Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:12

"Ўзбекистон фуқароси полиомиелитдан ўлмаган!"


Россия Бош санитар врачи Тожикистонда полиомиелитнинг қайта тарқаëтгани Россияда ҳам хавотир уйғотаëтганини айтмоқда.
Россия Бош санитар врачи Тожикистонда полиомиелитнинг қайта тарқаëтгани Россияда ҳам хавотир уйғотаëтганини айтмоқда.

Россия бош санитар врачи Геннадий Онишченко Сверловск вилоятида вафот этган Ўзбекистон фуқароси ўлимига полиомиелит сабаб бўлмаганини билдирди. Онишченкога кўра¸ аниқ ташхис лаборатория текширувларидан кейин эълон қилинади.


Россия Уралида Ўзбекистон фуқароси полиомелитдан ҳалок бўлди¸ дея хабар тарқатди Свердловск ўлкаси Санитария-эпидемиология маркази 7 июн куни. Айтилишича¸ 25 май куни Уралга борган Ўзбекистон фуқароси Екатеринбург шаҳрида оламдан ўтган.

Бу хабар ортидан Екатеринбург шаҳридаги мазкур ўлим қайд этилган 40-касалхонага сим қоқдик ва марҳум йигит шахсига оид маълумотларни аниқлашга уриндик. Аммо касалхона вакили¸ жасаднинг лабораторияга жўнатилгани ва марҳумга тегишли маълумотлар ошкор қилинмаслигини билдирди.

Свердловск вилояти Соғлиқни сақлаш вазири муовини Диляра Медведская ҳам Ўзбекистон фуқаросининг айнан ўткир полиомиелит касаллигидан ўлгани тахмин қилинаëтгани ва марҳумдан олинган анализларнинг полиомиелит диагностикаси бўйича Москвадаги Миллий марказ лабораториясига жўнатилганини билдирди.

Айни пайтда Россия матбуоти хабарларига кўра¸ бош санитар врач Геннадий Онишченконинг матбуот котиби Любовь Воропаева ҳам "Новости" ахборот агентлигига ўзбекистонлик муҳожир йигитнинг айнан полиомиелитдан вафот этганини тасдиқлаган.

Аммо маҳаллий ва федерал даражадаги маъсулларнинг бундай баëнотларини “Роспотребнадзор" бошлиғи Геннадий Онишченко рад қилди ва "Эхо Москвы" радиоси билан суҳбатда ўз матбуот котибининг Ўзбекистон фуқаросининг полиомиелитдан ўлгани ҳақида баëнот бермаганини билдирди:

- Бахтимизга, бу ўлим бевосита полиомиелит билан боғлиқ дея олмаймиз. У бизга шубҳали туюлди¸ холос. Шундай бўлса-да, бугунга келиб полиомиелит бўйича вазият ташвишли бўлиб қолмоқда. Тожикистонда 564 та шубҳали ҳолат қайд этилган бўлса, улардан 183 таси лаборатория текширувлари чоғида тасдиқланди. Айтиш жоизки, ушбу натижалар россиялик мутахассисларимиз ўтказган текширув давомида аниқланди. Ҳозирда Тожикистонда болаларни полиомиелитдан эмлашнинг учинчи босқичи якунланди, деди Геннадий Онишченко.

Россия бош санитар врачи полиомиелитнинг минтақа бўйлаб ëйилиши олдини олиш учун Ўзбекистонда ҳам эмлаш ишлари давом этаётганини қўшимча қилди:

- Ўзбекистон масаласига келсак¸ бу ерда биринчи эмлаш доирасида 3 миллионга яқин 5 ёшгача бўлган бола эмланди, деди “Роспотребнадзор" бошқармаси бошлиғи Геннадий Онишченко.

Мазкур федерал бошқарманинг Свердловск вилояти бўйича матбуот котиби Татьяна Панченкога кўра¸ бугунги кунда Россияда полиомиелитдан касалланган уч нафар Тожикистон фуқароси борлиги аниқланган:

- Бугунги кунда Тожикистоннинг уч фуқароси полиомиелит билан касалланган. Булар Иркутск вилоятида яшовчи 9 ойлик бола, Свердловск вилоятида истиқомат қилувчи 19 ёшли йигит ва яна бири Челябинск вилоятидан. Ўзбекистонликлар орасида ҳозирча полиомиелит билан касалланганлар аниқланмади, деди "Роспотребнадзор" бошқармасининг Свердловск вилояти бўйича матбуот котиби Татьяна Панченко.

Полиомиелит инсон асаб тизимини емирувчи юқумли касаллик бўлиб¸ у жаҳоннинг аксар қисми¸ хусусан Марказий Осиëда ҳам 10 йил аввал эмлаш туфайли бутунлай йўқ қилинган эди.

Аммо 2010 йил бошидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Тожикистоннинг Афғонистон ва Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларида қайтадан полиомиелит қайд этила бошлаганидан бонг урмоқда.

2002 йилда гўдаклар полиомиелитидан холи мамлакат сифатида эълон қилинган Тожикистонда¸ жорий йил давомида ўнлаб гўдакнинг айнан полиомиелитдан вафот этгани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG