Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:38

Москва 30 мартда мотам тутди


Москва метросининг икки станциясида амалга оширилган икки портлашнинг 39 қурбони хотираси ҳурмати кеча, 30 март Россия пойтахтида расмий мотам куни сифатида ўтди. Шу куни Давлат идоралари пештоқларидаги байроқлар тушириб қўйилди.

Москваликлар портлашлар юз берган жойлар атрофида марҳумлар учун шамлар ёқди, улар ҳурматига гуллар қўйди.

Пойтахтда хавфсизлик чоралари кучайтирилди, метро бекатларида қуролли милиционерлар соқчилик қилди.

Москва метроси дунёдаги энг тирбанд транспорт воситаларидан бири бўлиб, унинг поездлари кунига 6 миллион йўловчини манзилига етказади.

Ҳужум объекти бўлган икки станциядан бири – Маданият боғи бекати яқинда гул сотувчи аёл Татьяна 29 март кунги портлашни даҳшат билан эслайди:

- Қаттиқ яраланган бир йигитни кўрдим, кейин бир қизни, жудаям қўрқинчли бўлди. Қий-чув бўлиб кетди. Ҳаммамиз учун оғир кўргилик бўлди, дейди Татьяна

Лубянка станциясидаги портлаш 23, Маданият боғи станциясидагиси 12 кишининг ҳаётини олиб кетди. Қолганлар касалхонада жон берди.

Президент Медведев душанба куни кечқурун воқеа жойига бориб, гул қўйганидан сўнг:

- Бу ишни қилганларни одам деб ҳам бўлмайди. Ҳайвонлардир улар. Қандай мотивлардан келиб чиққан бўлмасинлар, улар қилаётган иш ҳар қанақасига жиноятдир. Биз, шубҳасиз, уларни топиб, ҳаммасини йўқ қиламиз, деди.

30 март куни Медведев терроризмнинг олдини олиш тўғрисида янги қонун қабул қилишга чақирди.

30 март куни ҳам портлашлар учун масъулиятни бирон бир гуруҳ ўз зиммасига олиши тўғрисида баёнот бермади. ФСБ раҳбари Александр Бортников эса воқеа юз берган куниёқ портлашларни Шимолий Кавказ билан алоқаси бор шахслар амалга оширганига ишониши тўғрисида баёнот берган эди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг фикрича, портлашларни уюштиришга Афғонистон-Покистон чегарасидаги жанггарилар ёрдам берган бўлиши мумкин.

Бу фикрни Лавров душанба куни "Катта саккизлик"ка аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Квебек учрашувида билдирди.

Россия маъмурлари ўзларини метрода портлатган икки аёл билан алоқаси бўлган бир эркак ва кўринишидан славян миллатларига мансуб икки аёлнинг оғзаки портретини милиция ходимларига тарқатди.

Халқаро ҳамжамият Россияга ўз ҳамдардлигини билдирди.

АҚШ президенти Барак Обама Россияга ёрдам таклиф қилди, Давлат котиби Ҳиллари Клинтон эса терроризмни "умумий душманимиз", деб атади.

Москвада амалга оширилган портлашларни "Катта саккизлик"ка аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари ҳам кескин қоралади.

Бугун Москва шаҳри ва Москва областида, Калуга шаҳрида Москва метросида амалга оширилган портлаш қурбонларининг дафн маросимлари бўлиб ўтади.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, Лубянка ва Маданият боғи станцияларида нобуд бўлган 39 кишидан икки нафарининг шахси ҳануз аниқлангани йўқ.

Сўнгги маълумотларга қараганда, портлашдан 80 дан зиёд киши тан жароҳати олгани аниқланган. Улардан 76 нафари Москвадаги касалхоналарда даволанмоқда. Аксариятининг аҳволи оғир.
XS
SM
MD
LG