Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:19

Ўзбекистонда автомобиллар яна қимматлади


Ўзбекистондаги автомобил бозори Daewoo монополиясидан GM монополиясига айланди.
Ўзбекистондаги автомобил бозори Daewoo монополиясидан GM монополиясига айланди.

GM-Ўзбекистон қўшма корхонаси ишлаб чиқараëтган автомобиллар нархи 24 мартдан бошлаб 10-17 фоизга кўтарилди. Машина олиш учун олдиндан пул тўлаб қўйган харидорларнинг ҳам энди қўшимча пул тўлашларига тўғри келади.

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган автомобиллар ички бозорда 10 дан 17 фоизгача қимматлади. Агар Дамас DLX BO автомашинаси илгари 12 миллион 16 минг сўм турган бўлса¸ энди 13 миллион 849 минг сўмга, яъни 15 фоизга кўтарилди. Ўзавтосаноат акциядорлик компанияси матбуот вакили Эльвира Тухватуллинанинг Озодликка айтишича, автомобиллар нархининг ошиши уларга ишлатиладиган бутловчи қисмларнинг қимматлашиши билан боғлиқ:

- Бу дунёдаги молиявий инқироз билан боғлиқ. Биз ҳам автомашиналарнинг бутловчи қисмларини четдан сотиб оламизку. Ана шу компонентларнинг нархи ошганлиги сабабли бизда ҳам автомашиналар қимматлади. Бунинг бошқа сиёсий ёки иқтисодий сабаби йўқ, дейди Эльвира Тухватуллина.

GM-Ўзбекистон қўшма корхонаси ишлаб чиқарган автомобилларнинг “Дамас”, “Нексия” сингари харидоргир хиллари ўтган йилдан бошлаб фақат АҚШ долларига сотилиши йўлга қўйилган эди. Бироқ кейинчалик улар ўзбек сўмига ҳам сотила бошлади. Бу машиналарга талаб жуда кўп бўлгани боис, “Ўзавтосаноат” компанияси харидорларга 3 ой олдин пулини тўлаш тартибини жорий қилди. Одамлар олдиндан пул тўлаб навбатга ёзила бошладилар. Энди эса бу одамлар қўшимча пул тўлашга мажбур бўлаётганини ёзмоқдалар. Жумладан, Озодлик радиосига келган мактубларнинг бирида бу ҳақда шундай дейилади:

“Ажабланарлиси шуки¸ шартномага асосан олдиндан 100% тўлаганлар хам автомашинасини олмаган булса улар янги нархда қўшимча тўлов қилиши керак экан.

Холбуки шартномада узоғи билан 90 кун ичида етказилиши белгиланган, улар эса буни инобатга олмаяпти. Хуллас хамма жанжал, тўполон қилиб ётибди.

Энг қизиғи шуки, нарх кўтарилишини сезган дилер корхоналар 23 март куни таниш билишларига автомашинани навбатдан ташқари бериб янги нархда тўлашдан қочиб қолишган”¸ деб ёзади Озодлик муштарийларидан бири.

Бироқ Ўзавтосаноат акциядорлик компанияси матбуот вакили Эльвира Тухватуллина бу каби айбловларни рад этади. Унинг айтишича, мижоз ва дилер корхона ўртасида имзоланган шартномада бу ҳолат кўзда тутилган.

- Агар мижоз шартномани диққат билан ўқиб чиқса¸ унда шундай пункт бор. Яъни агар автомобил нархи шу муддат ичида ошадиган бўлса, харидор ўртадаги фарқни тўлаши лозим¸ дейди Элвира Тухватулина.

Тухватулинага кўра, баъзи харидорлар бу шартномани ўқиб ҳам кўрмай имзо чеккан ва бундай норозилик фақат шундай одамларда пайдо бўлиши мумкин. Бироқ нарх кўтарилмасдан олдин "Дамас" машинаси харид қилган сирдарёлик Абдуқосим билан суҳбатлашганимизда, у шартномада бундай пунктнинг йўқлигини айтади.

Озодлик: "Дамас" олиш қандай ҳозир? Эркинми ë навбатга туриш керакми?

