Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:18

"Имомлар қуёши"нинг мақбараси можарога сабаб бўлди


Ислом олимининг Ўзгандаги мақбараси Туркия Диёнат Вақфи ёрдамида қад кўтармоқда.
Ислом олимининг Ўзгандаги мақбараси Туркия Диёнат Вақфи ёрдамида қад кўтармоқда.

Қирғизистоннинг Ўш вилояти Ўзган шаҳрида Туркиянинг Диёнат Вақфи жамғармаси томонидан ўтказилган тадқиқот натижасида ислом олими “Имомларнинг қуёши” унвони соҳиби имом Сарахсийнинг 10 аср муқаддам қурилган мақбараси топилди.

2005 йилда Туркия олимлари Қирғизистоннинг Ўш вилоятига қарашли Ўзган шаҳри Мирзақулов кўчасида жойлашган бир қабр юзасидан тадқиқот олиб борадилар.

2007 йилда бу қабр Ўзган шаҳрида минг йил аввал яшаб ўтган, “Имомларнинг қуёши” унвони соҳиби, ислом шариат қонунларига асос солган, ушбу йўналишдаги 30 томлик “Мабсути Сарахсий” асари ва Фикҳ илмига оид ўндан ортиқ китобларнинг муаллифи ислом оламининг буюк олими Муҳаммад ибн Абу Сахл ибн Ас Сарахсий Шамсул Аимага тегишли экани исботланади.

Ўзган шаҳри Мирзақулов кўчасининг олим қабри ёнида жойлашган 70- уй эгаларига кўра, 2009 йилда Туркия олимлари маҳаллий ҳукумат расмийларига ушбу кўчадаги 11та уйни бузиб, уларнинг ўрнига имом Сарахсий мақбараси тиклаш, масжид ва музей қуришни таклиф қилишади. Бунинг учун маҳаллий ҳукумат ушбу 11та уй эгаларига уй қуриш учун ер ажратиши кераклигини, ер ва уй қуриш ҳаражатларини Туркиянинг Диёнат Вақфи тўлашини таклиф қилишади.

Ўзган шаҳри Мирзақулов кўчасидаги 70 - уйнинг эгаси Абдулазиз Ҳамидовнинг айтишича, Туркиянинг Диёнат Вақфи вакиллари маҳаллий аҳоли билан ҳам учрашади ва танлаб олинган уй эгаларига уйининг эвазига 3 та таклиф киритишади:

- Ер берамиз, деди, чек деди. “Туркия мамлакати уйни қуриб беради, ўшалар пул ажратади деди. Сизларга замонавий қилиб, пластик эшик - ром билан, сесмапойис, пишшиқ ғиштларда, паравой отопления қилиб уй солиб берамиз”, деди турклар. Ана шу Шамсиддинбей дегани мана шу гапни айтди

Иккинчи таклифи, Ўзган шаҳридан кўрсатган уйингларни олиб берамиз, деди. Учинчиси, сизлар билан келишилган нархда уйингларни сотиб оламиз, деган учта таклифни киргизди, - деди Абдулазиз Ҳамидов.

Абдулазиз Ҳамидовнинг айтишича, улар биринчи таклифга рози бўлишган. Бироқ Ўзган шаҳар кенгашининг собиқ раҳбари Собир Отажонов уй эгаларини ўз иш кабинетига чақиради ва уларга ер ажратилиб, бузилган уйлар квадрат метрига тенг қилиб уй солиб берилишини бироқ, қўрғон атрофини бузилган уйларидан чиққан қурилиш моллари билан ўзлари тўсиб олишлари кераклигини айтган.

Абдулазиз Ҳамидовга кўра, шундан сўнг уларда уй қурилиши бўйича ҳам шубҳа пайдо бўлган ва улар турк вакилларининг 3 таклифини қабул қиладилар, яъни уйларини нақд пулга сотишларини айтишган ва ўз уйларига 50 минг доллар миқдорида нарх белгилашган.

Суҳбатдошимизга кўра, у ўз уйини сотишини айтганидан кейин шаҳар расмийлари унинг уйини 12 минг долларга баҳолашади. Бироқ уй эгалари бунга рози бўлишмайди. Шаҳар расмийлари эса буни турк вакилларига одамлар уйларини 100 минг долларга баҳолашяпти, дейди . Бундан ташқари суҳбатдошларимизга кўра, шаҳар расмийлари турк вакилларига шаҳарнинг бошқа еридан жой ажратиб беришни ва қабирни ўша ерга кўчиришни таклиф қилишади. Шундан сўнг 2009 йилда Туркиянинг Диёнат Вақфи жамғармасининг Шамсиддинбей исимли вакили уй эгалари билан ўзи учрашишга қарор қилади.

