Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:44

Ўшда вазият кескин. 11 июн хроникаси


Ўш марказидаги маҳалларда ëнаëтган дўкон ва уйлар кўпаймоқда.
Ўш марказидаги маҳалларда ëнаëтган дўкон ва уйлар кўпаймоқда.

10 июндан 11 июнга ўтар кечаси бошланиб жума куни давом этган Ўш шаҳридаги қонли тўқнашувлар пайтида ҳалок бўлганлар сони, Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра¸ 45 кишига етди. 632 киши турли жароҳатлар билан касалхоналарга келтирилган. Бу рақамлар ҳам яна ошиши мумкин.


Ўшдаги воқеаларнинг тескари хроникаси:

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган энг сўнгги маълумотга кўра, ўлганлар сони 45 кишига етди¸ жароҳатланганлардан 406 киши касалхонада қолмоқда.

19.40.
Ўшда қурбонлар сони ортиб бормоқда. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги соат 18.30 гача 28 киши қурбон бўлгани ва 470 киши жароҳат олганини билдирди. 50 кишининг аҳволи ўта оғир. Тартибсизликлар пайтида иккита “Тез ёрдам” машинасига зён келтирилган ва бир қанча шифокорлар калтакланган.

Акипресс ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Ўш шаҳрига Олой туманидан 3 мингга яқин одам келган. Шаҳарга кираверишда Мудофаа вазири Исмоил Исақов уларни тўхтатиб қолишга ҳаракат қилган. Бироқ олойликлар Исмоил Исақов илтимосини эътиборга олмаганлар.

Шаҳарнинг айрим мавзеларида ўқ овозлари эшитилмоқда.

17.50.
Сўнгги маълумотларга кўра, Ўшдаги тартибсизликлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 26 кишига етди. 454 киши турли жароҳатларни олган. Улардан 305 нафари касалхоналарга ётқизилган. Жароҳатланганлардан 43 нафарининг аҳволи ўта оғирлигича қолмоқда.

Айни пайтда қирғиз ҳарбийлари шаҳардаги вазиятни тўлиқ назорат қила олмаётганлари хабар қилинмоқда. Воқеа жойидаги гувоҳларга кўра, шаҳарда талончилик авж олган.

Қирғизистон муваққат ҳукумати Ўш шаҳридаги вазиятни барқарорлаштириш масаласини нодавлат ташкилотлари вакиллари билан ёпиқ эшиклар ортида муҳокама этмоқда.

16.30. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотда айтилишича, айни пайтда Ўшдаги тартибсизликлардан нобуд бўлганлар сони 23 кишига етган. 388 киши жароҳатланган.

Шу соатларда шаҳар кўчаларини бронетранспортёрлар ва сув отувчи оғир машиналар назорат қилмоқда.

Ҳарбийларнинг асосий кучлари Ўшнинг вазият кескинлигича қолаётган Фурқат, Черемушки, Ўш ва Зайнобидинов мавзеларига жойлаштирилмоқда.

15.50. Ўш шаҳрининг “Черемушки” мавзесига кескинлашиб бораётган вазиятни юмшатиш мақсадида қўшимча ҳарбий кучлар киритилган. Бу ердаги ҳарбийлар гуруҳи бир неча жойда тўпланаётган оламонни тарқатишга кучсиз бўлиб қолган. Шу муносабат билан “Черемушки” мавзеси аҳолиси ҳукуматдан бу жойга қўшимча кучларни киритишни талаб қилган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, айни пайтда турли жароҳатлар билан касалхоналарга мурожаат қилганлар сони 307 кишига етган.

Ҳозир Ўшда бўлган Қирғизистон муваққат ҳукумати аъзоси Ўмурбек Текебаев бугун кечга қадар шаҳарда тартиб ўрнатилиши ҳақида баёнот берди.

/>

14.50.
Ўш шаҳри яқинидаги Фурқат қишлоғида юз берган тўқнашув натижасида Ўш шаҳар кенгаши депутати Асқар Шокиров ўлдирилгани хабар қилинмоқда.

Ўш шаҳар мэрининг илтимоси билан шаҳардаги “Ўш Тв”, “Мезон”, “Пирамида” ва “ДДД” телеканаллари ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган.

Ўш шаҳрига атрофдаги туман ва шаҳарлардан одамлар кела бошлагани ҳақида маълумотлар бор. Бироқ Ўш шаҳрига кириш йўлларини назорат қилаётган ҳарбийлар уларни шаҳарга киритмаяптилар.

