Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:12

Ўзбекистонга европалик сайёҳлар қизиқиши ортмоқда


Ҳозирча Чехия ширкатлари Ўзбекистонга таклиф қилаëтган саëҳат нархи анча қимматлигича қолмоқда.
Ҳозирча Чехия ширкатлари Ўзбекистонга таклиф қилаëтган саëҳат нархи анча қимматлигича қолмоқда.

Шу боис Европа сайёҳлик ширкатлари ўз мижозларига Ўзбекистон бўйлаб бир ҳафталик саёҳат дастурлари таклиф эта бошлади. Аммо Ўзбекистонга виза олиш билан боғлиқ тўсиқлар европалик сайёҳларнинг бу истагини йўққа чиқармоқда.

Чехиялик Катерина 12 яшарлигида ота-онаси билан Самарқандга борган. Ўзбекистоннинг тарихий обидалари, ўзбекларнинг меҳмондўстлиги ва гўзал таомларига мафтун бўлган Катерина Ўзбекистонни яна кўриш орзусида.

- Ота-онам совет даврида муҳандис ўлароқ Ўзбекистонга иш юзасидан тез-тез боришар эди. Бир сафар мени ҳам олиб боришган эди. Ҳалигача эсимда. Мени ўзига тортгани ўзбекларнинг ўзига хос ва бетакрор маданияти. Самарқанднинг Регистон майдони, гўзал миноралари хотирамда ўрнашиб қолган. Мазали таомлари ва ўзбекларнинг меҳмондўстлигини айтмайсизми. Самарқандда бўлганимизда ҳатто ўзимиз танимайдиган ўзбек оиласида никоҳ тўйида ҳам бўлганмиз, деб эслайди Катерина.

Яқинда Чехиянинг "Чедок" сайёҳлик ширкати Ўзбекистонга боришни хоҳловчилар учун "Ўзбекистон марвариди" деб аталган янги йўналиш очди.

Бу лойиҳа чехиялик Катеринанинг Ўзбекистонга сайёҳат қилиш орзусини рўёбга чиқариши мумкин, дея Чедок ширкатига мурожаат этдик.

- Ўзбекистоннинг Тошкент, Хива, Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарлари бўйлаб бир ҳафталик саёҳат дастуримиз бор. Май ойидагисига нархларни бир оз туширдик, бир одамга 38 минг чех кронаси (қарийб 2000 АҚШ доллари) туради. Тўрт юлдузли меҳмонхона, эрталабки нонушта ва кечки овқат, барча йўл харажатлари, маданий дастурлар, миллий рақс томошалари ва бошқа маданий тадбирларни ўз ичига олади, деди "Чедок" сайёҳлик ширкати ходими.

Лекин виза, соғлиқ суғуртаси ва аэропорт солиғи бунга кирмас экан. Буларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда Ўзбекистонга бир ҳафталик саёҳат 2500 доллардан ошади.

Бу нарх¸ ҳатто қиммат дейишга ор қиладиган Чехиядаги янги рус бойларини ҳам чўчитиб юборди.

- Бу пулга Ўзбекистондан олисроқ Америкага икки марта бориб келса бўладику. Масалан¸ ўтган йили ёзда мен, синглим ва қизим билан Испаниянинг Малёрка оролида 10 кун тўрт юлдузли меҳмонхона, ҳамма овқати ичида, 55 минг кронга дам олиб қайтдик. 55 минг крон бу 2500 минг доллар бўлади, дейди Светлана "Чедок" каталогини варақлар экан.

Ўзбекистонга бориш чехияликларга нафақат қиммат, балки бунинг виза олиш билан боғлиқ мушкулотлари ҳам бор.

Ўзбекистоннинг Прагада элчихонаси йўқ. Ўзбек визасини олиш учун бу мамлакатнинг Берлиндаги элчихонасига бориб келишга тўғри келади.

Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси консуллик бўлимига телефон қилиб, виза олиш тартиби билан қизиқдик.

- Чехия фуқаролари учун таклифнома керак. Сабаби, Германия каби Чехия Ўзбекистон билан махсус шартномани имзоламаган. Германия бу шартномани имзолагани учун бу давлат фуқаролари сайёҳлик визасини таклифномасиз олишлари мумкин. Лекин, чехияликлар сайёҳлик ширкатлари орқали таклифнома қилдиришлари мумкин, дейди Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ходими.

Виза таклифномаси учун сайёҳлик ширкатларга яна қўшимча 3600 крон (200 АҚШ доллари) тўлаш керак бўлади.

Лекин ҳамма тўловларни тўлаган тақдирда ҳам Ўзбекистонга боришни хоҳловчи 12 одам йиғилмаса¸ "Чедок" ширкати охирги дақиқада саёҳатни бекор қилиши ҳам мумкин.

- Ҳозирча май ойига саккиз одамимиз бор. Агар 12 одам тўплай олмасак¸ буни бекор қиламиз ва пулларингизни қайтариб берамиз, дейди Чедок сайёҳлик ширкати вакили.

Сайёҳликни қувурларсиз саноат¸ деб айтишади ва бу саноат Туркия ëки Чехия каби давлатлар ялпи ички даромадининг каттагина қисмини ташкил этади. Туркия сайёҳларни жалб этиш учун виза чекловларини бекор қилган ва мамлакатга келувчилар учун уйғун нархларни жорий қилган.

- Сайёҳлик ширкатлари Ўзбекистон бўйича таклиф қилаётган нархлар жуда қиммат. Масалан¸ мен май ойига Ўзбекистонга битта ўринни банд қилиб қўйсаму, улар менга бир-икки кун қолганда етарли одам тўплай олмадик, дейишса. Ундан кўра, ўзимиз виза ва самолёт билетини олиб Ўзбекистонга борганимиз яхши эмасми. Ўзбекистонда кимдир бизни уйида қабул қилса, уларникида яшасак¸ менимча¸ бу ҳар қанча юлдузли меҳмонхонадан кўра биз учун қизиқарли бўлар эди, дейди Катерина.

Бундай бизнесни Хивадаги Собировлар оиласи Арқончи меҳмонхонасини очиб йўлга қўйишган. Собировларнинг Ичан қалъадаги ҳовлиси бугун меҳмонхонага айланган. Сайёҳлар ойнаванд меҳмонхоналарда бўлишдан кўра, лойдан қурилган, тандир нонининг ҳиди уфуриб турадиган Арқончи меҳмонхонасини афзал билишмоқда.

- Ота-боболаримиз арқон эшиб кун кўришган ва шунинг учун меҳмонхонани Арқончи деб қўйдик. Келадиган сайёҳларнинг кети узилмайди. Бизда эрталабки нонушта билан нарх кунига 25 доллар. Шундоқ айвончамизнинг тепасидан қарасангиз¸ Хиванинг бутун манзараси кўриниб туради. Кечалари хоразмча рақс томошаларини уюштирамиз. Меҳмонларни керак бўлса Урганч аэропортидан кутиб олишимиз мумкин, дейди Арқончи меҳмонхонаси ходимларидан бири.

Бу сайёҳлик ширкатлари таклиф этаётган нархдан икки баравар арзонга тушяпти. Чехиялик қаҳрамонимизга ҳам бу маъқул бўлди. Бор-йўқ муаммо энди Ўзбекистон визасини олишда қолди...
XS
SM
MD
LG