Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:52

Ҳафта суратлари: тасвирдаги лаҳзалар


"Юзта -юзта" отамиз, кейин қўшиқ айтамиз.
"Юзта -юзта" отамиз, кейин қўшиқ айтамиз.

Ўтган ҳафта қандай бўлди? Бу саволга ҳар кимнинг ўз жавоби бор. Ҳар кимнинг ўтган ҳафтада куюнгани ва суюнгани бор. Ўтган ҳафтадаги айрим воқеаларнинг бир лаҳзасини ўзида мужассам этган ва ҳафтанинг энг яхши суратлари деб топилган куюнчли ва суюнчли фотосуратлар билан танишинг.

Ўтган ҳафтада Белорусда ортодоксал православ черкови Муқаддас учлик байрамини ўтказди. AFP фотомухбири Виктор Драчев бу байрамда қатнашиб, миллий кийимлардаги белорус аёлларини суратга олди.

Кўриб турганингиздай, белорус кампирлари байрам муносабати билан "юзта-юзта" отиб, кейин эса ўз шодликларини миллий рақслар билан ифодалашга жўнаб кетдилар.

"Тарихни бузишга йўл қўймайман".
Ундан кейинги суратда эса норозиликнинг ўзига ҳос ифодасини кўриб турибсиз. Озодлик радиоси мухбири бу фотосуратни Москванинг тарихий мавзеларидан бирида тасвирга олган.

Юк машинаси ғилдираклари остига ўзини ташлаган бу ёш йигит Москванинг Кадашевский деб номланган тарихий мавзеси бузилишига ва қайта қурилишига қарши ўз норозлигини билдирмоқда.

Мазкур мавзе Москва мэри Юрий Лужков имзолаган пойтахтни 2025 йилгача қайта қуриш лойиҳаси таркибига киритилган. Кадашевский мавзесини сақлаб қолиш мақсадида Москвадаги 30 дан ортиқ нодавлат ташкилотлари коалиция ташкил қилдилар.

Тарихсевар йигит ўзини юк автомашинаси остига ташлаб, Москва шаҳри тарихининг бир қисмини сақлаб қолишга ҳаракат қилаётган бир пайтда, россиялик хоккей ишқибозлари спорт барларга йиғилиб, пиво ва коктейллар буюртма бериб, қизғин хоккей матчига тайёргарлик кўра бошладилар.

"Уууххх.... ютқаздик".
2010 йилнинг 23 майида Жаҳон чемпионати доирасида Россия хоккей терма жамоаси Чехия командаси билан беллашди. Германияда ўтган чемпионатда Чехия хоккей жамоасининг 2:1 ҳисобида ғолиб келиши россиялик хоккей ишқибозларини жуда аламзада қилгани фотосуратдан кўриниб турибди.

Шу ўринда футбол ишқибозларини қизиқтирган янгиликни ҳам айтиб ўтсак. 28 май куни Европа футбол уюшмаси президенти Мишел Платини футбол бўйича 2016 йилги жаҳон чемпионати Францияда ўтишини эълон қилди.

2016 йилги Европа чекмпионатига мезбон бўлиш учун Франциядан ташқари Италия ва Туркия даъвогарлик қилган эди.

AFP мухбири Женек Скарзинский Полшадаги сув тошқинига дучор бўлган қишлоқлардан бирида мазкур фотосуратни олган. Унда фермерлар сув тошқинида қолган отни қутқаришга ҳаракат қилмоқдалар.

"Қўрқма, тойчоғим, сени ташлаб кетмайман"
Ўтган ҳафта Полшада содир бўлган сув тошқини ҳам дунё матбуотининг диққат марказида бўлди. Сўнгги бир неча ўн йил ичида энг кучлиси бўлган бу сув тошқини оқибатида 15 киши нобуд бўлди, бедарак йўқолганлар ҳам борлиги айтилмоқда.

Сув тошқини хавфи Полша пойтахти Варшавага ҳам таҳдид қилмоқда.

Варшаваликлар кейинги кунларда Висла дарёси соҳилларини мустаҳкамлаш билан банд бўлди.

«Новости» агентлиги фотомухбири эса Қирғизистонга сафар қилган. У Қирғизистондаги 7 апрел воқеаларидан сўнг жароҳат олганлар, оддий қирғизистонликлар ҳаётини тасвирларга муҳрлашга уринган.

Фотомухбир Жалолободдаги касалхонада ҳам бўлди ва бу ерда 14-19 май кунлари содир этилган тартибсизликлар чоғида яраланган бир йигитни суратга туширди.

Айтиб ўтиш жоизки, Қирғизистонда содир бўлган апрел ва май воқеаларида жами 96 кишининг ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Қирғизистон муваққат ҳукумати ҳалок бўлганларнинг оилаларига 1 миллион сўм, яъни 45 минг доллар миқдорида кўмак кўрсатди. Яраланганларга ҳам тавон пули тўланди.

Қирғизистондаги воқеаларда жами 1500 дан ортиқ одам турли тан жароҳатлари олганлиги маълум қилинган.


Айни пайтда қирғиз жамоатчилиги мамлакатда парламент бошқаруви назарда тутилган янги конституция лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Бу конституция 27 июн куни умумхалқ референдумида тасдиқланиши кутилмоқда.


"Кўкнорига харидор борми?"
Epa агентлиги учун сурат олган Тяго Петинг ажойиб ракурсни танлашга муваффақ бўлган. У Афғонистоннинг Фарах вилоятидаги Бола Булоқ қишлоғида кўкнори пояларини орқалаб кетаётган деҳқонни тасвирга олган.

Айни пайтда Афғонистоннинг Фарах вилоятида зўравонликлар ҳам тез-тез содир бўлиб турибди.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотда айтилишича, Фарах вилоятида 24 май куни йўловчи ташувчи автобус портлатиб юборилган.

Портлаш натижасида йўловчилардан камида беш киши ҳалок бўлган.
XS
SM
MD
LG