазйиққа учраган инсонлар табиий ўлароқ кўпчилик мухолиф партияси сифатида бизга келишди. Биз ҳам уларнинг кўпчилигига қўлимиздан келганча ëрдам бердик. Ҳатто тавсияномалар ëзиб бердик. Уларнинг кўпчилиги сиëсий мақомни олди. Бир томондан адолатли иш қилиш мақсадида бу ишни қилдик. У ерда зулмдан жабр кўрган инсонларга ëрдам қўлини чўзиш учун қилдик. Аммо бизнинг эзгу мақсадимиздан ўзларининг ғаразли мақсадлари учун қўлланганлар ҳам бўлди. Бу одамлар¸ афсуски¸ кейинги йилларда кўпая бошлади. Чунки кейинги йилларда мухолиф фикрли инсонлар эмас балки оиласига нон топа олмаган¸ иқтисодий жиҳатдан қийналган оилаларнинг аъзолари ҳам Ўзбекистондан қоча бошлади. Уларнинг кўпчилиги Ўзбекистонга қайтиб бормаслик учун¸ чет элда сиëсий мақом олиш учун қўлидан келган барча ишларга бош ура бошлади. Шу жумладан бизнинг партияга ҳам шундай одамлар мурожаат қилди. Бизда уларнинг ҳаммасининг ҳақиқатан мухолифатга алоқаси борлиги ëки йўқлигини текшириб кўришга имкон йўқ эди. Кўпчилигини текшириб кўришга муваффақ бўлдик. Аммо баъзилари бизга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ҳолатда бизнинг баъзи мамлакатларда қурган ташкилотларимиз номидан тавсиянома олганлар ҳам бўлди. Биз буни яширмаймиз. Кейинги йилларда¸ хусусан кейинги икки йил ичида бундай одамлардан партиямизни тозаладик¸ жуда кўпчилигини партиямиздан чиқардик ва бу хусусда ўша мамлакатнинг ҳукуматига билдирдик.

Мени ишонувчанликда айблаëтган дўстларим¸ балки ҳақлидир. Ҳақиқатан ҳам менинг характеримда шундай бир жиҳат бор. Мен инсонларга¸ биринчи навбатда¸ ишонч билан қарайман. Инсонларнинг биринчи навбатда айтаëтган гапида менга тўғри сўзни айтаяпти деб ўйлайман. Бу менинг қусурим бўлиши мумкин¸ лекин мен бу дўстларимизга шуни ҳам хотирлатишим керакки¸ пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ишонувчан одам бўлган. Битта инсон келиб туриб унга битта гапни айтса¸ унга ишонган. Шундай ривоятлар юрадики¸ битта ëлғончи одам келиб “Мени мана шу ерда кут. Мен келаман” деб кетиб қайтиб келмаган. Пайғамбаримиз бир неча кун шу ерга бориб кутиб турган. Шу қадар ишонувчан бўлган. Бизнинг замонимизда пайғамбарларга нисбат қилиниши мумкин бўлган инсонлар йўқ. Шунинг учун шундай яхши фазилат ҳам бизнинг замонамизда қусурга айланди.


Озодлик: Навбатдаги савол муаллифларидан бири ўзини асакалик Ҳожимурод деб таништирган муштарий:

- Маслаҳатлар яхши¸ аммо бир ИШ қилиш вақти келмадимикин? Эрк фирқаси ва унинг аъзолари фаолияти кинода жудаям яхши ¸ асосли тасвирланган экан¸ бундай фирқа айни муддао эмасми биз учун агар биз чинакам ватанпарвар бўлсак? Бирлашув бирлашув деймиз¸ эзгу ният қиламиз аммо қачон ниятдан амалга ўтмоқчимиз?

Айни пайтда ўзини Жанубий Кореядан Темур деб таништирган яна бир муштариймиз ëзаяпти:

- Агар М.Солиҳ жаноблари жиддий ҳаракатларни бошлаб берсалар биз ва бизнинг биродарларимиз сиз билан биргамиз. Қачонгача чидаш мумкин?

Муҳаммад Солиҳ: Бу муштариймиз жуда тўғри гапларни айтган. Холбуки ўша филмда ҳам шунга ўхшаган гапларни биз ҳам айтганмиз. Ҳатто 1993 йилда олинган бир лавҳада айнан шу сўзларни бошқачароқ шаклда камина ҳам айтган.

