Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:43

Бакиев президентликка истеъфо берди ва Қирғизистонни тарк этди


Халқ қурултойига йиғилганлар "Бакиев, ўлганларнинг арвоҳини ҳурмат қилиб, ҳокимиятдан кет!", "Ўш халқига тинчлик керак" сингари шиорларни кўтариб олган эдилар.
Халқ қурултойига йиғилганлар "Бакиев, ўлганларнинг арвоҳини ҳурмат қилиб, ҳокимиятдан кет!", "Ўш халқига тинчлик керак" сингари шиорларни кўтариб олган эдилар.

15 апрел куни эрталаб Ўш шаҳри марказий майдонида бошланган халқ қурултойидан ҳайдаб чиқарилган Қурмонбек Бакиев истеъфога кетиш ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйди ва қўшни Қозоғистоннинг Тараз шаҳрига учиб кетди.

Шу муносабат билан ЕХҲТ раислиги вазифасини бажараётган Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Канат Саудабаев эълон қилган баёнотда Бакиевнинг Қирғизистонни тарк этгани мамлакатда “вазиятни барқарорлаштириш йўлида олдинга ташланган муҳим қадам” дея баҳоланган.

- Бугун, 15 апрел куни БМТ, Европа иттифоқи ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг фаол воситачилигида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, АҚШ президенти Барак Обама ва Россия президенти Дмитрий Медведев биргаликда амалга оширилган уриниш натижасида Қирғизистон муваққат халқ ҳукумати билан келишувга эришилди ва президент Қурмонбек Бакиев мамлакатдан жўнаб кетди¸ дейилади ЕХҲТ ўз сайтида эълон қилган баёнотда.

Айни пайтда расмий Остона Бакиевнинг Таразда қанча қолиши¸ бу ердан қачон ва қаерга кетиши номаълум эканини қўшимча қилди.

Қирғизистон муваққат ҳукумати маъмурияти бошлиғи Эдил Байсаловнинг айтишича, АҚШ президенти Барак Обама, Россия президенти Дмитрий Медведев, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг биргаликдаги ҳаракатлари, шунингдек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти воситачилигида Қурмонбек Бакиевнинг мамлакатни тарк этиши бўйича эришилган келишув Бакиевни лозим бўлган тақдирда мустақил тергов натижалари асосида Қирғизистонга қайтариш ва уни суд қилишга ҳам изн беради.

-Қурмонбек Бакиевни қочирдик¸ деб ўйламанг. Биз уни мамлакатда вазиятни барқарорлаштириш учун четга чиқариб турайлик дедик. Агар лозим бўлса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгашининг махсус санкцияси билан уни халқаро тергов натижалари асосида ушлаб мамлакатга қайтриб олиб келишимиз мумкин. Агар айби исботланса, у қайси ўлкада бўлмасин ўша жойда қамоққа олинади деган кафолат билан уни Қирғизистондан чиқарилишига рухсат берилди¸ деди Эдил Байсалов.

Муваққат ҳукумат расмийлари Бакиевнинг укалари ва сафдошлари Қирғизистонда қолишганини айтишмоқда.

-Бакиевнинг яқинларидан биронтаси учқичга ўткизилгани йўқ. Бакиев маъмуриятида Мудофаа вазири лавозимида ишлаган Бақит Калиев ҳибсга олдик. Бакиевнинг укаси Жаниш эса қидирилмоқда¸ деди Байсалов.

Муваққат ҳукумат Қурмонбек Бакиев ва унинг сафдошларини ўтган ҳафтада Бишкекдаги ғалаёнлар пайти ҳалок бўлган 80дан ошиқ кишининг ўлимида айбламоқда. "Бакиев халқаро ва қирғиз маҳкамаси олдида ҳали жавоб беради", деди муваққат ҳукумат раҳбари Роза Ўтунбоева.

Айни куни ўз чиқишида Россия президенти Дмитрий Медведев Қирғизистонда ағдарилган Бакиев режимини коррупция, уруғ-аймоқчиликда айблади. Кремл раҳбарига кўра, бу ҳолат аввалги ҳукуматни ҳам таназзулга етаклаган.

Дмитрий Медведев ўз баёнотида, Қирғизистоннинг янги ҳукуматини очиқ ва адолатли сайловлар ўтказишга чақирди.

АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блэйк Бишкекда пайшанба куни ўтказилган матбуот анжуманида муваққат ҳукумат олдида турган барча мураккабликларни енгиб, мамлакатни демократия томон йўналтиришига умид билдирди.

- Шу кунларда Қирғизистон муваққат ҳукумати ва халқи Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари учун ўрнак бўла оладиган демократияни барпо этиш учун улкан тарихий имкониятга эга бўлиб турибди¸ деди Блэйк.Бакиевнинг мамлакатдан чиқарилиб юборгани муносабати билан махсус баëнот тарқатган муваққат халқ ҳукумати¸ Қирғизистонда фуқаролик уруши юзага чиқмаслиги ва бегуноҳ одамлар қони тўкилмаслиги мақсадида шундай қарорга келинганини билдирди. Бакиевнинг ëнидагиларнинг Қирғизистондан чиқиб кетишига рухсат берилмагани таъкидланилган мазкур баëнотда¸ эндиликда собиқ президентнинг мамлакатда қилган жиноятлари учун қонун олдида жавобгарликка тортилиши айтилади.

Ҳам аксар қирғизистонликлар¸ ҳам хориж ҳукуматлари Бакиевни истеъфо беришга даъват қилиб турган 15 апрел куни Ўшда халқни ўзига оғдириш умиди ҳам пучга чиққач¸ Бакиевнинг бу маслаҳатларни қабул қилишдан ўзга чораси қолмади.

