Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:52

Каримов учун ҳозирланган байрам кечиктирилди


Ҳафта сўнггида Тошкент боғларига чиққан шаҳарликлар милиционерларнинг оломондан кам эмаслигига гувоҳ бўлдилар.
Ҳафта сўнггида Тошкент боғларига чиққан шаҳарликлар милиционерларнинг оломондан кам эмаслигига гувоҳ бўлдилар.

Ҳар йили Тошкентдаги Алишер Навоий номли миллий боғда ўтказиладиган Наврўз тантанаси бу йил ўтказилмади. Ислом Каримов учун бериладиган бу концерт ҳозирча ўтказилмаган бўлса-да, 21 март куни шаҳар маркази хавфсизлик кучлари томонидан ўраб олинди.

Тошкентда ҳар йили Наврўзга бағишлаб ўтказиладиган концерт ўтказилмади. Одатда бу концертларда Ислом Каримов иштирок этар ва одатда бу тантана Ислом Каримовнинг рақси билан ўз кульминациясига етар эди. Минг бир чиғириқдан ўтказилиб, соатлаб текширилиб концертга киритилган одамларни сон-саноқсиз Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари назорат қилиб туришарди. Камида ҳар уч одамнинг бири формасиз соқчилар бўладиган бу концерт бу йили 20 март куни ҳам, 21 март куни ҳам бўлмади.

Концерт ўтказилмаслигининг биринчи тахмини сифатида ҳафта охирида об-ҳавонинг совуб¸ ëмғир аралаш қор ëққани айтилмоқда. Иккинчи сабабнинг эса, асосий меҳмон Ислом Каримовнинг кайфияти ёки саломатлиги билан боғлиқ бўлиши тахмин қилинмоқда.

Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигининг Озодлик боғланган расмийси концерт нима сабабдан қолдирилганлигини изоҳлаб бера олмади. Унинг айтишича, Наврўзга бағишланган концерт 23 март куни ўтказилади.

- Мен аниқ билмадим ака. Эртага бўлса керак.

Озодлик: Эртага бўлади?

- Шунақа бўлиши керак.

Озодлик: Бўладими ëки бўлмайдими? Шуни билмоқчиман.

- Бўлади¸ деди Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги расмийси.

Гарчи 21 март куни концерт бўлмаган бўлса ҳам, бироқ Ислом Каримовнинг қўққисдан концертни ташкил ҳақида буйруқ бериб қолиши мумкинлиги эҳтимолидан, ўша куни Оқсаройдан Алишер Навоий боғига олиб бориладиган барча йўллар эрталабдан кечгача милициянинг қаттиқ назоратида бўлиб, ёпиб қўйилган.

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи қария Абдуманнон Холжўраевнинг Озодликка айтишича, улар ўша куни кампири ва яна уч-тўрт киши билан марказда бўлишган. Бироқ тўсилган жойдан ўтаман¸ деганда милиция ходими унга газ сепиб тўхтатиб қолган.

Абдуманнон Холжўраев: Бу томондан¸ президент девони томонидан кирамиз¸ десак қўйишмади. Менимча¸ мустақиллик майдонини ўраптида¸ кирадиган жойлар қўйиб қўйибди. Кирадиган жойларига ОМОН қўйиб қўйибди. Ҳаммаси қуролланган. Битта чизиқ тортиб қўйибди. “Ўтсаларинг отаман” деди. 12 қаватли Матбуот уйи бўларди. Ўшанинг орасидан кирадиган жой бор. Ленинград кўчаси дейиларди. Ўшандан мен кирмоқчи бўлдим¸ қани отсинчи деб. Ëнимда янгангиз эди. Орқада аëллар¸ бир-икки киши эркак эдик. Юзимизга бир нарса сепди. Менимча¸ газ бўлса керак.

Озодлик: Ким сепди?

- ОМОН. Кейин йўталиб ҳаммамиз юра олмай қолдик. Нафас олиш қийинлашиб кетди. Халқлар дўстлиги майдонини биласиз. Ўшандан тортиб ҳаммаси берк. Ўралган. Ҳаттоки анави Миллий парк борку¸ Комсомолский парк¸ ўша ҳам ўралган. Ўша томонга метродан чиқиш тунели бекилган. Фақат Самарқанд дарвоза томон очиқ. И то милициялар турибди. Метродан чиққанни текшириб чиқариб турибди¸ дейди Абдуманнон Холжўраев.