“Йиғлашни бас қилайлик. Шикоятни бас қилайлик. Гапдан амалга ўтайлик. Бизга на Америка¸ на Россия ëрдам бермайди. Биз ўзимизнинг халқимиз билан олдимизга қўйилган тўсиқларни енгиб ўтишимиз керак” деган гапни ўша филмда айтганман. Бу 17 йил аввал айтилган гаплар. Афсуски¸ бу гаплар бугун ҳам долзарб бўлиб қолаяпти. Баъзи бир инсонлар бу ҳақиқатга 1993 йилда етган бўлса¸ баъзи бир инсонлар орадан 17 йил ўтиб етаяпти. Аммо етаяпти. Шу ҳақиқатга келиб тўхташаяпти ва бу нарса, албатта, қувонарли ҳол. Демак халқимиз бизнинг ëки умуман вақтнинг¸ у ердаги иқтисодий аҳволнинг¸ сиëсий аҳволнинг таъсири оқибатида мана шу режимнинг ўзгариши кераклиги ҳақидаги радикал бир фикрга келиб тўхтаяпти. Бу жуда қувонарли ҳол. Халқнинг уйғониш тўлқинидан биз, албатта, фойдаланишимиз керак. Халқнинг озодликка бўлган мутаважжуҳини тўғри йўлга солиш учун бизнинг сиëсий идрокимиз¸ сиëсий ақлимиз иншооллоҳ етарли. Оллоҳнинг изни билан биз бундан халқимиз манфаати йўлида фойдаланамиз.


VIP interview: Муҳаммад Солиҳ (2-қисм)
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:18 0:00


Озодлик: Эрк ин юрт дан Қаландар сўраяпти:

- Бир гавданинг бир боши бўлади. Муҳаммад Солиҳни мен бошчи деб биламан. Шу ўринда бир саволим бор эди Муҳаммад Солиҳга – мен Москвадаман кимга мурожаат қилай?

Муҳаммад Солиҳ: Москвада бизнинг аъзоларимиз жуда кўп. Москванинг атрофидаги вилоятларда ҳам¸ провинцияларда ҳам жуда кўп эркчилар бор. Биз улар билан доимий контактдамиз. Бу ҳақда Эрк сайтининг администраторига ëзсангиз¸ у сизга конкрет адрес беради. Ўша ерга бориб партия аъзолиги ëки ташкилий масалалар ҳақида бемалол гаплашишингиз мумкин. Бизнинг ташкилотимиз Москвада ишлаяпти.


Озодлик: Ўзини Молиявий тавсия деб таништирган муштарий Сизга мурожаат қилмоқда:

- Банк ҳисоб рақамини очинглар эркчилар! Имкони борлар кўпроқ¸ имкони йўқлар 5-10 доллар юборса ҳам 10 000 одам юборса – 100 000 бўлади (баъзи бир маълумотларга кўра 5-7 миллион одам четда юрибди – агар 50 % пул юборса пул йиғилиб қолади).

Муҳаммад Солиҳ: Жуда яхши тавсия. Биз бу хусусда йилларча гапираяпмиз. Афсуски¸ кейинги 10 йил ичида партиянинг ҳатто доимий аъзолари берадиган взносни мана шу парокандаликда¸ тазйиқ¸ таъқиб остида яшаëтган ташкилот ўлароқ олмадик. Чунки ҳар қандай ташкилот¸ биласиз¸ моддий базаси бўлмаса¸ фаолияти ҳам суст бўлади. Шу жиҳатдан бизнинг фаоллигимизнинг сустлашувида молиявий фактор ҳам жуда катта рол ўйнади. Бир йилдирки биз буни тўғирлашга ҳаракат қилаяпмиз. Фаолларимиз бу маънода¸ соғ бўлсинлар¸ бизга қўлидан келганча анча ëрдам беришаяпти. Партия ўлароқ бизнинг бойларимиз¸ миллиардерларимиз йўқ. Лекин оддий халқ ҳам ўзининг ишлаган маошидан ëки топган пулидан имкони борича ажратиб¸ фаолиятимизни юритишда бизга ëрдамчи бўлаяпти. Бундан бир йил аввал биз “13 май иттифоқи” деган иттифоқ туздик. Бу иттифоққа Эрк партияси¸ “Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилоти ҳамда “Таняч” ташкилоти кирди. Яна иккита ташкилот билан биз мулоқот олиб бораяпмиз. Балки булар ҳам иттифоққа аъзо бўларлар. Бизнинг платформамиз иттифоқ ҳисобига анча кенгайди ва учта ташкилот мана шу иттифоқнинг моддий базасини яратиш учун бирга ишлашаяпти. Анча-мунча муваффақиятли баъзи тадбирларни бошладилар. Бу нарса¸ иншооллоҳ¸ бутун иттифоқнинг фаолиятида¸ хусусан мамлакат ичкарисида анча фойдали бўлади деб ўйлаяпмиз¸ умид қилаяпмиз.


