Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:14

Новқат воқеаларида айбланганлар уйларига қайтди


Новқат воқеаларида айбланганлар 2008 йил ноябр ойида бўлиб ўтган суддаёқ ўзларига нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлинаётгани ҳақида гапиргандилар.
Новқат воқеаларида айбланганлар 2008 йил ноябр ойида бўлиб ўтган суддаёқ ўзларига нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлинаётгани ҳақида гапиргандилар.

17 май кеч соат 8 ларда Бишкек яқинидаги қамоқхонадан Новқат воқеаларида айбдор деб топилиб, диний мотивлар билан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилинган 32 маҳбус озодликка чиқарилди.

Новқат воқеаларида айбланиб узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилинган 32 одам озодликка чиқарилиши тўғрисида бир неча ҳафта олдин Ўшга борган муваққат ҳукумат раиси ўринбосари Алмазбек Атамбаев баёнот берган эди.

Муваққат ҳукумат май ойи бошларида Новқат воқеасида айбланганларга нисбатан амнистия эълон қилди. 17 май куни кечқурун эса Бишкек яқинидаги қамоқхонада сақланаётган 32 маҳбус мазкур амнистия асосида озодликка чиқарилди.

Эслатиб ўтамиз, 2008 йилнинг 1 октябрида новқатлик диндорлар Ҳайит байрамини тантанали нишонлашга рухсат бериш талаби билан намойиш ўтказган эдилар. Новқат милициясининг диндорларга нисбатан куч қўллаши оқибатида, намойиш тартибсизликларга айланиб кетган эди.

Ўтган вақт мобайнида бир қатор халқаро ташкилотлар, маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари Новқат воқеаларида айбланиб қамалганларга нисбатан жиноят иши соҳталаштирилганидан, уларга нисбатан ўтказилган суд жараёнлари эса сиёсий буюртма эканидан бонг уриб келгандилар.

Озод қилинганлар 18 май куни Новқатга етиб борганлар. Ўз номини айтишимизни истамаган новқатликлардан бирининг бизга хабар беришича, собиқ маҳбусларни кутиб олгани шаҳар марказидаги стадионга минглаб одамлар йиғилган.

- Новқат аҳли катта стадионга тўпланган. Ҳамма улар билан бир марта кўришиб олишга интизор. Новқатда катта хурсандчилик. Уларнинг ҳақлигини, беайб қамалганини, улар зулмланганини халқ билади-да. Шунинг учун ҳамма бу ерга йиғилган. Зулмланган халқ ҳақиқатни кўрди, унинг кўзи очилди, дейди новқатлик суҳбатдошимиз.

Новқат стадионига йиғилган халқ олдида халқ орасида таниқли бўлган ва Новқат воқеалари ташкилотчиларидан бири сифатида судланган Манас қори сўзлади.

- Алҳамдулилоҳ, мана шунча мазлумларнинг дуоси, қон йиғлаган оналарнинг дуоси, бегуноҳ гўдаклар дуоси билан Ҳақ субҳаноҳу ва таоло бизни элимизга яна қайтарди. Бизнинг озод бўлишимизга ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам жуда катта ҳисса қўшдилар. Халқимиз золимни тахтидан ағдарди. Бундан буён келган раҳбарлар эса иймон йўлидан адашмасин, деди Манас қори.

Амнистия муносабати билан қамоқдан озод этилган 32 нафар новқатлик орасида 20 йилллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган 60 ёшдаги Адҳамжон Исақов ҳам бор.

Адҳамжон Исақов: Қамоқда 1 йилу 8 ой ўтирдик. Кўпчилигимизга 18,19, 20 йиллик қамоқ белгиланган эди.

Озодлик: Сизга неча йил берилган эди?

Адҳамжон Исақов: Менга 20 йил беришган. 8 та модда қўйишган. Уларнинг орасида “оммавий тартибсизликлар, мамлакатда давлат тўнтариши уюштиришга ҳаракат қилиш, давлат раҳбарларига суиқасд уюштиришга ҳаракат” деган моддалар бор. Ҳукуматга ўша пайтда мана шундай сиёсат керак бўлган бўлса керак-да. Бизни ассосииз айблаб, қамаб қўйган.

Озодлик: Адҳамжон ака, 1 йилу 8 ой қамоқда ўтирдингиз. Қамоқда ўтирган пайтингизда озодликка чиқишингизга ишонганмисиз?

- Биз ҳаммамиз ҳақиқат қарор топади, деган қаттиқ ишончда турганмиз. Бундай зулм сиёсатининг узоққа бормаслигини ҳаммамиз сезиб, билиб турганмиз. Шунинг учун тушкунликка тушмадик, умид билан бўлдик, дейди Адҳамжон Исақов.

Қамоқдан амнистия туфайли озод қилинган новқатликлар ўзларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари соҳта бўлганини исботлаш ва тўла оқланиш ҳаракатини давом эттиришларини айтмоқдалар.

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари тарқатган хабарларга қараганда, айни пайтда Қирғизистон Олий судида 32 нафар новқатликни оқлаш юзасидан суд жараёни бошланиш арафасида. Айни пайтда Олий суд бу борада Бош прокуратура тақдим қилган ҳужжатларни ўрганмоқда.
XS
SM
MD
LG