Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:00

Эркин микрофон - "Ўзбекистонда яхши ишлар бўлаяпти!"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Озодликка эътироз билдириш учун қўнғироқ қилган ўзбекистонликлардан бири, агар ўзбеклар президент айтганларини қилса¸ ҳаммаси яхши бўлишини таъкидлайди.

“Дўхтирга кунинг қолмасин”

Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидан қўнғироқ қилган Ортиқ исмлик суҳбатдошимиз бемор эканлиги, бироқ дўхтирларнинг ҳаммаси пуллик бўлиб кетгани учун даволана олмаётганидан зорланди.

Ортиқ: Сизлар энди ҳар доим ҳақиқатни гапирасизлар. Бизда озроқ маза йўқ эдида. Ўпка шамоллаган эдида. Болницаларга борсам¸ ҳаммаси фалон пул¸ дориси фалон пул дейди. Текин эмас эканда. Бир-икки марта даволаниб чиқдимда. Яна даволанишга пул йўқ. Шунга ëрдам қила олмайсизларми? Сизлар ҳақиқатни гапирасизларку. Ўзим 1981 йилда туғилганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда эмлашлар бўларди. Ҳозир улар ҳам йўқ. Қишлоқ врачлик пунктларида докторларнинг ҳам нимаси йўқ. Қийин аҳволда яшаймизда.

Озодлик: Нима иш қиласиз?

Ортиқ: Бир-икки йил фермерда ишладим. Фермерга ҳам ишга бўлмай қолдим. Оғир ишга бўлмайман. Шароитимиз қийинроқ. Қандайдир бир нажот истаб қолдимда.

Озодлик: Докторларнинг ҳаммаси пулли бўлиб кетганда-а?

Ортиқ: Ҳаммаси пулли. Қаршида бир даволаниб келдим. Шприцларгача сотиб олдим. “Бу текинку” десам¸ “Йўқ¸ ҳозир текин нарса қолмаган” дейди.

Озодлик: Ўзингиз оғир ишларда ишлолмайсиз-а?

- Оғир ишлар мумкин эмас. Оғир иш қилсам бўладию¸ чарчаб қоламан¸ дейди Ортиқ.


“ГАИга бир пиёла чой бўлса бас!”

Жиззах вилоятининг Фориш туманидан қўнғироқ қилган навбатдаги суҳбатдошимиз туман марказида кўрганлари ҳақида гапириб берди:

- Мен Жиззах вилояти¸ Фориш туманиданман. Хуллас Форишда муаммо бундай. Ëмонлаш ниятим йўқ. Бундан 10 йилча олдин ҳамма одамларнинг ҳашари билан автостанцин қурилган эди. Автобуслар қатнаши керак бўлган жой эди. Янги бино қурилган эди автошоҳбекат қилиб. 10 йилдан бери мана шу автошоҳбекат бекор ëтибди. Ўшанга шунча нарсалар нимага қилинди экан ¸дейманда. Кўчаларда ҳамма жойда тирбандлик. Автобекатлар ишламаяпти. Машиналар умуман ўтмайди бу ëққа. Ҳаммаси кўчанинг ўртасида тиқилиб¸ сигнал¸ авария¸ машиналар ҳар кун тирбандликка дуч келаяпти. Ҳокимиятдан бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Бозорга ўтамиз десак¸ қўрқиб ўтамиз болаларимизнинг қўлидан ушлаб. Машиналар тўлиб кетганда. Таксистлар кўпайиб кетганда.

Озодлик: ДАН назорат қилмайдими?

- Уларга бир пиëла чой бўлса бўлди. Уларда ҳайдовчини тўхтатиб текшириш керак деган гап-сўз йўқ. ГАИлар бир пиëла чойини ичса бўлди.

Озодлик: Чойини қандай ичади? Чойига яраша пул оладими?

- Чойини ичадида чойхонага бориб. Умуман тартиб-қоида йўқда¸ дейди форишлик суҳбатдош.


“Каримов Андижонда тўғри иш қилган эди”

Қорақалпоғистоннинг Тахиятош туманидан қўнғироқ қилган Темурбек ака Қирғизистондаги воқеаларга муносабат билдирар экан, Қурмонбек Бакиев ҳам Ислом Каримов сингари иш тутиши керак эди¸ деган фикрда:

Темурбек ака: Мана Қирғизистонда бўлаëтган нималарни кўраяпсизку. Масалиевнинг вақтида бир бўлди¸ Ақаевнинг вақтида бир бўлди¸ Бакиевнинг вақтида бир бўлди. Ҳаммасида одамларнинг нимаси бир жойдан чиқмаяптида. Южный¸ северний бўлиб бўлиниб кетаяпти. Андижон масаласида бизнинг президент тўғри қилди¸ деб ҳисоб қиламан. Бу менинг шахсий фикрим. Водийда бу масалани тўхтатмаганда жуда қаттиқ чатоқ бўларди.