Oзодлик: Эрк партиясига азъо бўлмаса-да¸ сизларга тарафдор бўлганлар партия фаолиятини қўллаш учун пул юбормоқчи бўлса¸ партия банк ҳисоб рақамини қаердан топишлари мумкин?

Муҳаммад Солиҳ: Ҳозир бизнинг битта контакт марказимиз бор. Дунëдаги бутун жамоатчиликка маълум бўлган нарса бу Эрк партиясининг сайти. Моддий сабабларга кўра бизнинг газетамиз икки йилдан бери чиқмай қолди. Ҳозир www.uzbekistanerk.com сайти очиқ. Ташкилий масалалар¸ молиявий масалалар бўйича позицияларини ўша ерга юборишлари мумкин. Бу ерда бу масалаларда ишлайдиган дўстлар бор. Улар керакли жавобни уларга¸ албатта¸ беради. Дўстларимиз керакли тавсияларни ўша ердан олишлари мумкин.


Озодлик: Сайтимизнинг фаол шарҳловчиси Дукчиэшон сўраяптилар:

- Нима учун биз электрон сим тўр (интернет назарда тутилмоқда) дан фойдаланиб ЭРК партияси атрофида жипсланиш имкониятларидан ҳам унумли фойдаланмаётибмиз?

Муҳаммад Солиҳ: Бу жипслашиш имкони борича қилинаяпти. Аммо биласиз Эрк партиясининг сайти Каримов режими душманларининг рўйхатида биринчи ўринда туради. Ўзбекистонда 200 га яқин сайтни ëпилган дейишаяпти. Бизнинг сайтимиз ўша рўйхатнинг биринчи ўрнида турган сайтлардан бири. Ўзбекистон ичкарисида прокси орқали ëки бошқа айланма йўллар билан кираëтган бизнинг фаолларимиз¸ аъзоларимиз бор. Аммо булар жуда озчиликни ташкил қилади. Албатта¸ бу етарли эмас. Бизнинг ҳозирги стратегиямиз бутун ҳаракатни фақат ташқарида - Европанинг турли шаҳарларида¸ Америкада¸ Канадада эмас¸ балки Ўзбекистоннинг ичида бу тадбирларни кўпайтириш¸ ўша ерда халққа партияни танитиш. Бу маънода кейинги тўрт-беш ой ичида анча ташкилий ишларни тайëрладик ва яқинда бизнинг халқимиз бизнинг бу пропаганданинг мевасини кўради¸ сизлар ҳам эшитасизлар. Бизнинг чиқарган газеталаримиз¸ CD ларимиз кенг миқëсда тарқалиши учун бутун имконларни яратдик. Ҳозир ҳукуматнинг бизга қўйган тўсиқларини ошиб ўтиш имконларини топдик. Худо хоҳласа¸ яқинда халқимиз биздан кўп муждалар олади¸ деб умид қилаяпмиз¸ иншооллоҳ.


Озодлик: Ўзига Тавсия деб ном қўйган ўзбекистонликлардан бири ëзибди:

- Интернет бўйича мутахассислар борми? Маълумотларни кенг тарқатиш учун Listserve тузинглар. Harvard шундай listserveга эга.Кириб қараб қўйинглар. Фақат хавфсзиликни таъминлай оладиган мутахассисларни топиш керак.
Мен пресс-релизлар ëзишим мумкин.Қаерга юборишни айтинг - sample (намуна) юбораман.

