Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:15

Каримов Қирғизистон исëнининг Ўзбекистонга кўчмаслигини ваъда қилди


Ислом Каримов Медведев президентлиги даврида биринчи бор расмий сафар билан Москвага келди.
Ислом Каримов Медведев президентлиги даврида биринчи бор расмий сафар билан Москвага келди.

20 апрел куни ўзаро учрашувнинг расмий қисмини ўтказган Ислом Каримов ва Дмитрий Медведев ҳукуматлараро ҳамкорликка доир янги дастурга қўл қўйдилар¸ шунингдек Қирғизистондаги вазиятга доир баëнот қилдилар.

- Ўзбекистон Россия мисолида ишончли ва бир-икки эмас¸ балки мунтазам синовдан ўтган ҳамкорни кўради. Россия ҳозирга қадар ўзининг нафақат бутун дунë миқëсида¸ балки Марказий Осиëда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишдаги муҳим бўғин эканини кўрсатиб¸ исботлаб келмоқда¸ деди Дмитрий Медведев билан расмий учрашувдан чиққан Ислом Каримов.

Кремл учрашуви ниҳоясида Ўзбекистон ва Россия раҳбари қўл қўйган ҳужжат икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик дастури деб номланади. Айни пайтда¸ Россия ахборот агентликларига кўра¸ иккала президент 2010-2012 йилларга мўлжалланган ҳарбий-техникавий ҳамкорликка доир меморандумни ҳам имзоланган.

Учрашувдан сўнг журналистлар олдига чиққан президентлар¸ шунингдек¸ Қирғизистондаги воқеаларга муносабат билдирдилар.

- Россия Қирғизистондаги ҳокимият тизимлари тўлиқ қайта тиклангачгина¸ бу давлат билан иқтисодий ҳамкорликни қайта бошлайди. Ҳозир Қирғизистонда давлатчиликни тиклаш керак¸ амалда ҳозир у ерда давлат тизимлари йўқ¸ қулади. Қирғизистон муваққат ҳукумати ана шу йўлда кераклича саъй-ҳаракат қилади¸ деган умиддамиз. Зотан анархия биринчи галда Қирғизистон¸ қолаверса унинг қўшнилари манфаатига жиддий зарба етказади¸ дер экан Медведев Қирғизистонда давлат тизимларини қонуний йўлга қўйишнинг қонуний йўли сайловлар эканини алоҳида таъкидлади.

7 апрел куни Қирғизистонда ҳокимият тўнтариши юз бериб¸ Қурмонбек Бакиев қочиб кетганидан бери илк бор бу воқеаларга муносабат билдирган Ислом Каримов Медведев баëнотига ҳамоҳанг фикр билдирди.

- Россия ва Ўзбекистоннинг бу вазиятга оид қараши¸ Қирғизистонга қўшни давлатларнинг барчаси каби бир хил ва биз бундай воқеаларнинг доимий тус олишидан манфаатдор эмасмиз. 2005 йилги прецедент ўзига хос иллюзия яратди ва бу воқеаларнинг беш йил ўтиб такрорланиши бундай ëндашувнинг оқибатлари жиддий бўлишини кўрсатди¸ деди Ислом Каримов.

Ўз баëноти давомида Ислом Каримов¸ Ўзбекистонда айрим Россия газеталари ва ахборот агентликлари сайтининг тўсиб қўйилишига олиб келган "башорат"ларни чиппакка чиқарди:

- Бу воқеалар муносабати билан берилаëтган айрим баҳолар одамни ҳайратга солмоқда. Қирғизистондаги воқеаларни бутун минтақага кўчиришга ҳожат йўқ. Бу минтақада турли халқлар яшайди ва минтақа ҳақида менсимай гапириш¸ ҳурматсизлик билан бир томонлама хулоса чиқариш мумкин эмас. Бундай нотўғри ëндашувга ахборотнинг етарли эмаслиги сабабдир. Бир давлат мисолида бутун минтақага баҳо бериб бўлмайди¸ деди жумладан Ислом Каримов.

Қирғизистондаги воқеалар минтақанинг бошқа давлатлари¸ хусусан Ўзбекистонга ҳам кўчиши мумкинми¸ деган саволга жавоб излаëтган нашрлардан бири "Комсомолская правда" Ўзбекистон президенти танқидига бевосита нишон бўлди.

