Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:58

Қорасувда савдо сусайди


Қорасув бозорида савдо сустлиги туфайли кўп савдогарлар контейнерларини ёпиб, хорижга иш излаб чиқиб кетмоқдалар.
Қорасув бозорида савдо сустлиги туфайли кўп савдогарлар контейнерларини ёпиб, хорижга иш излаб чиқиб кетмоқдалар.

Марказий Осиёдаги энг катта улгуржи бозорлардан бири бўлган Қорасув бозорида савдо 80-90 фоизга озайди. Савдогарларга кўра, бунга Қирғизистонда ҳукумат алмашувидан сўнг бозорнинг асосий харидори бўлган ўзбекистонликлар келиши камайгани сабаб бўлди.

Қирғизистоннинг Ўш вилоятида жойлашган Қорасув бозори Марказий Осиёдаги энг катта улгуржи бозорлардан бири бўлиб, бундан бир неча йил аввал бозорда 24 мингга яқин одам расман савдо-сотиқ билан шуғулланган.

Қорасув бозори расман “Туратали” бозори деб аталиб, унга йигирмата кичик бозор бириктирилган.

Маълумотларга кўра, бундан бир неча йил аввал Қорасув бозорининг бир кунлик савдо ҳажми бир неча миллион долларни ташкил қиларди.

Қорасув бозори савдогарлари Қирғизистонда сўнгги ойларда содир бўлган сиёсий-ижтимоий воқеалар сабабли бозорда савдо сусайганини айтишади:

- Вазият танг аҳволда, 7 апрелдан буён чегаралар ёпиқ. Одамлар келмай қўйди. Бозорнинг асосий харидори ўзбекистонликлар эди. Ўзбекистонликлар харидорларнинг 80-90 фоизи ташкил қилади. Айрим савдогарларнинг харидорлари 100 фоиз ўзбекистонликлар. Бу сотаётган молига боғлиқ. Мен, масалан, метраж (газламани назарда тутмоқда – таҳр.) сотаман, харидорларимизнинг 80 фоизи ўзбекистонликлар. Бозорнинг қолган 20 фоиз харидорини тожикистонликлар ва қирғизистонликлар ташкил қилади. Асосий харидор бўлган ўзбекистонликларнинг келмай қўйгани сабабли савдо ҳам 80-90 фоизга озайган, деди савдогар Ҳамид ака.

Қорасув бозори савдогарларига кўра, қўшни мамлакатлар билан чегараларнинг ёпиқлиги нафақат савдогарларга, балки мамлакатга ҳам зиён келтирмоқда. Савдонинг йўқлиги сабабли Қорасув бозоридаги кўплаб контейнерлар очилмаяпти. Бу эса давлат бюджетига улардан тушаётган солиқларнинг озайишига сабаб бўлади.

Айтиб ўтиш жоизки, Қирғизистонда апрел ойида содир бўлган сиёсий-ижтимоий воқеалардан сўнг 8 апрелдан бошлаб Қозоғистон, 9 апрел куни Ўзбекистон, кейинроқ Хитой ўзининг Қирғизистон билан чегараларини ёпган.

Қорасув бозорида савдо-сотиқ билан шуғулланувчи Жумагул Тўрўбаева Қирғизистон муваққат ҳукумати тез орада мамлакатдаги турмушни изга солиши ва қўшни мамлакатлар билан муносабатларни йўлга қўйиши керак, деб ҳисоблайди:

- Ҳукуматдан сўранамиз, ҳукумат етакчилари ҳозирда тинчликни таъминлаши, бошқа мамлакатлар, Ўзбекистонга, Хитойга йўлни очиши керак. Биз асосан Ўзбекистон, Тожикистон ва Хитой билан алоқа қиламиз, деди Жумагул Тўрабаева.

Бироқ Қорасув бозорида савдо-сотиқ билан шуғулланувчи барча савдогарлар ҳам чегараларнинг ёпилиши савдонинг сусайишига сабаб бўлди, деб ҳисобламайди. Айрим савдогарларга кўра, асосий харидор бўлган ўзбекистонликларнинг бозорга келмай қўйганига бошқа сабаблар бор:

- Ўзбекистон фуқароси келадиган бўлса, чегарада “Сенинг визанг борми?” деб йўқ нарсалар билан келган фуқароларни қўрқитиб, улардан чегарачилар пул олади, буни божхона ходимлари олади. Бозорга келганда бозор ичида ўзимизнинг милиция ходимлари буларни орқасидан тушиб олиб, ичида ҳеч нарса ёзилмаган ҳужжатларни кўтариб олиб, Ўзбекистондан келган фуқароларни қўрқитади, олиб кириб пул олади. Булар шу сабаблардан ҳам қўрқиб келмай қўйишган. Бу кўпдан бери бўлиб келаяпти. Буни ҳамма савдогар, милиция ходимларини ҳам ҳаммаси билади, деди яна бир суҳбатдошимиз.

Биз суҳбатлашган аксарият савдогарлар бугунги кунда бозорга бошқа тирикчилик манбаи бўлмагани учун фақат қорин боқиш учун савдога чиққанини айтишди. Уларга кўра, савдо озайгани сабабли кўплаб савдогарлар ўз контейнерларини ёпиб, чет давлатларга иш излаб кетишга мажбур бўлаяпти.
XS
SM
MD
LG