Абдуқосим: Долларга без очеред.

Озодлик: Сўмгачи?

Абдуқосим: Сўмга фақат анавиларда рухсат бериб қолади. Кварталныйда етмай қолса¸ пул топширишга рухсат бериб қолади. Унда ҳам беш-олтитага. Кўп бермайди. Янги йилдан олдин областларга 20 тадан рухсат берди. Шуни районларга иккитадан қилиб бўлди. Бизда 10 та район бор. Шунинг биттасига илиндик.

Озодлик: Сизлар сўмга олдингларда-а?

Абдуқосим: Сўмга олдик¸ лекин доллар ҳисоби олтига тушди. Янги йилдан олдин топшириб қўйганлар навбатда.

Озодлик: Ҳали олишгани йўғ-а?

Абдуқосим: 50-60 фоизи олиб бўлди. Қолганлари борда ҳали.

Озодлик: Сизлар қачон пул тўладинглар?

Абдуқосим: 28 декабрда. Биз шартнома имзоладик. Тўрт ойда етказиб беришди. Мен ўқиб чиқдим уни. Тўрт ойдан ошмаслик нимаси бор экан.

Озодлик: “Тўрт ой ичида нархи ўзгариб қолса¸ тўлайсизлар” деган пункти ҳам бормиди?

Абдуқосим: Йўқ. Унақа пункт йўқ эди. Чунки бизда қўшимча қарор бор эди. Ўша қарордан битта копия қилиб олдик. Ўзгарган тақдирда ҳам сизга таъсир қилмайди, деган жойи бор экан. Биз ўша қарордан битта қўлимизга олдик. Республика “Ўзавтосаноат” бирлашмасининг қарори бор эди. Кўп клиентлар бундан олмайдида. Қизиқмайди.

Озодлик: Демак¸ бу қарорда ўша пункт бўлмаган-а?

- Йўқ. Қўшимча ўзгартириш бўлса¸ сиз қўшимча тўлайсиз деган нарса йўқ эди. Ўзлари қилади буни. Ўша ердагилар шапка оладида. Ўртадаги дилерлар қиладида бу нарсани¸ дейди Абдуқосим.

Унинг сўзларига кўра, шартномага бундай ўзгартириш балки яқинда киритилган бўлиши мумкин.

Биз бу ҳолатга янада аниқлик киритиш мақсадида Асакадаги GM-Ўзбекистон қўшма корхонасига қўнғироқ қилдик. Корхонанинг савдо бўлими ходими Бахтиёржон шартномада бундай пункт аввалдан борлигини таъкидлайди.

Озодлик: 10-15 фоизга машиналар нархи ошибди, дейишаяпти. Илгари пул тўлаб қўйганлар эски нархида олишадими янги нархидами?

- Янги нархда олади.

Озодлик: Улар шартномада бунақа нарса йўқ эди дейишаяпти.

- Бўлганда шартномада.

Озодлик: Бўлганми?

- Ҳа¸ шартномада қўл қўйишаëтганда кўрсатган. “90 куннинг ичида машинангизни қилиб берамиз. Агар машинанинг тан нархи кўтарилса¸ сиз қўшимча қиласиз” деб огоҳлантирилган.

Озодлик: Шартномада бу пункт аввалдан бўлганми ë кейин киритилдими?

- Бу бўлган,бор. Ўқиб ўзлари танишмаганда.

Озодлик: Уч ой олдин тўлаб қўйганлар қандай олишаяпти? Уч ойда олаяптими ëки чўзилиб кетаяптими?

- Йўқ¸ чўзилмайди. Уч ойнинг ичида қилиб беради¸ дейди Бахтиëржон.

Ўзбекистонда ҳозир янги нархларда Матиз Best ни 11 363минг сўмга, Нексия-2 DOHC ни қулайликларига қараб 13-15 миллион сўмгача, Ласетти ни 21-34 миллион сўмгача, Эпика автомобилини яқин 34 миллион сўмга, Каптивани 63,2 миллион сўмга харид қилиш мумкин.
XS
SM
MD
LG