Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:04

Москвада муҳожир етимлар кўпаймоқда


Москва шаҳар ҳокимига кўра¸ муҳожир аëллар орасида ўз боласини етимхонага ташлаб кетаëтганлар сони ошмоқда.
Москва шаҳар ҳокимига кўра¸ муҳожир аëллар орасида ўз боласини етимхонага ташлаб кетаëтганлар сони ошмоқда.

Москва мэри Юрий Лужков шаҳарда муҳожир аёллар томонидан ташлаб кетилган болалар кўпаяётганидан хавотирда. Унга кўра¸ 2009 йили Москва туғруқхоналарида қолдириб кетилган чақалоқларнинг учдан икки қисмини муҳожирлар фарзанди ташкил этган.

Москва мэри фикрига кўра, Россия пойтахти бу болаларни вояга етгунга қадар тарбиялаши, 18 ёшга етганда эса шаҳар бюджетидан яна уй-жой билан таъминлаши зарур. Юрий Лужковнинг таклифига кўра, бундай болаларни федерал бюджетдан таъминлашга ўтказмоқ даркор. Бу Москвада кўпайиб бораётган муҳожир аёлларнинг ўз боласидан воз кечиши ҳолатларига бевосита боғлиқ, дейди Лужков.

Москва мэри бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир шаҳар муниципал маъмурияти қошида инқироз марказларини тузишни қайд этади.

Ташландиқ болалар тўғрисида қўшимча маълумот олиш мақсадида Москвадаги 19-гўдаклар уйи бош ҳамшираси Надежда Сувалская билан боғландик.

Озодлик: Надежда Павловна, Москва етимхоналарида етим болалар, хусусан онаси воз кечган чақалоқлар кўпаймоқда деган маълумот олган эдик.

- Болалар уйларида умуман олганда етим болалар камайиб бормоқда. Ўтган йилга нисбатан деярли ярмига камайди. Деярли барча болалар янги оилаларга жойлаштирилмоқда, асраб олинмоқда. Жумладан¸ мигрантларнинг фарзандлари ҳам. Бизда тарбияланаётган 3 ёшгача бўлган болалар ҳозирда деярли болалар уйларига ўтказилмаяпти, чунки уларнинг аксарияти асраб олинмоқда, дейди Москва шаҳрида жойлашган 19-гўдаклар уйи бош ҳамшираси Надежда Сувалская.

Москва вилояти Вояга етмаганлар билан ишлаш департаменти раҳбари, вилоят губернатори муовини Людмила Тропина Озодликка ташланган болалар муаммоларига оид ўз фикр-мулоҳазасини билдирди.

- Ташланган болаларга ота-она ўрнини ҳеч қайси давлат тузилмаси боса олмайди, албатта. Лекин биз уларни ташлаб қўймаймиз. 3-4 ёшидан кейин бу болалар болалар уйларига ўтказилади, 18 ёшдан мустақил ҳаёт кечиришни бошлайдилар. Лекин биз фарзандларимизни 21 ёшгача назорат қилиб турамиз.

Бизда ҳозир бу масалага доир катта профилактик ишлар амалга оширилмоқда. Куни-кеча бизнинг департаментимиз болалари билан яшаб бўлмас бир шароитларда ноқонуний кун кўраётган бир гуруҳ муҳожирни аниқлади. Биз Марказий Осиёнинг учта элчихонасига уларга ёрдам бериш таклифи билан мурожаат қилдик. Қайси давлат элчихонаси эканини айтмайман¸ лекин шулардан фақат иккитасидан жавоб олдик, холос. Шундай бўлса ҳам биз бу болаларни тиббий кўрикдан ўтказдик. Ва бу йўналишда муайян иш олиб бормоқдамиз. Бу муаммонинг олдини олиш учун халқаро миқëсда комплекс тадбирларни амалга оширмоқ зарур.

Сўнгги йилларда бизнинг маълумотимизга кўра¸ ташландиқ болалар сони кўпаймоқда ва уларнинг асосий қисмини ногирон болалар ташкил этади. Муҳожир қизларнинг ўз фарзандларини туғруқхоналарда қолдириш масаласига келсак, менимча, бу биринчи ўринда, уларнинг Россияда ҳуқуқсизлиги ва иккинчидан миллий хусусиятлар билан боғлиқ. Туғаётган аёлларнинг аксарияти бу ерга пул ишлагани келган ва ноқонуний никоҳда болаларнинг туғилиши¸ сўзсиз уларнинг режаларига кирмайди. Аборт қилишга на пули, на тиббий суғуртаси бор.

Бу масалада¸ биринчи ўринда¸ онанинг ўзи фаросатли бўлиши керак. Албатта¸ биз дастлаб бундай гўдакларни онасига қайтаришга ҳаракат қиламиз, уларни қидирамиз. Бизнинг маълумотимизга кўра¸ 10 фоиз болалар ота-онасига қайтариляпти. Ташлаб кетилган тожик, ўзбек ёки қирғиз болаларини келажакда расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган катта муаммолар кутади. Шахсий тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, муҳожирлар фарзандлари славян болаларига нисбатан камдан-кам ҳолатларда асраб олинади¸ дейди Москва вилояти Вояга етмаганлар билан ишлаш департаменти раҳбари, вилоят губернатори муовини Людмила Тропина.
XS
SM
MD
LG