Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:49

Муваққат ҳукумат этник низолар олдини олмоқчи


Қирғизистон муваққат ҳукумати аъзоси Элмира Ибраимовага кўра, муваққат ҳукумат тез кунлар ичида этник низоларни олдини олиш бўйича махсус дастур қабул қилади.
Қирғизистон муваққат ҳукумати аъзоси Элмира Ибраимовага кўра, муваққат ҳукумат тез кунлар ичида этник низоларни олдини олиш бўйича махсус дастур қабул қилади.

Бишкекда миллатлараро низолар олдини олишга бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Унда иштирок этган расмийлар Қирғизистонда этник низоларнинг олдини олишга йўналтирилган махсус ҳукумат дастури ишлаб чиқилганини маълум қилдилар.

Сўнгги бир неча йил ичида Қирғизистондаги Петровка, Искра, Маевка қишлоқларида миллатлараро низога асосланган тартибсизликлар бўлиб ўтди. 7 апрел воқеаларидан сўнг Қирғизистон жанубида миллатлараро низо чиқариш уринишлари кузатилгани ҳам қайд этилди.

Бишкекдаги “Халқаро толерантлик учун” ташкилоти мутахассислари фикрича, миллатлараро низо муайян сиёсий кучлар, криминал тузилмалар томонидангина эмас, иқтисодий қийинчилик шароитида яшаётган аҳоли гуруҳлари томонидан ҳам қўзғалиши мумкин.

Мутахассислар фикрича, иқтисоди ривожланмаган, ишсизлик ва қашшоқлар сони кўп бўлган Қирғизистонда миллатлараро низо содир бўлишининг олди тўла олинган, деб бўлмайди.

Шу жиҳатни назардан қочирмаган Қирғизистон муваққат ҳукумати бундай низоларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида маҳсус давлат дастури устида ишламоқда.

- Муваққат ҳукумат махсус дастур ишлаб чиқди. Унда этник қарама-қаршиликларни бартараф этиш масаласи кўтарилган. Бу дастур ҳозир ҳукумат тузилмаларига ўрганиш учун берилган. Дастурда этник низоларнинг олдини олиш учун турли соҳаларда ҳаракат қилиш назарда тутилади. Масалан, миллий хавфсизлик, халқ дипломатиясидан фойдаланиш каби. Тез орада бу дастур қабул қилиниши кутилмоқда, деди муваққат ҳукумат аъзоси Элмира Ибраимова.

Муваққат ҳукумат расмийси бу маълумотни 31 май куни Бишкекда ўтган миллатлараро низоларнинг олдини олиш масаласига бағишланган анжуманда билдирди.

Европада хавсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Бишкекдаги маркази мутахассиси Александр Ванников фикрича, муваққат ҳукумат бу дастурни кечиктирмасдан, тез кунларда қабул қилиши керак. Мутахассисга кўра, айни пайтда Қирғизистонда вазиятни издан чиқариш мақсадида миллатлараро низо чиқаришдан манфаатдор бўлган кучлар мавжуд. Бу дастурни қабул қилиш ва амалга ошириш орқали этник осойишталикни таъминлаш имконияти кўпаяди.

- Айни пайтда, биз ҳаммамиз, жумладан, муваққат ҳукумат ҳам этник осойишталик дастурини “хўжакўрсин”га бажарилиши ўз-ўзини алдаш эканини тан олишимиз зарур. Мамлакатда этник низога сабаб бўлувчи бир қатор сабабларни ҳукумат зудликда бартараф этиши керак. Этник озчилик вакилларини жамоат ишларига жалб қилиш, фаоллигини кучайтириш энг биринчи навбатда қилинадиган ишлардан биридир, дейди Александр Ванников.

Миллатлараро низоларнинг олдини олиш масаласига бағишланган анжуманда иштирок этган Германиянинг Қирғизистондаги элчиси Холгер Грин эса этник низоларни бартараф этишнинг энг биринчи шарти иқтисодий ривожланиш эканини таъкидлади.

- Бир гуруҳ бошқа гуруҳга нисбатан қашшоқ яшаётгани ҳам низолар учун етарли асосдир. Масалан, мен бир неча йил аввал Францияда мигрантлар билан полиция ўртасида содир бўлган тўқнашувга гувоҳ бўлганман. Ўшанда мигрантлар ўзларининг иқтисодий шароитлари ёмон эканлигига норозилик билдириб, кўчага чиққан эдилар, деди Холгер Грин.

Этник низолар олдини олишга бағишланган анжуманда муваққат ҳукуматга бир қатор таклифлар киритилди. Ўз навбатида, муваққат ҳукумат расмийлари бу таклифлар инобатга олинишини ва махсус дастурга киритилишини билдирдилар.
XS
SM
MD
LG