Озодлик: Андижонда аскарлар томонидан тинч аҳоли отилди¸ дейилган. Расмий маълумотга кўра¸ 185 киши¸ норасмий маълумотларга кўра¸ 1000 га яқин киши ўлди¸ дейилади. Шуни тўғри қилди деб ҳисоблайсизми?

- Қаранг энди. Ҳокимиятни босиб олса¸ қуролланган одамлар ҳужум қилса¸ нима қилиш керак? Бакиев Каримовга ўхшаб ишлаганда¸ бу масалага бормас эди. Дарров нима қилиш керак эдида. Мана Ўзбекистонда жуда яхши ишлар қилинаяпти. Лекин сиз томондан бир эшитмаймизда. Мактаблар қурилаяпти¸ ҳамма иш яхши бўлаяпти. Марказий Осиëда 55 миллион халқ турадиган бўлса¸ шунинг 27-28 миллиони Ўзбекистонда туради. 28 миллион халқни бошқариш ҳам осон эмас. Шу бечора президентнинг айтганини қилганда бу одамлар бизда жуда яхши бўлиб кетиши керак эди. Лекин нимагадир шу ишламайдида. Уни назорат қиладиган одам ҳам бўлмаса керак¸ дейди Темурбек ака.


“Андижонликлар Қозоғистонда”

Андижондан Қозоғистонга ҳар йили деҳқончилик қилгани келадиган Ойпархоннинг айтишича, улар эккан қовунлар тўртқулоқ бўлиб қолди:

Ойпархон: Биз Андижондан келган деҳқонлармиз. Қозоғистонда деҳқончилик қиламиз. Фақат Озодликни эшитамиз.

Озодлик: Нима экасизлар?

Ойпархон: Қовун-тарвуз экамиз.

Озодлик: Экиш бошландими? Экаяпсизларми?

Ойпархон: Уже экиб очишга ўтаяпмиз.

Озодлик: Плëнканинг тагига эккансизларда.

Ойпархон: Ҳа. Олдин эктириб¸ кейин плëнка бостирилади. Биз сизларга мухлисмиз. Кеча номерларингни зўрға ëдлаб қолдик. Телефон доим ëнимизда туради. Кеча ëзиб олишга улгурдик. Кечқурун гудок ташлаган эдик. Телефон қилмадинглар. Қилмаса керак¸ деган эдик. Ҳозир иш қилаяпмиз.

Озодлик: Нима иш қилаяпсизлар?

Ойпархон: Плëнка бостираëтган эдик. Охирги плëнкани босаяпмиз. Эртадан очиққа¸ Худо хоҳласа.

Озодлик: Кўпчиликмисизлар?

Ойпархон: Иккита оила келганмиз. Ака-укалар.

Озодлик: Ҳар йили келасизларми?

Ойпархон: Ҳа.

Озодлик: Даромад яхши бўлаяптими?

Ойпархон: Худога шукур¸ энди насибага яраша. Бир йил бор¸ бир йил йўқ дегандай деҳқончилик ҳам қимордай нарсада. Бир банкрот бўламиз¸ бир яхши бўламиз.

Озодлик: Мана бизнинг радиони эшитсангизлар¸ баъзилари “Россияга¸ Қозоғистонга ишлагани кетганлар кўпроқ пул топиш учун¸ кўпроқ даромад учун кетишади. Аслида иш Ўзбекистонда ҳам бор. Ер Ўзбекистонда ҳам бор. Шу ерда ҳам ишласа бўлади” деб айтишади. Мана сизлар Қозоғистонга кетибсизлар. Сизлар нимага келдингизлар?

- Ўзимизда бунчалик ер берилмайдида. Ўзбекистонда олдиндан пул олади. Бу ерда биз тенг шерик экамиз. Кейин ернинг эгаси билан бўлинаверади. Бир сўмга сотсангиз¸ 50 тийиндан бўлинаверади. Ўзбекистонда унақа эмас. Нақд тўлашингиз керак. Бир гектар олсангиз¸ олдиндан пулини тўлашингиз керак. Унақа маблағ бўлмайдию. Бу ерда бошлиғимиз продукта¸ уруғ¸ плëнка олиб бераверади. Охирида пишганда расчëт бўлади. Қулайлик томони шундада. Ўзбекистонда ер кам. Қовун-тарвузга беравермайди¸ дейди Ойпархон.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG