Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:19

Freedom House: Эркин матбуот ороли кичраймоқда


Жаҳонда 8 йилдан бери муттасил давом этаëтган бу жараëн ҳозирча тўхтамайдиган кўринади. Инсониятнинг борган сари каттароқ қисми сўз ва матбуот эркинлиги ҳаққидан мосуво яшамоқда. Бу эркинлик мутлақ бўғилаëтган юртлар эса¸ Туркманистон¸ Ўзбекистон¸ Беларус ва Эрондир.

2009 йилга келиб жаҳон бўйлаб эркин матбуотдан баҳраманд бўлаëтганлар сони янада кичрайди ва унга қарши ҳужумлар¸ аксинча¸ янада кучайди.

Маркази Вашингтонда жойлашган Freedom House – Озодлик уйи ташкилотининг жаҳондаги эркин матбуот аҳволига бағишланган сўнгги ҳисоботи хулосаси ана шундай.

Дунëнинг 196 давлатидаги матбуот¸ теле ва радиоэшиттиришлар ва интернет эркинлиги вазиятини яқиндан кузатиш орқали ана шундай ташвишли хулосага келдик¸ дейди Freedom House тадқиқотлари раҳбари Кристофер Уолкер.

- Бу йил¸ глобал миқëсда биз яна бир пастлашга гувоҳ бўлдик. Бу эса¸ кейинги 8 йил давомида эркин матбуотнинг топишидан кўра йўқотишлари каттароқ бўлаëтганини англатади¸ дейди Уолкер.

Freedom House кузатувчилари ҳар йили 196 мамлакатдаги матбуот эркинлиги вазиятига бевосита ва билвосита таъсир кўрсатадаган ҳуқуқий¸ сиëсий ва иқтисодий омиллар¸ цензура¸ ҳукуматнинг таҳририй жараëндаги роли ва босими¸ журналистларнинг таҳдид ва тазйиқдан қанчалик озод экани ва оммавий ахборот воситаларининг кимга қарашли эканини ўрганиб¸ глобал рўйхат тузади.

Рўйхат тепасидаги давлатлар матбуоти энг эркин деб топилганлар¸ қуйисидагилар эса¸ аксинча бундай эркинлик мутлақ бўғилган ҳудудлардир.

196 ўриннинг энг сўнгги гуруҳига Шимолий Корея¸ Туркманистон¸ Бирма¸ Ливия¸ Эритрея¸ Куба ва Ўзбекистон киритилган.

Йиллардан бери рўйхат тубини ҳеч кимга бермай келаëтган бу давлатлардаги вазият¸ ҳисобот муаллифлари фикрича¸ айни давлатларнинг ўзида ўтган йилларда кузатилган ëмон вазиятга солиштирилганда ҳам янада ëмонлашган.

Мамлакатда қолган саноқли мустақил журналистлар¸ фотограф ва блогерларни тазйиқ қилиш¸ қўрқитиш¸ уларни қамоққа тиқиш ҳолатлари рўйхат тубидаги давлатларнинг барида кучайган. Ҳукуматлар¸ турли йўллар билан¸ хусусан мустақил ахборот манбалари сайтларини тўсиб қўйиш орқали интернет эркинлигини бўғишга катта маблағ ва куч сарфлашни давом эттирган. Айни шундай тўсиқлар¸ оддий одамларнинг мобил телефонлари орқали ахборот олиш йўлларига ҳам қўйилган-

Уч Болтиқбўйи давлатини мустасно қилганда¸ собиқ иттифоқ ўлкалари матбуот эркинлиги муттасил ëмонлашаëтган ҳудуд сифатида ташвиш уйғотмоқда. Дунëда эркин матбуот ғоясини йўққа чиқараëтган ëмонларнинг ëмони сафида айнан уч собиқ иттифоқдош – Туркманистон¸ Ўзбекистон ва Беларус бор¸ дейди Freedom House тадқиқотлари директори Крситофер Уолкер.

- Алоҳида олинган журналистларнинг таҳдид остида қолаëтганидан ташқари собиқ иттифоқ ҳудудларида интернет матбуоти тизимларининг ҳукуматлар ва бошқа қудратли кучлар томонидан тобора кўпроқ назоратга олинаëтганини кузатмоқдамиз. Оқибатда¸ плюрализм ва бу мамлакатларга оид тайинли ахборот олиш ва тарқатиш йўллари бекилмоқда. Бутун дунë глобаллашув ҳақида гапириб¸ унинг неъматларидан баҳраманд бўлаëтган айни кезларда ахборот олиш ва тарқатишга оид янги жараëнлар¸ афсуски собиқ СССР ҳудудларини четлаб ўтмоқда¸ дейди Кристофер Уолкер.
XS
SM
MD
LG