Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:45

АҚШ Бакиевга бошпана бермоқчи эмас


Бугун ўз тарафдорлари билан учрашган Қурмонбек Бакиев уларни эртага Жалолобод шаҳрида ўтказилажак митингга келишга даъват қилди.
Бугун ўз тарафдорлари билан учрашган Қурмонбек Бакиев уларни эртага Жалолобод шаҳрида ўтказилажак митингга келишга даъват қилди.

Бишкекда муваққат ҳукумат президент Бакиевни қўлга олиш масаласини муҳокама қилди. Жанубда эса Қурмонбек Бакиев тарафдорларини 13 апрел куни Жалолобод шаҳрида ўтказилажак митингга чорлади.

Президент Бакиевга Қўшма Штатлар бошпана бермоқчи бўлгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Қирғизистондаги АҚШ элчихонасининг 12 апрел куни ёйинлаган баёнотида айтилади.

- АҚШ элчихонасининг жаноб Бакиевга бошпана бериш ёки унинг Қирғизистондан чиқиб кетишига кўмак кўрсатиш бўйича ҳеч қандай режаси йўқ, деди Қирғизистондаги АҚШ элчихонаси матбуот котиби Мишель Еркин Озодлик мухбирини баёнот мазмуни билан таништираркан.

Эслатиб ўтамиз, 11 апрел куни Россия оммавий ахборот воситаларида “Қурмонбек Бакиев АҚШга учиб кетиши мумкин”лиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

12 апрель куни муваққат хукумат раисаси Роза Ўтунбаева АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Татиана Гфеллер билан учрашди. Учрашув чоғида Гфеллер хоним Қирғизистонга АҚШ гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёрлигини ва мамлакатнинг демократик ривожланишида қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган. АҚШ элчихонасининг Қўшма Штатлар президент Бакиевга бошпана бериш нияти йўқлиги борасидаги баёноти ҳам айнан шу учрашувдан кейин ёйинланди.

Бакиев ўз тарафдорларини митингга чорламоқда

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев 12 апрел куни Озодлик радиосининг қирғиз шўъбасига берган интервюсида мухолифатни ҳамда ташқи кучларни ҳарбий тўнтариш уюштирганликда айблади.

- Бу ёлғиз мухолифатнинг қўлидан келмайди. Бу ерда ташқи кучлар бор. Мен бу ташқи кучнинг айнан ким эканини мухолифатга ўхшаб айтавермайман. Аммо аниқ биламанки, ташқи кучлар бор. Шундай бўлса-да, мен ўзини муваққат ҳукумат дея атаётганлар билан мулоқот қилишга тайёрман. Чиқсин, гаплашамиз, деди Қурмонбек Бакиев.

Бугун ўз тарафдорлари қаршисида сўзлаган Бакиев уларни 13 апрел куни Жалолобод шаҳрида бўладиган митингга чорлади. Сўнгги маълумотларга кўра, Жалолободдаги муваққат ҳукумат вакиллари Бакиевнинг намойиш ўтказишига қаршилик билдирмаган, аксинча, рухсат берган.

Айни пайтда инқилобчилар ҳали ҳам президент Бакиев ўз тарафдорларини муваққат ҳукуматга қарши оёқлантириши мумкинлигини назардан соқит қилмаяптилар.

Қирғизистон муваққат ҳукуматининг аъзоси Алмазбек Атамбоев 12 апрел куни Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида Қурмонбек Бакиев мамлакат жанубидаги ўз ҳамқишлоқларини хавф остига қўяётганини таъкидлади.

- Ҳуқуқ-тартибот органлари махсус операция тайёрламоқдалар. Аммо биз бунда бегуноҳ одамлар жабр кўришини истамаймиз. Бакиев яна қон тўкилишини истаяпти. У бегуноҳ одамлар орқасига яширинмоқчи, деди Алмазбек Атамбоев.

Текебоев: Бакиевнинг кимлигини биламиз

Муваққат ҳукуматнинг яна бир аъзоси Ўмурбек Текебоев Бакиевнинг мухолифатни ҳарбий тўнтариш уюштирганликда айблаши кутилган ҳолат эканини айтади.

- Бакиевнинг ким эканлигини баримиз яхши биламиз. У: “Мухолифат ўзини ўзи отди”, дейишгача ҳам боради. Отишма қаердан бошланганини одамларнинг ўзлари яхши билишади. Муваққат хукумат Бакиев билан ҳеч қандай сўзлашувлар олиб бормаяпти, деди Ўмурбек Текебоев.

Сўнгги маълумотларга кўра, 12 апрел куни муваққат халқ ҳукумати Қурмонбек Бакиев ва куч ишлатар тузилмаларнинг бир неча раҳбарини ҳибсга олиш бўйича сиёсий қарор қабул қилган. Бу ҳақда билдирган Қирғизистон Бош прокурори вазифасини бажарувчи Бойтемир Ибраевга кўра, мазкур ҳужжат ёйинланганидан сўнг ҳуқуқ-тартибот идораларига топшириқ берилади ва куч ишлатар тузилмалар ходимлари мазкур топшириқни бажариш чорасини кўради.

Қирғизистонда ижтимоий-сиёсий турмуш аста-секин ўзанига қайтмоқда

Қирғизистон муваққат хукумат аъзоси Ўмурбек Текебоев Қирғизистон конституциясининг ўзгартирилган лойиҳаси уч ойдан сўнг жамоат муҳокамасига олиб чиқилишини айтди. Унга кўра, лойиҳада Қирғизистон парламент бошқарувига ўтиши кўзда тутилган.

- Конституция кучга киргандан кейин 6 ой ўтиб, Қирғизистонда парламент сайловлари ўтказилади, деди Текебоев.

Россия Қирғизистонга 150 миллион АҚШ доллари миқдорида грант ажратади

12 апрел куни муваққат ҳукуматнинг аъзоси Алмазбек Атамбоев Москва сафари якунлари бўйича матбуот анжумани берди. Атамбоевга кўра, Россия Қирғизистон учун 150 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдорида беғараз грант ажратади ҳамда ёқилғи-мойлаш материаллари узлуксиз таъминотини зиммасига олади.

Шунингдек, 12 апрелдан бошлаб Қирғизистон пойтахтидаги барча йирик бозорлар қайта фаолият бошлади. Халқ таълими вазирлигининг маълумотига кўра, мамлакат бўйича барча болалар боғчалари, мактаб ва олий таълим муассасалари ҳам ишлашни бошлаган.

Монополияга қарши давлат бошқармаси вакилларининг билдиришича, Қирғизистонда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи сўнгги кунларда деярли ўзгармаган. Шу билан бирга, мазкур бошқарма маълумотларига кўра, ун, сут, шакар, ёғ, қўй гўшти каби кундалик эҳтиёж маҳсулотлари нархи 20 тийиндан бир сўмгача кўтарилган. Нарх-навонинг кўтарилишини давлат ташкилоти “мавсумий фактор”, дея изоҳламоқда.
XS
SM
MD
LG