13.47.
Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Ўшдаги вазият, умуман олганда, назорат остида экани тўғрисида маълумот тарқатмоқдалар.

Айни пайтда воқеа жойида гуруҳлар ўртасида кичик тўқнашувлар содир бўлаётгани ва вақти-вақти билан ўқ овозлари эшитилиб тургани ҳақида хабарлар бор.


13.17.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Ўшдаги тартибсизликлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 17 кишига етганини маълум қилди.

Шу соатгача Ўш касалхоналарига тан жароҳати олган 201 киши мурожаат қилган. Улардан 109 киши касалхонага ётқизилган. 75 кишига тез тиббий хизмат кўрсатилган. 43 кишининг аҳволи ўта оғир.

12.15.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати берган маълумотларга таяниб, айрим ахборот агентликлари тарқатган хабарга кўра, Ўшдаги тартибсизликлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 14 кишига етди. 148 киши турли жароҳатлар билан касалхоналарга мурожаат қилган. Улардан 94 нафари касалхонага ётқизилган, 54 кишига биринчи тез ёрдам кўрсатилган. 29 кишининг аҳволи ўта оғир.

Бундан олдинроқ Ўшдаги қирғиз-ўзбек университети олдида ёшлар гуруҳи ўртасида тўқнашув содир бўлиб, 3 киши тан жароҳати олгани хабар қилинди. Тўқнашаётган гуруҳлар кучишлатар тизимлар томонидан тарқатиб юборилган. Яраланганлар касалхонага етказилган.

11.56. Ўшда муваққат ҳукумат расмийлари ва кучишлатар тузилмалар раҳбарлари йиғилиши якунланди.

Йиғилишда шаҳарни назорат қилаётган ҳарбийларни Ўшнинг турли ҳудудларига жойлаштириш ва шаҳарга кириш-чиқиш йўлларини ҳарбийлар назоратига бериш масаласи ҳал этилган.

Ўш шаҳар коменданти Курсант Алиевнинг билдиришича, айни пайтда шаҳардаги вазият нисбатан барқарорлашмоқда. Ҳозирча ҳеч ким қўлга олинган эмас. Шаҳарнинг турли бурчакларида тўпланган одамлар орасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

11.30. Ўш вилоят клиник шифохонаси раҳбари Шойирбек Сулаймоновнинг журналистларга маълум қилишича, Ўш шаҳар касалхоналарига 137 жароҳатланган келтирилган. Улардан 4 нафари жарроҳлик амалиёти пайтида ўлган.

Шойирбек Сулаймоновга кўра, “жароҳатлар характери ўта оғир”дир.





11.00. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган сўнгги маълумотда айтилишича, Ўшдаги тартибсизликлар оқибатида жароҳатланганлар сони 126 кишига етган.

Айни пайтда Ўш шаҳар мэриясида муваққат ҳукумат аъзолари Ўмурбек Текебаев, Азимбек Бекназаров, Исмоил Исақов ҳамда кучишлатар тизимлар, маҳаллий раҳбарлар иштирокида йиғилиш бошланган.

Ўш шаҳар мэрияси ва вилоят ҳокимияти бинолари ҳарбийлар ва зирҳли техника билан ўраб олинган.

10.40.
Қирғизистон ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаева миллий телеканал орқали Қирғизистон халқига мурожаат қилди.

Унинг айтишича, Ўш ва Қорасув туманларида содир бўлган “ёшларнинг оммавий тўқнашувига бир нечта маиший конфликтлар сабаб бўлган”.

Роза Ўтунбаева муваққат ҳукумат кўрган чора-тадбирлар оқибатида деструктив кучлар фаолиятига тўсиқ қўйилганини айтиб ўтди ва фуқароларни иғвогарона ҳаракатларга учмасликка чақирди.

“Муваққат ҳукумат барча имконяитларни ишга солди ва тинч аҳоли хавфсизлиги таъминланишига кафолат беради”, дейилади Роза Ўтунбаева баёнотида.

10.25
. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири Дамира Ниёзалиева Ўшдаги тартибсизликлар оқибатида эрталабки соат 10 гача 12 киши ҳалок бўлганини, 102 киши касалхонага келтирилганини маълум қилди. Касалхонага келтирилганлардан 10 нафари ўта оғир аҳволда.

Айни пайтда Ўш шаҳри ҳаводан 6 вертолет ёрдамида назорат қилинмоқда.

10.00. Милиция тарқатган маълумотга кўра, Ўшнинг марказий Қурмонжон додҳо кўчаси оламондан тозаланган. Отишмалар тўхтаган.

