Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:48

Қирғизистонда “Телефонгейт” жанжали кучайиб бормоқда


Муваққат ҳукумат аъзоси Алмазбек Атамбаев "Телефонгейт" жанжали бўйича 23 ва 25 май кунлари матбуот анжумани берди.
Муваққат ҳукумат аъзоси Алмазбек Атамбаев "Телефонгейт" жанжали бўйича 23 ва 25 май кунлари матбуот анжумани берди.

Муваққат ҳукумат раиси ўринбосари Алмазбек Атамбаев бир ҳафта мобайнида икки марта “Телефонгейт” жанжали юзасидан матбуот анжумани ўтказди. Бунга қирғиз матбуотида билдирилаётган турли шубҳалар сабаб бўлди.

Бир ҳафта олдин интернет сайтларида муваққат ҳукумат аъзолари Темир Сариев ва Азимбек Бекназаров, шунингдек, Алмазбек Атамбаев ва Азимбек Бекназаровларнинг ўзаро телефон суҳбатлари ёзуви эълон қилинган эди.

Ким томонидан ёзиб олингани ва интернетга жойлаштирилгани номаълум бўлган бу телефон суҳбатларида Темир Сариев билан Азимбек Бекназаров 1 миллион долларни қандай қилиб ҳисобдан чиқариш масаласини гаплашганлар. Иккинчи суҳбатда эса Азимбек Бекназаров Алмазбек Атамбаевни 400 минг доллар пора олганликда айблаган. Кейинроқ муваққат ҳукумат аъзолари бу борада изоҳ ҳам бергандилар.

Аммо қирғиз матбуоти мазкур телефон сўзлашувлари юзасидан муваққат ҳукумат тушунтиришлари қониқарсиз бўлаётгани ва бу борада турли шубҳаларни билдираётгани тўғрисида мунтазам ёза бошлади.

Алмазбек Атамбаев ҳам қирғиз журналистларини қўллаб, “Темир Сариев ва Азимбек Бекназаров 1 миллион доллар миқдоридаги маблағни ҳақиқатан ҳам ўзаро бўлиб олишга ҳаракат қилганларми?” деган саволга муваққат ҳукумат жавоб топишга ҳаракат қилмаётганини айтди:

- Биз, яъни муваққат ҳукумат халқ бу ҳақда билмай қўя қолсин, деб айтаяпмиз. Нима, бизнинг элимиз манқуртми, деди Алмазбек Атамбаев.

У муваққат ҳукумат аъзолари телефон суҳбатлари масаласини ҳукумат йиғинларида ҳам кўтараётганини айтиб ўтди.

- Атамбаев халқ ҳақиқатни билсин, деяпти. Атамбаев мана шундай ишларни қилаётганларнинг томирини қирқади. Яқин кунларда, Худо хоҳласа, деди Алмазбек Атамбаев.

Айни пайтда муваққат ҳукумат раиси ўринбосари ўз сўзлари бўлажак парламент сайловларидаги рақибларига қарши ҳужум сифатида баҳоланмаслиги учун ўзининг сайловларда иштирок этмаслигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шу билан биргаликда, Алмазбек Атамбаев Азимбек Бекназаров уни телефон суҳбати пайтида 400 минг доллар пора олганликда айблаганини ҳам эслатиб ўтди. Унинг айтишича, Бош прокуратура бу масала юзасидан жиноят иши очмаётганлиги уни таажжублантирмоқда.

- Демак, мен пора олган бўлсам, қонун олдида жавоб беришим керак, лекин нега прокуратура бу борада жиноят иши очмаяпти, деди Алмазбек Атамбаев.

Ҳозирча Алмазбек Атамбаевнинг бундай чиқишларига муваққат ҳукумат расмий муносабат билдиргани йўқ. Азимбек Бекназаров ҳам бу масалада шарҳ беришдан тийилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Темир Сариев ва Азимбек Бекназаровларнинг 1 миллион долларни давлат ҳисобидан чиқариш борасидаги телефон суҳбатлари ёзуви эълон қилингач, муваққат ҳукумат бу борада тушунтириш берган эди. Унда айтилишича, муваққат ҳукумат мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш мақсадида куч ишлатар тизимлар, халқ дружиналари ва махсус амалиётларни амалга ошириш мақсадида 1 миллион доллар маблағ ажратган. Темир Сариев ва Азимбек Бекназаровларнинг суҳбатларида айни мана шу маблағни қандай қилиб расмийлаштириш масаласида сўз борган.

Алмазбек Атамбаев эса мазкур мақсадлар учун 1 миллион эмас, 2 миллион доллар ажратилганини, телефон суҳбатида эса фақат 1 миллион ҳақида сўз бораётгани шубҳани кучайтираётганини айтган.

Бу борада муваққат ҳукумат маъмурияти раҳбари Эмил Қаптагаев изоҳ берди:

- Биз хавфсизлик масаласига ҳукумат қарори билан маблағ ажратганмиз. Ҳозир бу маблағ 2 миллион доллар, деб айтилаяпти. Бироқ ҳукумат қарорида қанча маблағ ажратилиши аниқ айтилмаган, фақат “маблағ ажратилсин”, деб қайд этилган. Телефон суҳбати чоғида эса исталган маблағ айтилиши мумкин. Бу ҳужжат эмаску, дейди Эмил Қаптагаев.

Қирғизистон собиқ давлат котиби Ишенбай Абдураззақов “телефонгейт” жанжали юзасидан муваққат ҳукуматда якдиллик йўқлиги ички сиёсий кураш кучайиб бораётганидан даракдир, деган фикрда.

- Ҳукуматдагилар ўз манфаатларини унутиб, якдиллик билан ҳаракат қилишлари зарур эди. Чунки олдинда муваққат ҳукуматни легитимлаштириш каби мураккаб жараёндан ўтиш керак. Бироқ муваққат ҳукуматдаги позицияларнинг келишмаслиги бунинг аксини кўрсатиб турибди, дейди Ишенбай Абдураззақов.

Айни пайтда Қирғизистон Бош прокуратураси “Телефонгейт” жанжали юзасидан жиноят иши очилмаслигини билдирди. Бош прокуратурага кўра, бу жанжал юзасидан бирорта даъвогар ариза бермагани сабабли ҳам ҳуқуқ-тартибот тузилмалари қонунчиликка биноан жиноят иши очиш ҳуқуқига эга эмаслар.
XS
SM
MD
LG