Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:21

Тошкентда яна бир Асадов ўлдирилди. Буниси прокурор.


Яна бир Асадовнинг ўлими навбатдаги қама-қамага сабаб бўлиши мумкин¸ дейишмоқда ҳуқуқ фаоллари.
Яна бир Асадовнинг ўлими навбатдаги қама-қамага сабаб бўлиши мумкин¸ дейишмоқда ҳуқуқ фаоллари.

Тошкент шаҳар Чилонзор туман прокуратураси ходими, прокурор ёрдамчиси Дилшод Асадовнинг номаълум шахслар томонидан жорий ой бошида ўлдириб кетилгани 17 май куни маълум бўлди.


Дилшод Асадовнинг ўлими тўғрисида хабар қилган баъзи манбалар унинг Ҳамза туман прокуратурасида ишлагани тўғрисида айтгани учун аввал шу прокуратура билан боғландик.

“Худо сақласин, бундай воқеа бўлгани йўқ”, деди Ҳамза туман прокуратураси вакили.

Чилонзор туман прокуратураси вакили эса, Дилшод Асадовнинг “2 май куни ўлдирилгани рост”, деди.

Мазкур жиноят юзасидан берган бошқа барча саволларимизга прокуратура вакили жавоб бермади.

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мазкур воқеа тафсилотларини яқиндан ўрганди.

Жамият вакили Абдураҳмон Ташанов Озодликка мана буларни айтиб берди.

- Воқеани аниқлаштириш юзасидан суриштирувлар олиб бордик. Натижада маълум бўлдики¸ Қашқадарëда Ўзавтойўлнинг хўжайини бўлган¸ ундан ташқари ўзининг автосалонларига эга Илҳом Асадов деган одамнинг прокуратурада ишлайдиган бир ўғлини ўлдириб кетишган экан¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ташановнинг айтишича, Дилшод Асадовнинг жасади Тошкент метросининг Чкалов ва Машинасозлар станциялари ўртасидаги сайҳонликдан топилган.

Демак, қотиллик содир этилганига 16 кун бўлди. Прокурор ёрдамчисининг ўлимига алоқадорликда гумон қилинган фуқаролар аллақачон қўлга олина бошлаган.

- “Жуда кўпчилик ҳибсга олинган. Сўроқлар қилинаяпти. Бу бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган” деган маълумотлар олдик. Лекин афсуски расмий идоралар бу бўйича бизга изоҳ бермади¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Марҳумнинг фамилияси Асадов бўлгани учун бу воқеа беихтиёр бошқа бир Асадовнинг ўлимини ёдга солди.

Ўтган йилнинг 9 августида Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Ҳасан Асадовни ўз уйида номаълум шахслар отиб кетган эди.

Шунинг учун Ташановдан сўрадик:

Озодлик: Дилшод Асадовнинг Ҳасан Асадовга алоқаси борми йўқми?

- Бу иккита шахснинг бир-бирига алоқаси йўқ. Биринчи Асадовда яъни ўша катта Асадовнинг ўлдирилишида терроризм билан боғлашди. Лекин бунда ҳозир хусусий сабаблар бор. Яъни унинг ўлими тижорий сабаблар билан боғлиқ дейишаяпти¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Демак, Дилшод Асадовнинг ўлдирилиши унинг касбий фаолияти билан боғлиқ эмаслиги эҳтимоли каттароқ.

Эслатиб ўтамиз, марҳум ишлаган прокуратура Озодлик саволларига жавоб беришни истамади.

Прокурор ёрдамчисининг ўлими ортида унинг хусусий тижорий фаолияти билан боғлиқ сабаблар ётганлиги эҳтимоли катта бўлса-да, маъмурлар фурсатдан фойдаланиб, қама-қамаларни кучайтириши, натижада бегуноҳ фуқаролар озодликдан маҳрум қилиниши мумкин, деган хавотирда ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари.

Бундай хавотирларга боя тилга олинган Ҳасан Асадов ўлдирилганидан ҳамда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсуновга суиқасд қилинганидан (2009, 31 июл) сўнг бошланиб кетган қатағон асосдир.

Озодлик радиоси ўша жиноятлардан сўнг ўтказилган репрессиялар тўғрисида маҳаллий фуқаролар ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ёрдамида мунтазам маълумот бериб келди.

Ўтган йилдан бери ўша икки жиноят юзасидан 200 дан зиёд фуқаро ҳибсга олинди, улар устидан жиноят иши қўзғатилди, ишлар судга оширилиб, судланганлар турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.

Суд жараёнлари Тошкент вилоятининг турли туманларида, Сирдарё, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида яширин тарзда, судланганлар яқинлари иштирокисиз ўтказилгани тўғрисида, шу пайтгача озодликдан маҳрум қилинганлар яқинларига ҳукм нусхаси тақдим этилмагани тўғрисида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўз вақтида хабар қилган эди.
XS
SM
MD
LG