- Менга ишонаверинг¸ Ўзбекистонда ҳеч ким Қирғизистондаги воқеаларни ҳавас билан кузатаëтгани йўқ. Барчангизни Қирғизистон билан чегарамизга келиб¸ бунга ўз кўзингиз билан гувоҳ бўлишга таклиф қиламан¸ деди Россия нашри хулосасига ним табассум билан эътироз билдирган Ислом Каримов Медведев билан ëнма-ëн туриб қилган баëнотида жумладан.

Қирғизистондаги воқеалар ҳақида Каримовга яқин фикр билдирган тошкентлик таҳлилчи Фарҳод Толипов Қирғизистондаги бугунги воқеликни “охлократия” деб атади.

Фарҳод Толипов: “Охлократия”ни нормал тилга таржима қилсак¸ тўда ҳокимияти деб таржима қилинади. Яъни бошқариб бўлмайдиган гуруҳлар вазиятни белгилаб бераяптида.

Озодлик: Ўша охлократияни бартараф этиш учун Россия билан Ўзбекистоннинг қўлида Коллектив хавфсизлик шартномаси доирасидами¸ ШҲТ доирасидами қандайдир бир ричаглари борми аралашишга?

- Йўқ. унақа ричаг йўқ. Аммо бу ричаг тузилиши мумкин агарда вазият фуқаролик уруш шаклига айланиб кетса. Мана Тожикистонда бўлганидек. Фуқаролик уруши аломатлари ҳозирча йўқ. Қирғизистондан бўлган кечаги хабарларга кўра¸ вазият секин-секин орқага қайтаяпти¸ дейди тошкентлик таҳлилчи Фарҳод Толипов.

Ислом Каримовнинг Москва сафари доирасида бир қатор ҳужжатлар ҳам имзоланди. Улардан бири икки давлат ҳукуматлари ўртасида ҳарбий-техникавий соҳада 2010-2012 йилларга режалаштирилган чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига оид англашув меморандумидир.

Озодлик: Ҳужжатнинг номиëқ жуда бир чигал. Оддий ўзбекистонлик буни нима деб тушуниши керак?

- Гап шундаки¸ азалдан¸ мустақилликдан ҳам олдин¸ мустақилликнинг бошидан то бугунгача Ўзбекистон билан Россия орасидаги ҳамкорликнинг йўналишларидан бири узлуксиз келаяпти. Бу ҳарбий-техникавий соҳадаги ҳамкорлик. Маълумки¸ қуролли кучларимиз қўлидаги техника Россияда ишлаб чиқарилган кўпларини вақт ўтган сари таъмирлаш керак¸ янгилаш керак¸ утилизация дейилади. Мана шундай ишлар албатта Россия заводларида амалга оширилади¸ деб тушунтирди таҳлилчи.

Фарҳод Толиповнинг фикрича, Россия-Ўзбекистон муносабатлари “нормал ривожланмоқда”. Тошкентлик бошқа таҳлилчи Виктор Ивониннинг фикрича эса, Каримовнинг Россияга муносабати 90-йиллар бошиданоқ жуда яхши бўлиб келган. Ҳатто, дейди у¸ Ўзбекистон рубл зонасида қолишга зўр бериб ҳаракат қилган мамлакатлардан бири бўлган ва Россия билан нормал иқтисодий муносабатларни сақлаб қолишга интилган эди.

Бироқ Кремлдаги расмий манбалар тарқатган маълумотларга қараганда, айнан иқтисодий муносабатлар 2009 йилда кескин ёмонлашган. Ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар обороти 2008 йилдагига қараганда 24 фоизга қисқарган, Россиядан экспорт 17 фоизга, Ўзбекистондан импорт 35 фоизга қисқариб кетган.

Таҳлилчи Ивонин фикрича, бундай ҳолатнинг боиси ўта жўн:

- Чунки Россиянинг пули йўқ бизда ишлаб чиқарилаётган нарсаларни сотиб олишга, деди Виктор Ивонин.

Ўзбекистон ҳукуматини доим қўллаб-қувватлаб келган бу фикрича, “Россия сотиб ололмаётган товарлари билан Ўзбекистон ҳукумати ички бозорни тўлдиряпти”.

Агар шундай эса, унда нима учун оддий ўзбекистонликлар мамлакат бозори ассортиментининг 80-90 фоизи Хитой товарлари, дейди?

Ислом Каримовнинг Москва сафари доирасида, шунингдек, Россия ва Ўзбекистон божхоналари ўртасида ўзаро дастлабки информация айирбошлаш экспериментини ташкил қилиш, маданий-гуманитар соҳада 2010-2012 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.
XS
SM
MD
LG