Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:52

Дунë бўйлаб сочилган ўзбеклар Ўшдаги хунрезлик тўхтатилишини сўрамоқда


Асли ўшлик ўзбек космонавти Солижон Шарипов ҳам норозилик намойишида иштирок этди.
Асли ўшлик ўзбек космонавти Солижон Шарипов ҳам норозилик намойишида иштирок этди.

Ўшда қон тўкилишини тўхтатиш талаби билан Москва ва Санкт-Петербург шаҳрида ўшлик ўзбек меҳнат муҳожирлари, Швеция пойтахти Стокҳолм шаҳрида ўзбекистонлик қочқинлар норозилик акциялари ўтказди.


Москвадаги мухбиримизнинг хабарига қараганда, Россия пойтахтида ишлаётган қирғизистонлик ўзбек меҳнат муҳожирларидан иборат қарийб 1500 киши Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси олдида 12 июн куни норозилик митинги ўтказди.

Акцияга космонавт Солижон Шарипов ҳам қатнашди ва у Озодликка мана бундай деди:

- Сўнгги маълумотларга қараганда, кеча Қирғизистон ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаева Россия Бош вазири Владимир Путин билан гаплашган. Қирғизистон Россиядан Қирғизистонга Россиянинг Тинчлик сақловчи кучларини киритишни сўради. Ёрдам бугун ёки эртага Ўшга етиб боради, деди космонавт Солижон Шарипов.

Москвадаги митинг тўғрисида мухбиримиз мана бундай маълумот берди.

- Қирғизистон элчихонаси атрофига 1000-1500 атрофида одам йиғилган. Аксарияти асосан ўзбеклар. Йўлнинг нариги томонида 50-60 қирғизлар ҳам тўпланган. Кўплаб милиция ходимлари тартиб сақлаб туришибди. Кеча кечки пайт шу воқеалардан хабар топган шу ердаги Ўш вакиллари Оқ уй олдига юриш қилган. У ерда “Фақат олти кишини қабул қиламиз. Уни ҳам ëзма равишда олиб келинглар” деб юборган. Улар 12 июн куни эрталаб Оқ уй олдида йиғилишган. У ердан милиция ходимлари “Қирғизистон элчихонасининг олдига боринглар” деб ҳайдаб юборган. Бу ерда юрган вакилларнинг айтишларича¸ улар ярим кун Ўзбекистон элчихонасининг олдида туришган. Лекин Ўзбекистон элчихонасидан ҳеч ким чиқмаган¸ дейди Москвадаги мухбиримиз Умиджон.

Биз митинг иштирокчиларидан бири билан гаплашдик.

Озодлик: Мана Москвадаги ўшлик ўзбеклар тўпланибсизлар. Қаерда тўпландинглар¸ неча киши тўпландинглар¸ нимани талаб қиляпсизлар?

- Биз 1000 дан ортиқ одам тўпландик. Биринчи Оқ уйга бордик. Оқ уйга бориб просба ëздик¸ заявление ëздик. Ҳаммасини қабул қилишди¸ меры приним дейишди. Ҳозир Қирғизистон элчихонаси олдига келдик.

Озодлик: Сизлар Россия ҳукуматидан¸ Қирғизистон элчихонасидан нимани талаб қиляпсизлар?

- Энг асосийси урушни тўхтатсин. Бизга бошқа нарса керак эмас. Урушни тўхтатсин бўлди. Қон тўкилмасин. Бизнинг болаларимиз¸ эналаримиз бор. Ҳамма ўша ерда. Урушни тўхтатсин бўлди. Бизга бошқа ҳеч нарсанинг кераги йўқ. Уруш тўхтаса¸ қон тўкилмаса бўлди. Асосийси Ўзбекистон чегараларини очсин. Ҳеч бўлмаса бизнинг болаларимиз¸ оналаримиз ҳеч бўлмаса вақтинча жон сақлаш учун ўтсин.

Озодлик: Россия ҳукумати нима деб жавоб берди сизларга?

- Меры приним деди. “Қон тўхтамагунча¸ биз кетмаймиз” дедик.

Озодлик: Қирғизистон элчихонаси нима деди?

- Ҳозир Солижон Шарипов шу ерда. Ҳамма¸ как бы¸ (чуқур хўрсиниб) каллам ҳам ишламаяпти¸ талабларимизни айтдик. “Қон тўхтатилади. Российский нималар киради” деди. Энди билмадим нима бўлади на скольки они правды говорят.

Озодлик: Ўзбекистон элчихонасига ҳам борибсизлар экан.

- Ҳа¸ бордик. У ерда никакой реакции не было. Кимсан ҳам деб сўрашгани йўқ. Умуман ҳеч ким чиққани ҳам йўқ¸ дейди Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси олдида 12 июн куни норозилик митинги ўтказган ўшлик ўзбеклардан бири.

Митингда тахминан 1500 киши иштирок этди.

Ўшда қон тўкилишини тўхтатиш талаби Швеция пойтахти Стокҳолм шаҳрида ўзбекистонлик қочқинлар ўтказган норозилик акциясида ҳам янгради.

Бу ҳақда унинг иштирокчларидан бири мана бундай хабар берди:

- Мен Ҳайитбой Қўзиевман. Швецияда яшайман. Ҳозир Стокҳолмда 70 кишидан иборат ватандошларимиз тўпланган. Пикет ўтказяпмиз. Талабларимиз қонли террорни тўхтатиш. Бунда маҳаллий вақтли ҳукуматни бошқараëтган Роза Ўтунбаевадан тортиб ҳокимиятдаги ҳар бир катта лавозимдаги одамлар¸ етакчи бошқарувдаги одамлар айбдор. Ўзбекларга қўл кўтарганлар билан бирга шу воқеага беэътибор қараганлар ҳам судга тортилиши керак. Биз бир қанча плакатлар ëзиб чиқдик. Одамларимиз транаспарантларни кўтариб турибди. Бизнинг кўплаб талабларимиз бор. Шу нарсалар орасига асосий муҳим нарсани ҳам қўшганмиз. БМТ нинг тинчликни сақлаш қуролли кучларининг контингенти Қирғизистонга Ўш ва Жалолобод вилоятларига киритилиши керак. Бу нарса киритилмаса¸ у ерда ҳеч қачон осойишталик бўлмайди. Президент Каримов ҳам бу нарсани тўхтатиш учун бош қўшиши керак¸ дейди Швеция пойтахти Стокҳолм шаҳрида ўзбекистонлик қочқинлар ўтказган норозилик акцияси уюштирувчиларидан бири Ҳайитбой Қўзиев.
XS
SM
MD
LG