Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:01

Назарбоев "элбоши"ликка рози бўлмади


Қозоғистон парламентининг ҳар иккала палатаси президент Нурсултон Назарбоевга "элбоши" мақоми бериш ҳақидаги қонун лойиҳасини тасдиқлади. Бироқ қонуннинг кучга кириши учун унга имзо қўйиши лозим Назарбоевнинг ўзи уни тасдиқлашдан бош тортди.


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг парламент таклиф этган "Элбоши" унвонидан воз кечиши қўшни давлат раҳбарлари учун ўрнак бўлишга арзирлик қадамдир, дейди Қозоғистондаги Адолат партияси вице-президенти Серик Абдураҳмонов Озодлик билан суҳбатда.

- Назарбоев ўзи учун энг асосий дахлсизликни учун парламент инъом этаётган қандайдир унвон ёки қоғоздаги ҳуқуқлар эмас, балки чинакам демократик жамият беражагини тушуниб етди. Менимча¸ сўнгги бир ой ичида бу борада давом этган мустақил матбуотдаги баҳсу мунозаралар Назарбоевга жамиятдаги кайфиятни тушунишига ёрдам берди, дейди Абдураҳмонов.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевга "Элбоши" унвонини бериш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Нур Отан партияси томонидан илгари сурилди ва ўтган ҳафта мамлакат парламентининг қуйи ва юқори палатаси томонидан қабул қилинди.

Қонун лойиҳасида Назарбоевга президентлик лавозимидан кетганидан кейин ҳам судга тортилишдан дахлсизлик ҳамда ҳукумат сиёсатига таъсир ўтказиш каби бир умрлик махсус ҳуқуқлар бериш кўзда тутилган эди.

Телевидение орқали чиқишида Қозоғистон раҳбари бундай илтифот учун ўз халқига миннатдорчилик билдирди, лекин элбошилик мақомини қарор ё қонунлар билан олиш мумкин эмаслигини айтиб, қонун лойиҳасини имзоламаслигини билдирди.

"Бу ўз келажаги ҳақида ўйлаётган қўшни давлат раҳбарлари учун ўрнакдир", деб сўзида давом этади Серик Абдураҳмонов.

- Фақат демократик тузум, фақат демократик тузилмалар, фақат демократия дахлсизликнинг энг яхши кафолатидир. Агар ҳамма нарса бир одам хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлса, ҳокимият бир одам қўлида бўлса, демак бу заиф, мўрт ҳокимият, бу тарихдан маълум. Қирғизистондаги сўнгги ойлардаги воқеалар ҳам ҳокимиятни узурпация қилмаслик кераклигини кўрсатди, дейди Серик Абдураҳмонов.

Қозоқ коммунистлари етакчиси Серикбўлсин Абдилдин фикрича, Нурсултон Назарбоев халқаро ҳамжамият олдида ўзини демократ қилиб кўрсатиш учун парламентдаги бу ўйинни атайлаб уюштирган. Аслида, дейди Абдилдин¸ Назарбоевнинг Ўзбекистон юртбошиси Каримов ёки марҳум туркманбоши Ниёзовдан фарқи йўқ.

- Назарбоев фақат бошқача тактика қўллайди¸ холос. У атайлабдан дивидент қозониш учун буни уюштиради. Бунақа томошаларни биринчи марта кўраётганимиз йўқ. Лекин, махсус унвонсиз ҳам президент ҳақидаги қонун унга ва оиласига лозим бўлган дахлсизликларни бериб қўйган, дейди Абдилдин.

Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни 21 йилдан бери бошқариб келади. Кейинги ой 70 ёшга тўладиган Назарбоевнинг жорий президентлик муддати 2012 йилда ниҳоясига етиши керак. 2007 қабул қилинган махсус қонун Нурсултон Назарбоевга президентлик учун ўз номзодини чекланмаган марта қўйиш имконини беради.
XS
SM
MD
LG