Абдуманнон Холжўраев ўша куни туни билан йўталиб ухлолмай чиққани, 22 март куни эса докторга мурожаат қилганини айтади. Суҳбатдошимиз¸ докторнинг ўзига газдан заҳарланиш ташхисини қўйганини қўшиб қўйди.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоят ва туманларида 21 март куни Наврўз тантаналари бўлиб ўтди. Сирдарёлик Алишерга кўра, бу сайилларга чўнтагида пули борлар чиққан.

- Ўзимнинг танишларим орасидан кўпчилиги чиқмади. Чунки шароити кўтармайдида. Менинг бир 10-15 нафар одамларим бор. Ўшалар билан шу темада гаплашган эдим. “Йўқ¸ биз чиқмаймиз. Бизга қизиғи ҳам йўқ. Борган билан нима қилиб берамиз? Болаларнинг кўнгли оғрийди” деган маънодаги гаплар айтишди. Шароити бўлганлар чиқиб юрибди. Эркаклар чойхонада¸ аëллар болалари билан байрамда. Ҳофизлар чиқди¸ ашула айтди. Кўчада расталар қилинадида. Пишириқлар¸ ўйинчоқлар сотилади¸ дейди сирдарёлик Алишер.

Тўйтепалик Наримон эса одамларнинг кўзларида байрам қувончи эмас, аллақандай бир маҳзунлик кўрганини айтади:

- Мен оқни оқ¸ қорани қора деб айтиб ўрганган одамман. Ҳозирги иқтисодий қийинчилкик шароитида байрам одамларнинг кўнглига сиғмайди. Масалан¸ менинг ҳам. Мана бир мисол келтирмоқчи эдим. 8 март халқаро хотин-қизлар байрами куни битта аëлни “Опажон¸ 8 март байрамларингиз билан” деб табрикласам¸ “Қанақа байрам?” деб ҳайрон. Ҳалиги аëл тирикчилик ғамида¸ шу бола-чақани боқишнинг дардида юриб¸ бозорда бозор қилаëтган аëл эдида¸ одамларнинг юзида кайфият кўрмадимда мен. Иқтисодга боғлиқда бу.

Бир куни битта одамдан “Гўшт-пўшт олиб еб турасизларми?” деб сўрасам¸ “Йўқ. Биз Қўйлиқ бозоридан рагу олиб келамиз. Рагу бу қўйнинг ëки молнинг суяги. Ўшани қозонга солиб қайнатиб олиб¸ суягини олиб¸ сувини холодилникка солиб қўйиб¸ овқат қилганимизда бир чўмич¸ икки чўмичдан солиб¸ гўштнинг таъмини бергандай қилиб овқат қилиб еймиз” деди. Биласизми¸ инсоният ўзини ўзи алдаяптида. Кайфият йўқ¸ йўқ¸ йўқ. Инсоннинг кўзига қараб туриб¸ унинг руҳиятини билса бўлади. Одамларнинг кўзи сўлғин¸ юрагига ҳазил ҳам сиғмайди. Асабийлашиб кетган¸ дейди Наримон.

Унинг айтишича, оч қоринга мусиқа ҳатто Афандига ҳам ёқмаган.

- Ҳалиги Афанди тўғрисида. Эшитган бўлсангиз. Афандидан “Хўжа Насриддин. Сизга қандай мусиқа ëқади?” деб сўрашса¸ Насриддин Афанди “Қорним очганда менга капкир билан қозоннинг тақир-туқури ëқади” деган экан. Ҳозир шунақа ҳолатки¸ қорни тўқнинг қорни оч билан иши бўлмай қолаяпти. Одамлар фақат ўзини ўйлайдиган бўлиб қолаяпти. Юксак маънавиятга эришамиз деб гапирилаëтган баландпарвоз гапларнинг ҳаммаси ноўрин. Ҳаммаси иқтисодга тааллуқли. Одамлар ишли бўлса¸ иқтисоди яхши бўлса¸ қийинчиликлардан фориғ бўладиган бўлса¸ ўшанда инсоннинг юзида табассум¸ хушчақчақлик¸ келажакка умид учқунларини кўрса бўлади. Менинг шахсий фикрим шу¸ дейди Наримон.

Тошкентда ҳар йили Нарўзга бағишлаган катта концерт ўтказиладими ёки йўқ, бу номаълумлигича қолмоқда. Ўз исмини ошкор қилишни истамаган бир санъаткорнинг айтишича, улар бир неча кундан буён шай ҳолатда турибдилар - тепадан буйруқ бўлиши билан¸ фақат Ислом Каримовга аталган концерт бошланади.
XS
SM
MD
LG