Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:30

МХХ халққа рақсга тушишни ўргатди


Олдиндан эълон қилинмай туриб¸ 23 март куни қўққисдан ўтказилган Наврўз тантаналарида бу йил одатдагидан фарқли нафақат президент Ислом Каримов¸ балки унинг байрамига шерик бўлган "халқ" ҳам бахтиëрлик ва шукроналикдан тинимсиз рақсга тушди.

23 мартдаги Нарўз тантаналарида иштирок қилган тошкентликлардан бири байрам тугаши ҳамоно Озодликка шундай мактуб йўллади:

"Сизлар мунозара қилаëтган бир пайтда ўзбек халқининг бир қисми Наврўз байрамида СНБ установкаси бўйича рақсга тушмоқда. Разнарядка билан мени ҳам майдонга юборишди. Текширувдан ўтиб майдонга кирдим. Чўнтакларимни тўғнағич билан тикиб қўйишди¸ қўлингни киссага тиқсанг отиб ташаймиз¸ деб тепада турган снайперларни кўрсатишди. Кейин айтишдики¸ четда ўтирган одам қўлини кўтариши билан рақсга тушасан дейишди. Кампирлар¸ чоллар¸ жувонлар ҳамма СНБ ишораси билан танца қилиши керак эди."

Ўзбекистон телеканалларини тўлдирган гўзал манзара - ҳашаматли¸ ранго-ранг байрам ортидаги асл тасвирга оид кичиккина бу чизги¸ унинг юзига тортилган бахтиëрлик пардаси ортига назар ташлашга ундади.

Қибрайлик Ғофиржон аканинг жиянлари ҳам байрам тантаналарида иштирок қилишди. Ғофиржон акага кўра, улар ҳам ўз яқинларига махсус «дирижёрлар» борасида гапириб беришган.

- Авваллари ҳамма жимгина ўтирарди. Энди ўйнайсан¸ деган приказ чиққан. Президентга яхши кўринаман¸ деб ўйнашаяпти энди. Бу ёқда «дирижёр» туради. Қўлини кўтариб: «Ўйнанглар» деб команда беради. Кейин ҳамма ўйнайди. Томошабинларни ўша дирижёрлар бошқаради, дейди Ғофиржон ака.

Мутасадди идоралардан бирида фаолият кўрсатувчи Жасур Юсупов Ўзбекистондаги махсус байрамлар сценарийларидан яхши хабардор.

Жасур Юсупов байрам тантаналарида саҳна ортида бўладиган томошаларнинг жуда ҳам кулгули бўлишини айтади.

- Бу байрамда асосан кимлар қатнашади? Булар давлат ташкилотлари, асосий, шу вазирликлар, давлатга қарашли муаасса ва ташкилотлар ходимлари ҳисобланади. Байрамни ўтказадиган ташкилий қўмита томонидан шу ташкилотларга запрос берилади. Иштирокчиларнинг рўйхати сўралади. Бир ой аввал уларнинг рўйхати олиниб, исм фамиляси, қаерда ишлаши, лавозими, яшаш жойи аниқланиб, махсус органлар томонидан текширилгандан сўнггина уларга таклифнома берилади. Кейин байрам куни эрталабдан уларни бир хонага олиб кириб репетиция бўлади. Майдонда ўзини қандай тутиш кераклиги борасида. Ким туриб ўйнаши керак, ким ўтириши керак. Булар ҳаммаси аввалдан репетицияда маълум бўлади. Кейин байрам майдонига кириш ҳам осон эмас. Байрам куни хавфсизлик жуда ҳам кучайтирилади. Ҳамма ёқ милиция ходимлари томонидан ўраб олинади. Иштирокчилар уч марта текширувдан ўтадилар. Биринчи кириш жойида, ўртада ва саҳнага чиқиш жойида. Кейин махсус хизмат органларида ишловчи 24 - 25 ёшлар атрофидаги 50-60 нафар ўғил ва қизни фуқаролик кийимида одамлар орасига ёйиб ташлашади. Томошабинлар ўз ёнида ким ўтирганини билишмайди ҳам, дейди Жасур Юсупов

Тошкентда яшовчи Расулбек ҳам байрам танталарида бўладиган хавфсизлик чоралари билан боғлиқ машмашалардан хабардорлигини айтади.

