Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:28

Сўғдда “Ёҳуво гувоҳлари” ушланди


Сўғд вилоят прокуратураси вакилларига кўра, "Ёҳуво гувоҳлари"нинг Хўжанддаги қўнимгоҳидан мазкур оқимни тарғиб қилувчи кўплаб китоб ва аудиодисклар топилган.
Сўғд вилоят прокуратураси вакилларига кўра, "Ёҳуво гувоҳлари"нинг Хўжанддаги қўнимгоҳидан мазкур оқимни тарғиб қилувчи кўплаб китоб ва аудиодисклар топилган.

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳар прокуратураси ва миллий хавфсизлик бўлими “Ёҳуво гувоҳлари” оқимига мансуб 17 нафар тожикистонлик устидан терговни қайтадан бошлади. Улар ирқий ва диний низо қўзғаганликда айбланмоқда.

Хўжанд шаҳар прокуратураси маълумотларида айтилишича, “Ёҳуво гувоҳлари” вакиллари маҳаллий аҳоли ўртасида ноқонуний тарғибот ишларини олиб борган, жамоатчилик жойларида ёшларни ҳарбий хизматдан бош тортишга чақирган.

Сўғд вилоят прокуратураси матбуот маркази вакили Карим Комилов сўзларига кўра, махфий равишда фаолият олиб борган мазкур гуруҳ Хўжанд шаҳри марказидаги уйларнинг бирида қўним топган. Гуруҳ ижарага олган уй тинтув қилинганида хорижда чоп этилган диний-тарғибот мазмунидаги 100 дан ортиқ китоб, аудиодисклар мусодара қилинган.

Қўлга олинганларга Тожикистон Жиноий кодексининг 189-моддаси (аҳоли ўртасида ирқий ва диний низо уйғотиш) бўйича айблов қўйилган. “Ёҳуво гувоҳлари”нинг 17 нафар аъзоси ноқонуний диний тарғибот билан шуғулланганликда айбланиб, ҳибсга олинган. Улар билан суҳбат ўтказилгач, шаҳардан чиқиб кетмаслик шарти билан ҳаммаси қўйиб юборилган.

Эслатиб ўтамиз, мазкур оқим вакилларидан бири Зафар Раҳимов 2009 йил сентябр ойида ЕХҲТнинг Варшавада бўлиб ўтган йиғилишида иштирок этиб, Хўжанд шахрида “Ёҳуво гувоҳлари” таъқиб қилинаётгани ва уларга нисбатан асоссиз равишда жиноий иш очилгани ҳақида гапирган эди.

- Республика Конституцияси диний эркинликни кафолатлайди. Шундай экан, диний эркинлик Қонун томонидан ҳимоя этиладиган бир мамлакатда “Инжил” китобини ўқиш таъқиқланишига ҳам асос йўқ, деган эди Зафар Раҳимов.

Хўжанд шаҳар ҳукумати ҳузуридаги диний ишлар қўмитаси ходими Ҳамзаали Пўлодовнинг айтишича, “Ёҳуво гувоҳлари” оқими фаолияти республикада расман тўхтатилганига қарамай, ўз тарғиботларини давом эттирмоқда.

- Ушбу оқим аъзолари асосан Инжил тиловат қилиш билан шуғулланишган. Улар орасида аёллар ва 6-10 ёшдаги ёш болалар ҳам бўлган. Уларнинг бир қисмини тожик ва ўзбек миллатига мансуб одамлар ташкил этади. Улар айнан шу гуруҳ аъзолари эканларини яширишмади, дейди Ҳамзаали Пўлодов.

1997 йилда Тожикистонда расман қайдга олинган “Ёҳуво гувоҳлари” ташкилоти мамлакат қонунларига зид иш юритганлиги сабабли 2007 йилда фаолияти расман тўхтатилган. Аммо бу Тожикистонда “Ёҳуво гувоҳлари” аъзолари қолмади, дегани эмас. Улар орасида маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам бор.

- Илгари мусулмон бўлганман. Лекин йиллар ўтиб, мен Исо уммати бўлишни ихтиёр қилдим. Бугун мен учун мана шу мазҳаб тўғри йўл, деб ҳисоблайман. Чунки зино қилган, одам ўлдирган ва икки одамни ўртасига айрилиқ солган одамларнинг гуноҳи кечирилмайди. Мен ҳам бир пайтлари гуноҳ қилиб қўйдим ва насронийлар уйига келиб, гуноҳимдан тозаландим. Ўша ерда ибодат қилганимдан кейин бутун қалбим янги бўлди, мени Худо кечирганлигига ишондим. Оиламизда сингилларим ҳам насроний динини қабул қилган. Лекин ака-укаларим бунга қарши, дейди мазкур оқим аъзоси Матлуба.

Маҳаллий таҳлилчи Мақсуд Жўраев фикрича эса, тожикистонлик анъанавий дин вакилларининг бошқа дин ва оқимларга кириб кетишга руҳий таскин илинжи эмас, балки фақирлик, иқтисодий танглик ундамоқда.

- Одамларнинг бошқа мазҳабларга ўтиб кетишига асосий сабаб ўша гуруҳлар бераётган эҳсонлардир. Бундай гуруҳлар одамларни моддий манфаатдорлик йўли билан ўз сафига жалб қилишга уринаётгани ҳақида маълумотлар бор. Бошқа томондан, республика ҳукумати, маҳаллий раҳбарлар ўз фуқароларига жиддий эътибор бермай қўйган. Раҳбарлар ўз халқига ёрдам берса, ғамхўрлик кўрсатса, мана шундай миссионерлик ташкилотлари бизнинг юртимизда ўз ақидаларини ўтказа олмайди, дейди Мақсуд Жўраев.

Таҳлилчи ота-бобоси мусулмон бўлган сўғдликларнинг насроний дини оқимларига кириб кетишини ҳукуматнинг йил сайин мусулмон диндорларга бўлган тазйиқи кучайиб бораётгани билан ҳам изоҳлайди.

Айни пайтда “Ёҳуво гувоҳлари” диний оқимига фақат мусулмонларгина эмас, Марказий Осиёда насронийларнинг анъанавий динларидан бўлган православ дини вакиллари ҳам эргашиб кетаётганини кузатиш мумкин. Рус православ черкови руҳонийси Олег Тожикистонга яқинда келган диний оқимлар вакилларининг прозелитизм шуғулланиши номақбул иш эканини айтади.

- Бошқа насроний оқимлар вакиллари фақат Исони қабул қилишга, ўз мазҳабларидан воз кечишга даъват этишлари нотўғри албатта. Бу Яратган олдида ҳам гуноҳдир. Ахир Ислом ёки Православ дини бошқа диндагиларни ўзига мажбуран жалб қилмайди-ку, дейди Рус православ черкови руҳонийси Олег.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда Ислом динидан ташқари 85 та бошқа диний мазҳаблар мавжуд.
XS
SM
MD
LG