Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:33

Ўзбекистонда яна "исломий жиҳодчилар" қамалди


Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ичкарисида халқаро майдонда фаоллигини кўрсатишга уринаëтган "Исломий жиҳод" гуруҳи борлигини даъво қилиб келмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ичкарисида халқаро майдонда фаоллигини кўрсатишга уринаëтган "Исломий жиҳод" гуруҳи борлигини даъво қилиб келмоқда.

Тошкент шаҳар Жиноят ишлари судида саккиз нафар судланувчи “Исломий жиҳод” диний гуруҳига алоқадорликда айбланиб, 3 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилди. Айбланганлар яқинлари яширин тарзда чиқарилган бу ҳукмдан, орадан 4 кун ўтгач воқиф бўлдилар.


Бу хабарни Озодлик радиосига етказган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, судланган шахслар маҳкама жараёнида ўзларига қўйилган айбларни умуман бўйнига олмаган.

Суръат Икромов: Мана бугун бориб келдик. Бугун шу суд бўйича ҳукм ўқилиши керак эди. Аммо кейин бизларга маълум бўлишича¸ 6 май куни охирги суд жараëни бўлган. Шу суд жараëнида ҳукм ўқилиши керак эди. Лекин ярим соат ўтиргандан кейин судянинг котиби чиқиб ўша ерда иштирок қилаëтганларга¸ кузатаëтганларга ва судланаëтганларнинг яқинларига мурожаат қилиб “Душанба куни соат 11 да ҳукм ўқилади” деди. Бир кун ўтар-ўтмас менга қўнғироқ қилишди. Айтишларича¸ ўша куннинг ўзида судя судланувчиларга ўзи алоҳида кириб ҳукмни ўқиб берган.

Озодлик: Демак¸ ҳукм деярли бир ҳафта олдин ўқилган-а?

Суръат Икромов: Йўқ¸ бир ҳафта эмас тўрт кун олдин. Лекин шу пайтгача ëзма равишдаги ҳукмнинг ўзи йўқ. Биласизми¸ бугун шу нарса гапирилгани ҳам йўқ. Судя ҳам келмади. Лекин кимга қанча муддат берилгани маълум.

Озодлик: Бу йигитлар асосан қайси жиноятларда айбланди?

Суръат Икромов: Аслида булар исломий жиҳод ва ваҳҳобийликда айбланаяпти. Бу ерда битта нарса борки¸ буларнинг ҳаммаси олдин қамалган. 1999 ва 2001 йилларда бир-икки йил қамалиб чиққан. Ҳаммаси амнистия билан чиққан ўша пайтда ëки муддатини ўтаб чиққан. Унақа катта муддатларга қамалмаган. Мана ҳозирга келиб 2009 йилдан бошлаб булар қандайдир учрашув қилишиб¸ исломий жиҳод нималигини¸ ҳижрат нималигини Қуръонда қандай айтилган бўлса¸ ўшанинг маъносини тушуниб олмоқчи бўлишган. Фақат шу. Шундан дарслар олган. Аммо буларнинг ичида бир нечтаси қамала бошлагандан кейин булар 2009 йил сентябр ойида бу ўқишини тўхтатишган. Фақат ўша йилнинг ўзида декабрнинг охиридан бошлаб январнинг ўрталаригача деярли ҳаммаси қамоққа олинган.

Озодлик: Сиз уларнинг судда иштирок этган қариндошлари¸ яқинлари билан гаплашгансиз. Судланувчиларнинг икки кишидан қариндоши қўйилди холос¸ дейилаяпти. Улар нима дейишаяпти? Бу йигитлар айбловларни қанчалик тан олишаяпти?

Суръат Икромов: Йўқ¸ ҳеч ким олмаган. Ҳеч ким бўйнига олгани йўқ. Буларга асосан 216-модда билан айблов қўйилган. Фақат Олимов Яҳëга 244-модда иккинчи прим орқали иккита модда қўйилган. Шунинг учун унга 10 йилга қамоқ жазоси берилган. ҳамамсининг қариндошлари бўлган. Шулардан бирортаси айбини бўйнига олмаган. Айби суд жараëнида тасдиғини топмаган. Кейин булар бир неча бор гувоҳларни чақиртирган. Уларнинг адвокатлари ҳимоячиларни чақирган. Лекин суд бунга риоя қилмаган. Бирорта судланувчи тарафидан гувоҳларни чақиртирмаган судга.

Суръат Икромов Озодликка ҳукм чиқарилган саккиз судланувчининг исм-шарифлари ëзилган рўйхатни тақдим этди. Мазкур рўйхатга киритилган Ўзбекистон фуқаролари:

Олимов Яҳё – 1969 йилда туғилган, 10 йилга озодликдан маҳрум этилди;
Маҳмадихонов Абдурасул – 1954 йилда туғилган, 4,5 йиллик қамоққа ҳукм этилди;
Жумабоев Фарҳод – 1971 йилда туғилган, 4,5 йилга озодликдан маҳрум этилди;
Мусаев Султан - 1969 йилда туғилган 4,5 йилга қамалди;
Топилдиев Маҳмуджон – 1969 йилда туғилган, 4,5 йилга қамалди;
Раҳимов Бахтиёр – 1970 йилда туғилган, 4,5 йилга қамалди;
Зуҳуров Суръат – 1967 йилда туғилган, 4,5 йилга қамалди;
Аҳмедов Жалолхон – 1972 йилда туғилган, 3 йилга озодликдан маҳрум этилди.
XS
SM
MD
LG