Пайшанба куни маҳаллий вақт билан соат 10 ларда Ўш шаҳрининг марказий майдонида бошланган халқ қурултойига ўн мингга яқин одам йиғилди. Анжуманда ўшликлар президент Қурмонбек Бакиев билан боғлиқ масалани ҳам муҳокама қилмоқчи эдилар.

Қурултойда сўзга чиққан муваққат ҳукуматнинг маҳаллий вакили – Ўш вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Сўўрўнбай Жеенбеков йиғилганларни мамлакат учун мураккаб бўлган бу вазиятда оғир-босиқ бўлишга чақирди.

- Турли гап сўзларга ишониб, провокацияга берилманглар. Биз мамлакат шимол ва жануб бўлиб бўлинмаслигига ҳаракат қиламиз. Биз халқ учун ишлаймиз, деди Сўўрўнбай Жеенбеков.

Ундан кейин сўзлаган Ўш шаҳри мэри Мелис Мирзақматов эрталаб президент Бакиев Жалолободдан Ўшга қараб йўлга чиққани, айни пайтда президент ва унинг одамлари шаҳарга киритилмаётганини айтди.

Бироз ўтмай, қурултой ўтаётган майдонга Бакиев тарафдорлари кириб келди. Шундан сўнг қурултой иштирокчилари ва бакиевчилар ўртасида муштлашув чиқиб кетди.

Майдондан сиқиб чиқарилган Бакиев тарафдорлари 500 метрлар наридаги Ўш вилоят қирғиз драма театри биноси олдига келдилар ва ўша ерда овоз кучайтиргичларини ўрната бошладилар. Аммо президент Бакиев энди сўз бошламоқчи бўлиб турган пайтда марказий майдондан етиб келган муваққат ҳукумат тарафдорлари ясама минбар томон ёпирилиб кела бошлади.

Муваққат ҳукумат тарафдорларини тўхтатмоқчи бўлган Бакиевнинг қўриқчилари осмонга қарата автоматдан ўқ узишиб, уни панага олишди.

Шундан сўнг қўриқчилар Бакиевни рақамсиз машинага ўтқазиб, номаълум томонга олиб кетдилар.

Маҳаллий вақт билан соат 13 да бошланган матбуот анжуманида муваққат ҳукумат аъзоси Азимбек Бекназаров ва маҳаллий расмийлар Ўшдаги вазият назорат остида эканини қайд этишиб, шаҳар ва вилоят аҳолисини осойишталикка ва ҳар хил фитналарга учмасликка чақирдилар.

Муваққат ҳукумат вакиллари матбуот анжумани ўтказаётган бир пайтда Ўш вилоят қирғиз драмма театри олдида муваққат ҳукумат ва президент Бакиев тарафдорлари гуруҳ-гуруҳга бўлиниб олиб, ўшликларни ўзлари ёқлаётган тарафни қўллашга чақириб туришди.

Қайд этиш керакки, улар орасида иккала тарафни ҳам қўлламайдиган оддий қирғизистонликлар ҳам бор эди. Улардан бири жалолободлик Амангелди Мурзақановдир.

- Мен 5 йилдан буён ишсиз юрибман. Лекин хозирги ҳукуматдан ҳам, олдингисиданам иш сўрамайман. Бир уйни бошқара олмай одамлар қийналяпти. Мен ҳозир ҳокимият тепасида турганларга айтмоқчиман, мен барчангиздан норозиман. Аввалги ҳукуматдан ҳам, хозиргисидан ҳам. Бизни пулдорлар бошқараяпти. Оддий халқни ўйлаган ҳеч ким йўқ. Азалдан бир мақол бор, “Оч бола билан бой боланининг иши йўқ “деган. Оддий одамлар билан ҳеч кимнинг иши йўқ, деди Амангелди Мурзақанов.

Ўш вилоят қирғиз драма театри олдидан одамлар тарқагач, Қурмонбек Бакиевнинг бир неча юз тарафдори Ўш шаҳрининг марказий кўчаларидан бирида жойлашган “ЭлТР” телекомпанияси биноси олдига боришиб, бугун Ўшда бўлиб ўтган воқеаларни холис ёритиш ва халққа мурожаат қилиш учун эфир беришни талаб қилишди. Орадан бир муддат ўтгач, норозилар телекомпания биносига киришга уринишди. Бироқ воқеани кузатиб турган милиция ходимлари уларни бино ичига киритмади. Шундан сўнг Бакиев тарафдорлари телеканал биноси олдидан тарқаб кетишди.

Айни пайтда 15 апрел куни Ўшда содир бўлган воқеалардан хабар топган муваққат ҳукумат раисаси Роза Ўтунбаева фикрича, “Қирғизистон жанубида яшовчи аҳоли Бакиев ҳукмронлигига қатъий қилиб “Йўқ!” дея жавоб берган”.

- Уни тутишга уринаётганимиз йўқ, айни пайтда биз унинг шартларини ҳам қабул қилмаймиз. Биз Қурмонбек Бакиев учун энг тўғри йўл унинг ўз ваколатларини ихтиёрий равишда топширгани ҳақида муваққат ҳуқуматга хат юбориши бўларди, деб ҳисоблаймиз, деди Роза Ўтунбаева Бакиев мамлакатни тарк этишидан саноқли соатлар олдин журналистларга берган суҳбатида.
XS
SM
MD
LG