Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:36

Жалолободда “Қора Ойбек” ўлдирилди


"Қора Ойбек" лақаби билан танилган Ойбек Мирсидиқов ҳокимиятдан четлатилган президент Қурмонбек Бакиев тарафдорларидан эди.
"Қора Ойбек" лақаби билан танилган Ойбек Мирсидиқов ҳокимиятдан четлатилган президент Қурмонбек Бакиев тарафдорларидан эди.

Шу йилнинг 6 июнидан 7 июнига ўтар кечаси Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида содир бўлган отишма натижасида “Қора Ойбек” лақаби билан танилган Ойбек Мирсидиқов ва у билан бирга бўлган 3 киши номаълум шахслар томонидан отиб ўлдирилган.

Тунда бўлган отишма тўғрисида Озодликка ҳабар берган жалолободликлардан бирининг айтишича, воқеа Жалолобод шаҳридаги Олмабоғ кўчасида содир бўлган.

- Соат 12 дан 10 минут ўтганда овоз эшитилди, отишма овози. Биз кўчага чиққани қўрқдик. Эрталабга яқин тўртта одам ўлганини, Ойбек аканинг отганлигини, Карим аканинг отганлигини, Садир аканинг отганлигини, Телеман деган Ойбекнинг телохранители бўлиб юрган ака бор эди - шу ҳам ўлганлигини айтишди, деди жалолободлик суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, Ойбек Мирсидиқов ва унинг шериклари Тойота Марк-2 русумидаги машинада бўлган, уларни отган одамларнинг қандай машинада келгани номаълум. Номаълум шахслар Ойбек Мирсидиқов ва унинг шерикларини ўққа тутгач, воқеа жойидан қочиб кетишган. Бироқ у ерда одамлар йиғилиб, Ойбек Мирсидиқов ўлмаганини кўришган:

- Кечки пайт ана шу ерда бўлган укаларимизнинг айтиши бўйича, уларни контролний вистреллари билан отган экан. Одамлар “Ойбек ўлмапти” деса, одамларни овозини эшитиб, яна осмонга отишибди. Одамлар қочиб кетганидан кейин яна қайтиб келишиб, Ойбек аканинг, Телеманнинг бошига, Карим аканинг қорнига отишган. Садир деган ҳайдовчиси эса биринчи отишганида ўлган экан, дейди суҳбатдошимиз.

Жалолободликларга кўра, кеча тунда содир бўлган отишмадан сўнг ўлган одамларнинг жасади шаҳар ўликхонасига олиб келинган, бироқ Ойбек Мирсидиқов яқинлари унинг ва Телеман исмли шеригининг жасадини уйига олиб кетишган.

Айни пайтда бу маълумот Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланди. Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда Жалолободда ҳалок бўлган 4 одамдан 3 нафарининг шахси аниқланган. Улар 1969 йилда туғилган Садир Муҳитдинов, 1974 йилда туғилган Ойбек Мирсидиқов, 1976 йилда туғилган Карим Козимовлар экани тасдиқланган, бир кишининг шахси ҳозирда аниқланмоқда.

Воқеа жойидан, тахминларга кўра, Калашников автоматидан отилган 5,45 калибрдаги 30 дона ҳамда “ТТ” пистолетига тегишли бир дона гилза топилган.

- Мазкур воқеа юзасидан Қирғизистон Жиноий кодексининг 97-моддаси бўйича Сузоқ туман ички ишлар бошқармаси тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, суд-тиббий, биологик, криминалистик ва баллистик экспертизалар ўтказилган.

Айни пайтда ички ишлар ҳодимлари томонидан воқеа тафсилотлари ва сабабларини ўрганиш ҳамда воқеага алоқадор шахсларни топиш ва қўлга олиш бўйича тезкор-тергов тадбирлари олиб борилмоқда, деди Қирғизистон ИИВ ахборот ва жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, милиция полковниги Раҳматилло Аҳмедов.

Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари ўринбосари Азимбек Бекназаров Интерфакс мухбири билан суҳбатда¸ Ойбек Мирсидиқовнинг ўлдирилишини ўзбеклар ўратсидаги можаро натижаси¸ дея баҳолади.

- Кейинги пайтларда “Қора Ойбек”нинг муаммолари кўпайиб кетган¸ хусусан ўзи ўзбек бўла туриб Жалолободдаги ўзбек диаспораси етакчиси Қодиржон Ботиров билан кескин душманчилиги бор эди. Бўлиб ўтган воқеа ана шу шахсий душманчилик маҳсули ва бу муаммони ўзбекларнинг ўзлари ҳал қилиб олсин¸ дея баëнот берди “Қора Ойбек”нинг ўлдирилиши юзасидан Қирғизистоннинг собиқ бош прокурори¸ ҳозирги ҳукумат раҳбари ўринбосари Азимжон Бекназаров.

Айтиб ўтиш жоизки, “Қора Ойбек” лақаби билан танилган жиноят олами лидерларидан бири, асли ўзбек бўлган Ойбек Мирсидиқов Қирғизистоннинг ҳокимиятдан четлатилган президенти Қурмонбек Бакиев тарафдорларидан бири эди. Буни Ойбекнинг ўзи тириклигида - шу йилнинг 16 май куни Озодлик радиосининг рус хизматига берган суҳбатида ҳам тасдиқлаган.

Эслатиб ўтамиз, Ойбек Мирсидиқов 14 май куни Жалолобод вилоят давлат маъмурияти биноси бакиевчилар томонидан босиб олинганида бу воқеаларга алоқадорликда айбланганди. Бироқ унинг ўзи Озодлик радиоси рус хизматига берган суҳбатида буни рад қилган.
XS
SM
MD
LG