Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:33

Боткенликлар Ўзбекистондан ижара ҳақини сўрамоқда


Боткен вилояти расмийларининг билдиришича, Ўзбекистон нефт ва газ қазиб олиш, уларни сақлаш учун Қирғизистоннинг 1270 гектар еридан шўролар давридан буён фойдаланиб келган.
Боткен вилояти расмийларининг билдиришича, Ўзбекистон нефт ва газ қазиб олиш, уларни сақлаш учун Қирғизистоннинг 1270 гектар еридан шўролар давридан буён фойдаланиб келган.

Ўзбекистон Қирғизистондан ижарага олган ерлари учун 10 миллион доллар қарз бўлиб қолган. Бу маълумот Қирғизистоннинг Боткен вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилиш чоғида очиқланди.

Боткен вилоят ҳокимияти расмийси Мамажон Бердишевнинг маълум қилишича, Ўзбекистон нефт ва газ қазиб олиш, уларни сақлаш учун Қирғизистоннинг 1270 гектар еридан шўролар давридан буён фойдаланиб келган. Шўролар Иттифоқи тарқагач эса Ўзбекистон бу ерларни ижарага олган.

- Бу ерларнинг ижара ҳақи 500 миллион сўм, яъни 10 миллион доллардан ошиб кетди, дейди Мамажон Бердишев.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Ўзбекистон тарафи бу ерларнинг ижарага олинганини тасдиқлаган, аммо ижара ҳақи масаласида қарздор эканини тан олмаяпти.

Мамажон Бердишев, шундан келиб чиққан ҳолда, аввалги ҳукумат бу маълумотни кенг жамоатчиликдан сир тутгани ва ўз манфаати йўлида фойдаланганини тахмин қилади.

- Бу борадаги маълумотлар аввалги ҳукумат даврида сир сақланган ва бу ҳақда фақат тор доирадаги ҳукумат амалдорлари ҳамда ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаш бўйича давлат комиссияси раҳбарлари хабардор бўлган. Улар бундан ўз манфаатлари йўлида фойдаланган бўлишлари мумкин, деди Мамажон Бердишев.

Боткен вилояти расмийсига кўра, Ўзбекистонга ижарага берилган ерлар ҳақидаги аниқ маълумот 5 май куни ўтган вилоят коллегияси йиғилишида очиқланган.

Боткен вилоят ҳокимияти Ўзбекистонга ижара ҳақини тўлаш ёки унинг ўрнига газ бериш илтимоси билан Тошкентга расман мурожаат қилганлар. Айни пайтда Қирғизистоннинг Ўзбекистондан газ учун бўлган қарздорлиги 1 миллион 300 минг долларни ташкил этади. Ўзбекистон тарафи бу қарз тўланмаса, газ таъминотини тўхтатишини билдирган.

Боткен вилоят расмийсига кўра, ўзаро ҳисоб-китоб йўли орқали Қирғизистон бу қарздорликдан қутилиши ва ижара ҳақи қарзи узилгунича газ олиб туриши мумкин бўлади.

- Бу таклиф билан Ўзбекистон тарафига расмий мактублар жўнатганмиз. Бироқ уларга жавоб бўлмаяпти. Шунинг учун ҳам бу масалани Қирғизистон ҳукумати даражасига кўтардик, деди Мамажон Бердишев.

Қирғизистон муваққат ҳукумати раисининг ўринбосари Темир Сариев эса Озодлик радиоси мухбири саволларига жавоб берар экан, Ўзбекистонга ижарага берилган ерлар учун ҳақ тўланмай келинаётгани масаласи алоҳида ўрганилишини айтди.

- Бу масала чуқур ўрганилишни талаб қилади. Мазкур масала молия вазирлиги ва бошқа ҳукумат тузилмалари томонидан ўрганилади. Агар ҳақиқатан ҳам қарздорлик мавжуд бўлса, албатта Ўзбекистон томони билан бу масалани музокаралар йўли билан ҳал қиламиз, деди Темир Сариев.

Айни пайтда куни кеча Осиё Тараққиёт банкининг Тошкентда ўтган йиғилишида иштирок этган Темир Сариев Ўзбекистон ҳукумати расмийлари билан ҳам учрашганини маълум қилди:

- Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов билан учрашдим. Музокаралар ўтказдик. Музокараларда Қирғизистондаги бугунги сиёсий вазият, чегара, газ ва сув муаммолари муҳокама қилинди. Ўзбекистон учун сув бугунги кундаги энг долзарб муаммо. Биз имкони борича сув борасида муаммо бўлмаслигига ҳаракат қиламиз, деди Темир Сариев.
XS
SM
MD
LG