Муҳаммад Солиҳ:
Жуда яхши савол ва бизга бугун керакли савол. Бизнинг мутахассисларимиз бор¸ аммо жуда оз. Мухолифатдаги партия катта бир ҳукуматнинг юритаëтган сиëсатини танқид қилишга ва халққа алтернатива тақдим қилиш учун бел боғлаган бир партия учун бизнинг имконларимиз жуда чекланган ва шу маънода интернет соҳасида ишлайдиган мутахассисларимиз ҳам кам. Лекин мутахассисларимиз бор. Бу дўстимизга менинг маслаҳатим шу: бизнинг сайтимиз билан боғланса ва ўзининг тавсияларини бизга ўша ерда тақдим қилса¸ биз бундан миннатдор бўламиз. Бизнинг сафимизга яна бир шундай фаол қўшилганидан хурсандмиз.


Озодлик: Шу ўринда¸ Озодлик сайтида шарҳ қолдираëтганлар Эрк сайтида форум имкони қачон очилади¸ деган савол жавоби билан ҳам қизиқаëтганларини айтиб ўтиш лозим. Бу борада бирор ҳаракат борми?

Муҳаммад Солиҳ: Форум масаласини биз мана шу кунларда маслаҳатлашиб ўтирган эдик. Ҳозир ўшани қилишга бошлашган ва қисқа фурсат ичида бу форум ишлай бошлайди. Бу форумда бугун Озодликда қатнашаëтган дўстларимиз¸ биродарларимиз бемалол қатнашишлари мумкин. Форум мутлақо бизга зарур. Айниқса¸ сўнгги йил ичида мухолифатга бўлган таважжуҳ¸ интилиш жуда кучайди. Форум яқинда бўлади¸ иншооллоҳ.

VIP Interview part: Муҳаммад Солиҳ (3-қисм)
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:50 0:00


Озодлик: Озодлик форумидаги шарҳловчилар "Қуролсиз кишининг озодлиги" филмида мустақил Ўзбекистоннинг кейинги 20 йиллик сиëсий тарихи¸ хусусан Ислом Каримов сиëсатига оид бор ҳақиқат акс этган. Агар кенг халқ шу филмни кўрса¸ у ўз ҳақлари учун курашга бел боғлайди¸ деган фикрларни ëзмоқда. Аммо ўзини Аноним деб таништирган муштарий “Ўзбек халқи ҳеч қачон ўз ҳақлари учун ўрнидан қўзғалмайди. Ҳатто бу филм бутун халққа кўрсатилганда ҳам¸ кўтарилмайди“ деб ëзибди. Ўзбек халқининг ожизлиги¸ унинг сиëсий сустлиги ҳақидаги бундай танқидларга нима дейсиз?

Муҳаммад Солиҳ: Кучли бўлмаганда эди¸ 20 йилдан бери давом этаëтган¸ ташқаридан қараганда самарасиздек кўринган кураш сафида мен бўлмаган бўлардим. Аввал Оллоҳ¸ кейин менинг халқим. Унга бўлган ишончим турибди ва бу курашни Оллоҳнинг изни билан сўнггигача¸ бутун халқимиз кутаëтган муваффақиятгача давом эттиришга мен ҳозирман. Менинг сафдошларим ҳам бу борада ҳеч қандай тараддудсиз. Балки биз бугун озчиликмиз¸ аммо потенциал ўлароқ бизга қўшилиши мумкин бўлган халқни кўз олдимизга келтирсак¸ келтира олсак¸ биз бу каби умидсиз киноялардан қочган бўлардик. Бундай умидсиз қарашлар бизнинг халққа бўлган ишончимизни ҳеч бир шаклда заифлата олмайди.

Албатта¸ зоҳиран Каримов режими ҳали ҳам кучда. Ҳатто Ғарб ҳам Каримовга бўлган сиëсатини юмшатди. Гўë Каримовнинг бутун ишлари яхши ва унинг атрофидаги мулозимлари Каримовга содиқ. Бутун воқеалар гўë Каримовнинг фойдасига бўлаëтгандай кўринаяпти.

Аммо бошқа бир ботиний реаллик ҳам бор. Бу маконнинг ботиний реалликда ўзининг бошқа программаси бор. Бу макондаги бўлаëтган программани битта Оллоҳ билади. Халқининг озодлигини ичидан ҳис қилган фидойи курашчиларимизннинг туйғулари бизнинг ҳеч бир шаклда курашдан чекинишимизга йўл бермайди.