Ўш вилоят расмийси Кушбак Тезекбаевнинг журналистларга маълум қилишича, Ўш яқинидаги Фурқат қишлоғида юзлаб ёшлар тўпланган. Улар орасида тўқнашувларга йўл қўймаслик оқибатида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўш шаҳрида эса табиий газ берилиши тўхтатилган.

9.00. Қирғизистон Ўт ўчириш агентлиги хабарига кўра, Ўшда давлат филармонияси, аптека, Ўш ўзбек академик театри, “Ўш Тв” телекомпанияси, “Меркурий” ва “Алфаиз” кафелари, “Олой” меҳмонхонаси, босмахона ва “Мукаррам” савдо марказларида ёнғин чиққан.

8.00. 10 июндан 11 июнга ўтар кечаси Ўш шаҳрида содир бўлган тартибсизликлардан сўнг Қирғизистон муваққат ҳукумати томонидан Ўш ва Ўзган шаҳарлари ҳамда Қорасув ва Аравон туманларида тунги соат иккидан бошлаб коммендантлик соати жорий қилинди.

Бу ҳақда Қирғизистон ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаева давлатга қарашли Миллий телерадиоканал эфирида маълум қилди.

Ўтунбаевага кўра, коммендантлик соати 20.00 дан тонгги 6.00 гача этиб белгиланган ва фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудлар комменданти этиб Қирғизистон ички ишлар вазирининг ўринбосари Бақит Алимбеков тайинланган. Комендантлик соати 20 июнгача жорий этилган. Бақит Алимбековга комендантлик соати муддати якунлангунча фуқаролар ҳуқуқларини чекловчи қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи берилган.

Айни пайтда Қирғизистон муваққат ҳукуматининг бир неча вакили, жумладан, куч ишлатар тузилмалар мувофиқлаштирувчиси Азимбек Бекназаров ва бошқалар Қирғизистон жанубий пойтахтига етиб келди.

Ички ишлар вазирлигига кўра, тартибсизликларни уюштирганликда гумон қилинган 5 киши қамоққа олинган.

Ўшдан олинган сўнгги маълумотларга кўра, шаҳарнинг турли бурчакларида отишма овозлари эшитилиб турибди. Маълум бўлишича, ҳарбийлар одамлар тўпланаётган ҳудудларга бориб, уларни тарқатиш учун ҳавога қарата ўқ отмоқдалар.

Ўшда 10 июн куни соат 23 ларга яқин бошланган тартибсизликларга қирғиз ва ўзбек ёшлари ўртасида чиққан низо сабаб бўлгани айтилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, тунги тартибсизликлар чоғида 7 киши ҳалок бўлган, 40 чоғли одам яраланган. Аммо бу рақам, муваққат ҳукумат вакили Азимбек Бекназаровга кўра, яна ўзгариши мумкин.

Шунингдек, тартибсизлик пайтида кўплаб биноларга шикаст етказилиб, бир неча автомашина ёқиб юборилган.

Низо ўчоқлари Ўш шаҳридаги Олой меҳмонхонаси атрофи, Масалиев (собиқ Қирғизистон) кўчасидаги 8-гимназия мактаби ҳамда Фрунзе бозори тевараги бўлгани айтилмоқда.

Коммендантлик соати жорий этилганидан кейин Ўшга махсус зирҳли техника ва аскарлар киритилган. Улар тунги соат 2 дан кейин турли воситаларини қўллаб, жумладан, осмонга огоҳлантирувчи ўқ отиб, йиғилганларни тарқатгани хабар қилинмоқда.

Айни пайтда Ўш шаҳри ва Қорасув тумани касалхоналарида тунги воқеа оқибатида жабрланган ўнлаб кишиларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаева 11 июн куни эрталаб соат 7 да Қирғизистон Миллий телерадиоканали орқали қилган чиқишида Ўшдаги тартибсизликлар ким томонидан уюштирилганини текширув ҳал қилишини айтаркан, бу айни референдум арафасида эски ҳокимият (Қурмонбек Бакиев ҳокимияти назарда тутилмоқда – таҳр.) ёқловчилари томонидан уюштирилган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

Ўтунбаева ҳозирда Ўшдаги вазият расмийлар назорати остида эканини, Муваққат ҳукумат юзага келган бўҳроннинг олдини ола билишига ишонишини айтди.

Мавзу тафсилотлари билан кун давомида таништириб борамиз.
XS
SM
MD
LG