- Биринчидан¸ у ерга сумка кўтариб кириш мумкин эмас. Иккинчидан¸ у ерда ҳамма ёғингизни текшириб чиқади. Уст бошу ҳаттоки пайпоққача текширади. Назорат ниҳоятда кучли бўлади. Юқориларда снайперлар ўтиради. Костюм - шимда СНБчи акаларимиз автоматнинг учини чиқариб атрофни айланиб юришади. Ҳар бир қаторда битта эмас 4-5 тадан махсус хизмат ходимлари ўтиришади. Улар СНБ ёки терроризмга қарши кураш ходимлари бўлишади. Улар томошабинлар орасида бўлади. Бирорта иштирокчи шубҳали кўринадиган бўлса¸ чеккага тортишади, дейди Расулбек.

Қибрайлик Ғофиржон байрам тантаналари нишонланадиган майдон атрофида яшовчи одамлар ҳам тантана куни анча мушкул аҳволга тушиб қолишларини айтади.

- Истиқлол санъат саройи ёнидаги 9 этажли уйни тепасида ўнлаб снайперлар ўтиради. Уйингизга кира олмай ўтираверасиз кўчада. «Ойнадан қараманглар» дейди. Ўша жойда оғайниларим туришади. Байрам куни нима қилишлари билмай ҳалак бўлишади. «Кириб- чиқмай, ҳамманг уйингда ўтир» деган буйруқ бўлади, дейди Ғофиржон ака.

Шу каби саҳна орти томошалари натижасида амалга ошган 23 март кунги Наврўз тантаналаридан энсаси қотган Ғофиржон ака бу каби носамимий байрам тадбирларига қарши эканлигини айтади.

-Мен энди буни яхши қабул қилмайман. Байрам қачон қилади одам? Бир, яхши яшаса, тўқ яшаса. Бу байрам “Аза устида тўй” дегандай гап. Кеча ҳамма ўйнаяпти, президент ҳам ўйнадилар. Лекин ҳамманинг ўйинидан унинг сунъий экани билиниб турибди. Мени кулгим қистайди. Байрам деганда бутун халқ кўчага чиқиб, овқатланиб, шашлик еб, ўйнаб- кулишни мен байрам деб тушунаман. Байрам тантаналарига оддий халқ киргизилмайди. Байрамда қарасангиз ҳар йили бир хил башаралар, бир хил одамлар..., дейди қибрайлик суҳбатдош.

Ҳар йили Наврўз тантаналарида давранинг тўрини эгаллаб келганлардан бири, Ўзбекистон халқ қаҳрамони Абдулла Орипов бу йилги тантаналарни уйда ўтириб, телевизор орқали томоша қилишига тўғри келди.

Озодлик: Абдулла ака, кеча сиз ҳам байрамда иштирок қилдингизми?

Абдулла Орипов:
Йўқ. Мен уйда бўлдим.

Озодлик:
Байрамни телевизор орқали кузатдингизми?

Абдулла Орипов:
Ҳа.

Озодлик: Кечаги байрам ҳар йилгидан ўзгача бўлди-а?

Абдулла Орипов:
Яхши, ҳа яхши.

Озодлик:
Байрам тантаналари сизда қандай таасурот қолдирди?

Абдулла Орипов:
Синглим мен ҳозир жуда бандман. Мени безовта қилманг… (Шундай дея Ўзбекистон халқ қаҳрамони хайр-маъзурни ҳам насия қилиб гўшакни илиб қўйди).
XS
SM
MD
LG