Биз биламизки¸ бу тузум мутлақо йиқилади. Ҳокимиятдан шармандаларча кетади. Бизнинг бунга ҳеч бир шубҳамиз йўқ. Бизнинг қадимги боболаримиз “Бу йўлда иккита йўл бор. Ë ғозий¸ ë шаҳид” дейишади. Бошқа учинчи йўл йўқ. Биз мухолифатни фақат ҳокимиятга интилиш учун¸ Каримовнинг ўрнини олиш учун эмас¸ балки халқимизни авваламбор шу зулмдан озод қилиш учун йўлга чиқдик. Бунинг учун биз жонимизни ҳам аямаймиз. Биз буни қилган ҳаратларимиз¸ сўзларимиз билан бугунгача исботлаб келдик ва бундан кейин ҳам шу ишни амалга ошириш учун қўлимиздан келган бутун ишни қиламиз¸ иншооллоҳ.


Озодлик: Ўзини Лондондан Жон деб таништирган танқидчингиз ëзаяпти:

- Намунча мана шу Солиҳни осмонларга олиб чиқиб қўясизлар¸ ким қаерга судраса ўша ерга кевавермайлик¸ озгина ўйлайлик. Бу одам битта шоир бўлса¸ кейин Буям ҳақиқий СССРнинг одами. Каримов кўрган тарбияни буям кўрган. Кейин бу одам жуда Амални яхши кўрадиганга ўхшайди¸ 19 йилдан бери чиранади президент бўлишга... яна бу президент бўлса буниям қарғаб юрамизми ўлсин деб... Бирорта ëшроқ¸ ривожланган давлатларда малака оширган одам келишини чин дилдан хоҳлардим....

Муҳаммад Солиҳ: Амални севиш масаласига келсак¸ саволнинг инсонларда гумон уйғотиши мумкин шу қисмига келадиган бўлсак¸ мен аввалги муносабатимни¸ ҳозирги муносабатимни¸ умуман халқимизга бўлган муносабатимни 20 йил давомида доим намойиш қилиб келдим. Энг сўнгги¸ кўзга кўринган¸ ҳамма билган ва эшитган бу хусусдаги ҳаракатим 1992 йилда Каримов билан Каримовнинг саройида учрашганимизда¸ Каримов менга таклиф қилган лавозимларга бўлган муносабатим эди. Буни балки 1993 йилдан кейинги ëшлар билмас. 1993 йилда Ўзбекистондаги сиëсий вазиятни кузатиб борган ва Ўзбекистондаги аҳволни билган инсонларнинг ҳаммаси Каримовнинг бу таклифига қандай жавоб берганимни билади. Каримов 1992 йилда менга ҳукуматга киришни ва ўзидан кейинги иккита катта лавозимдан биттасини менга беришни таклиф қилган. Мен буни рад қилганман. Нега? Чунки мен бу сиëсат майдонига лавозим учун эмас¸ балки халқимга хизмат қилиш учун¸ янги бир демократик ва ҳур давлат қуриш учун¸ халқимнинг озодлигини таъминлайдиган тузум яратиш учун¸ бутун миллатлар қаторида ўз халқимни озод кўриш учун сиëсат майдонига кирдим. Мен ўз мақсадимни¸ ўз ғоямни битта лавозимга¸ Бош вазирлик¸ вице-президентлик лавозимига алмаштирадиган даражада калтабин одам эмас эдим ва бугун ҳам шундай одам эмасман. Буни мени таниган бутун дўстларим билади. Буни мени таниган бутун душманларим ҳам билади. Буни бугун тахтда ўтирган Каримов ҳам яхши билади. Шунинг учун ҳам Каримов ва унинг атрофидагилар Эрк партиясидан қўрқишади. Чунки бизни на лавозим билан¸ на пул билан¸ на-да бошқа бир моддий қиймат билан сотиб олиш мумкин. Бизни сотиб олиш мумкин эмас. Биз фақат халқимизнинг манфаатини кўзлаб¸ халқимиз учун хизмат қилишимиз мумкин. Халқимиз учун яшашимиз мумкин ва керак бўлса¸ халқимиз учун ўлишимиз мумкин.