Эътиборингизга ушбу учрашувда ёзиб олинган овозларнинг айримларини ҳавола қиламиз:

- Ўзган шаҳар кенгашининг собиқ раҳбари Собир Отажонов: Биз булар билан гаплашдик, бу боласи, бу отаси, бу тоғаси (Ҳамидовлар назарда тутилмоқда – таҳр). Булар бир туғишган, мана бу уйнинг эгаси (Имом Сарахсий қабри ёнида жойлашган Ҳамидовларнинг уйи назарда тутилмоқда – таҳр). Булар, “Шамсиддинбей келсин, 100 минг доллар берсин, пули кўп, дедишди. Бизга Худонинг кераги йўқ, бизга фақат пул керак”, дейишяпти, - деди Собир Отажонов.

Ушбу учрашув чоғида Диёнат Вақфи жамғармасининг Шамсиддинбей исимли вакили, уй эгаларига кўп пул беролмаслигини, фақат маҳаллий расмийлар томонидан белгиланган уйнинг нархи берилиши мумкинлигини айтган:

- Бизнин Туркия жумҳурияти давлати билади. Булар текширилади. Мен бу ерда 1 метр ер 300 доллар десам. Бу ерда элчихона бор, ўшалардан сўралади. Улр ҳам ҳисоблаб чиқишади. Кейин менга “Сен бизга 300 доллар дединг, бу ерда 200 доллар экан. Сен нега 300 доллар дединг”, дейишади. Мени текширишади. Кўп пул тўлай олмайман, - деди Шамсиддинбей.

Қўшимча қилиб ўтамиз, Абдулазиз Ҳамидовнинг айтишича, шаҳар расмийлари унга уйини ўз хоҳши билан сотиши кераклигини айтишган. Акс ҳолда турли тухматлар билан қаматиб юбориш билан тахдид қилишган. Абдулазиз Хамидов, шундан сўнг расмийлар билан бўлган барча учрашувларни ёзиб олишга қарор қилган. Ушбу овозлар, шундай ёзувлардан биридан олинди.

Бироқ бу учрашув ҳам тарафлар келишолмаслиги билан якунланади. Шундан сўнг турк вакиллари сотиб олиниши режалаштирилган, 11 уйдан фақат 3тасини сотиб олишларини. Бу ерда мақбара қурилишини, музей ва кутубхона эса бошқа ерга қурилишини айтишади.

Ўзган шаҳри Мирзақулов кўчасининг олим қабри ёнида жойлашган Ҳамидовлар уйи эса сотиб олинмаган 8 уйнинг бири бўлиб қолади.

Бироқ Абдулазиз Хамидовнинг отаси 71 ёшли Набижон Ҳамидовнинг айтишича, уйининг қабр ёнидаги қисми, расмийлар томонидан мақбара қурилиши учун ноқонуний тарзда тортиб олинган:

- Мени еримни тухмат билан ошириб, ўлчаб 5 сотих дейишди. Сени уйинг беш сотих экан, 4 сотихинг қолди, 1 сотихини оламиз деди. Кейин ариза ёзиб борсак, “Бунда ҳужжат бўйича 4 сотих ер бор экан. У эса 4 сотих 70 квадрат метр ерни эгаллаб турибди. Ўша одам эгаллаб турган 70 квадрат метр ер унга тегишли эмас, мозорнинг ерини ўзбошимчалик билан эгаллаб олибди. Биз ўшани олдик”, деб документ чиқарди,- деди Набижон ота.

Қўшимча қилиб ўтамиз, 2010 йилда Ўзган шаҳар архитектураси Ҳамидовлар уйининг мақбара учун олинган қисми бўйича текширув ўтказган. Шаҳар архитектураси текширув натижаси бўйича шу йилнинг 24 апрел куни шаҳар раҳбариятига жавоб ҳати жўнатган. Унда Набижон Ҳамидов ростдан ҳам қабр ёнидан 70 квадрат метр ерни ўзлаштириб олгани айтилади.

Бироқ, 2010 йилнинг май ойида Набижон ака сўрови билан Ўзган туман кўчмас мулкларни рўйхатга олиш бошқармаси унинг уйида текширув ўтказади ва Набижон акага жавоб хати жўнатади. Хатда Набижон акага 1975 йили 400 квадрат метр ер берилгани, бироқ хозир унинг уйи 372 квадрат метрни ташкил қилиши айтилган.

Қўшимча қилиб ўтамиз, Имом Сарахсий қабри ёнида яна бир неча уйлар бутунлай бузиб ташланган. Уй эгаларига эса шаҳарнинг бошқа еридан уй қуриш учун ер ва маблағ ажратилган. Бундан ташқари уй эгаларига ўз ҳовлисидан уйларини бузиб, қурилиш маҳсулотларини олиб кетишга ҳам рухсат берилган.
XS
SM
MD
LG