Озодлик: Жанубий Кореядан Муслим деб таништирган муштарий сўраяпти:

- Интернет орқали тарқатиш керак бу видеони ("Қуролсиз кишининг озодлиги" ҳужжатли филми назарда тутилмоқда). Лекин минг афсуслар бўлсинким¸ республикамизнинг кўпчилик аҳолисида интернетдан фойдаланиш имкони йўқ! Шунинг учун ўзимиз бир йўлини топайлик.

К+ телеканали эфир пайтида ҳужумга учрагани боис кенг халққа етиб бормаган бу филмни бошқа каналлар орқали кўрсатиш имконлари кўрилаяптими?

Mуҳаммад Солиҳ: Мен шу хушхабарни беришим мумкин. Ўзбекистондан олаëтган хабарларимга кўра¸ инсонларнинг ўзлари интернетдан парча-парча қилиб олиб¸ ҳатто эркчи бўлмаган инсонлар бу филмни халқнинг орасида тарқата бошлади. Мен юзларча бундай хабар олдим. Бу филмнинг ҳаммасини бўлмаса ҳам парча-парча кўрган одамлар хурсанд бўлиб¸ бизни табриклаб хатлар ëзишаяпти. Бу филм ҳозир Ўзбекистонда тарқала бошлади. Бу филмга Каримов режими тўсиқ қўя олмайди. Иншооллоҳ шу яқин орада бу филмни бутун халқимиз кўради.


Озодлик:
Бугунги суҳбат сўнггида "Қуролсиз кишининг озодлиги" ҳужжaтли филмини кўриш орқали ўзлари учун мухолифатдаги Эрк партияси ва унинг лидери Муҳаммад Солиҳни кашф этган янги тарафдорларингизга айтар гапингиз бўлса¸ марҳамат.

Муҳаммад Солиҳ: Ҳар бир нарсанинг умри бўлади. Инсоннинг умри бўлади¸ давлатнинг ҳам умри бўлади¸ сиëсий режимларнинг ҳам умри бўлади. Каримов режимининг ҳам умри бор. Бу умр Оллоҳ томонидан бичилган. Менимча¸ шу умрнинг сўнгги келаяпти. Бу сўнг Каримовнинг сўнгги¸ унинг ҳамтовоқларининг сўнгги¸ иншооллоҳ¸ халққа ўтказилаëтган катта бир зулмнинг сўнгги бўлади. Ўзбек халқи шу зулмнинг сўнггига тайëрланиши керак. Бу зулм¸ иншооллоҳ¸ халқнинг елкасидан тушади ва халқ мутлақо ўз озодлигига эришади. Мен шуни истардимки¸ халқимиз шу озодликка эришган пайтида бугун унинг ўша озодлиги учун курашган¸ йўқликда¸ йўқсилликда¸ машаққатлар ичида¸ қувғинда¸ таъқибда юрган бизнинг сафдошларимизга ўхшаган инсонларни¸ халқи учун ўзининг жонини аямай курашган фидойи ўғилларини халқимиз унутмасин. Бугун мухолифатчи бўлиш у қадар шарафли иш бўлиб кўринмаслиги мумкин. Аммо шундай бир кун келадики¸ “Мен ҳам мухолифатчи эдим” дейиш учун инсонлар баҳона ахтаради. “Мен ҳам фалон хўрланган инсоннинг ëнида эдим. Мен ҳам ўша инсон учун ўзимни рискка қўйиб¸ оиламни рискка қўйиб фалон ишни қилдим” дейишни орзу қиладиган инсонлар пайдо бўлади. Бу кунлар¸ иншооллоҳ¸ яқин.

Бугун ҳақоратга¸ кинояга чидаб ҳали ҳам ўзининг мақсадидан воз кечмаган мухолифатчи дўстларим¸ янги тарафдорларимга мен шуни айтмоқчиманки¸ озгина сабр қилинглар. Фақат сабр эмас¸ озгина ишлайлик. Тонгга оз қолди. Тонг яқин. Биз бу тонгга юзимиз оқ- ойдин¸ қалбимиздаги пок ниятлар билан гўзал бир шаклда чиқайлик.
XS
SM
MD
LG