Линклар

Шошилинч хабар
15 июн 2025, Тошкент вақти: 20:46

Ўзбеклар ўз маҳалласидан чиқишга қўрқмоқда: 18 июн манзараси


Ўш марказининг бугунги манзараси.
Ўш марказининг бугунги манзараси.

Ўш ва Жалолободдаги вазиятни бевосита кузатаëтган Озодлик мухбирлари шундай хабар қилишмоқда. Уларга кўра¸ Қирғизистон муваққат ҳукумати етакчиси Роза Ўтунбаеванинг Ўшга бориб¸ ўзбек жамоаси билан учрашмай келгани шаҳардаги ўзбеклар қаҳрига сабаб бўлган.


18 июн куни Ўшга Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтунбаева¸ бу ерда нималар бўлганини одамларнинг ўзидан эшитай¸ деган иддао билан бориб қайтди. Аммо Ўш шаҳар мэриясида асосан расмийлар ва сўнгра асосан қирғиз жамоаси вакиллари билан учрашган Ўтунбаева хоним¸ кули кўкка совурилган ўзбек маҳаллаларига нигоҳ ташлашни ҳам лозим топмади.

Вазият барқарорлашмоқда¸ деган баëнот бериб Бишкекка қайтиб кетган Ўтунбаева хоним кўрмаган манзарани Озодлик мухбирлари тасвирлайдилар.

Ҳозирда Ўшда бўлган Озодлик мухбири Брюс Панниэрнинг айтишича¸ бир ҳафтадан бери давом этаëтган қонли тўқнашувларнинг асосий нишони¸ асосий жабрдийдаси ким экани шундоққина кўриниб турибди.

- Ҳозир менинг кўриб турганим шуки, кўчаларда деярли одам йўқ. Кўчаларда юраётган одамларнинг аксариятининг қирғизлиги аниқ. Постда турган аскарлар ҳам¸ милиция ҳам ҳаммаси кўринишича қирғизлардир. Мен ўзбекларни ҳозирча фақатгина Черёмушки маҳалласида кўрдим. Зўравонликлар бошланганига бир ҳафта бўлишига қарамасдан ёниб кул бўлган маҳаллаларда ҳамон ёнғиндан келаётган иссиқликни ҳис этиш мумкин.

Ўша ерда бир қари кампирни кўрдим, у мен билан ўзбекча сўрашди. Унинг ёши 70да экан, уйидан асар ҳам қолмаган. Кампир ҳовли ўрнида қалган нималарнидир тартибга келтиришга ҳаракат қилаётганди. Ҳаммаёғини айланиб чиқиб аниқ айтаманки, Черёмушки маҳалласи мутлақо вайрон қилинган. Ёнғинда кул бўлмаган фақат деворлару арматуралар қолган. Айтганча¸ бутун бошли маҳаллада ҳеч қандай шикаст етмаган бир уй дарвозасига катта қалиб “қирғиз” деб ёзилганди.

Икки ой аввал ўзим овқат еб еган шаҳар марказидаги ресторандан ҳам деярли ҳеч нарса қолмапти.

Вайрон бўлган маҳаллада йўлдан ўтаётган бир йигитни учратдим. У билан гаплаша олмадим, у қўрққанидан "Бу жойдан тезроқ кетишим керак"¸ деди. Ўтган бир ҳафта ичида даҳшатли саҳналар шоҳиди бўлган одамлар зўравонликларнинг яна қайтарилиши мумкинлигидан қўрқмоқда.

Аммо умуман олганганда таранг вазият аста-секин юмшаётгандай кўринди. Икки ой аввал Ал-Бухорий масжидини жума намоз пайтида кўрганимда, масжидга одам сиғмаётган эди. Одамлар масжид ҳовлисини тўлдириб намоз ўқишаётганди. Масжидга бугун борганимда ичкаридаги юзатача одам бор эди¸ холос. Аммо менда умид учқунларини пайдо қилган бир нарса, улар орасида ҳам ўзбек¸ ҳам қирғизларнинг борлигидир¸ дейди 18 июн куни Ўшда кўрганларини тасвирлаган Озодлик мухбири Брюс Панниэр.


Ғарб журналисти кўрганларни Озодликнинг Ўшдаги мухбири Шерзод Юсуф ҳам тасдиқлайди.




Шерзод Юсуф:
18 июн куни Ўшдаги вазият анчагина барқарор ўтди. Айни пайтда Ўшнинг марказий кўчаларида одамлар пайдо бўлди. Одамлар орасида ваҳималар ҳам мавжуд. Ўшнинг айрим кўчаларида ўзбеклар номаълум гуруҳлар томонидан калтакланган воқеалари кузатилгани сабабли кўплаб ўзбеклар фақат ўзларининг маҳаллаларидагина бемалол юришди.

Озодлик: Бугун одамлар жума намозига чиқишдими?

Шерзод Юсуф: Албатта. Марказий масжидларда эмаску бироқ ўзбек маҳаллаларида жойлашган кичкина-кичкина масжидларда масжид атрофидаги маҳаллалар йиғилиб ўқишди. Бугун Ўшдаги айрим масжидларда 11-12 июн куни ўзбекларни қирғин қилган ҳамда мол-мулкини талон-тарож қилиб¸ уй-жойига ўт қўйган оломонни дуоибад қилиб¸ уларни жазолашни Оллоҳдан сўрашди.

Озодлик: Бугун Роза Ўтунбаева Ўшда бўлди. Роза Ўтунбаева билан ўшлик ўзбеклар учрашдими?

Шерзод Юсуф: Йўқ¸ учрашмади. Фақатгина Ўш давлат маъмурияти биноси олдига йиғилган норози қирғиз миллатига мансуб одамлар билангина учрашди. У ерга ўшлик ўзбеклар боришмади. Бунга сабаб айрим ҳудудларда ўзбекларнинг калтакланиши бўлди. Ўзбеклар шу сабабли кўчага чиққани қўрққани боис ҳам бўлмади. Роза Ўтунбаеванинг ўзи ўзбек маҳаллаларига келиб жабр кўрган ўзбеклар билан учрашмагани ўзбеклар томонидан қораланди.

Озодлик: Роза Ўтунбаева билан учрашувга боришмагани фақат қўрқув билан боғлиқми ëки одамларда муваққат ҳукуматга ишончсизлик борми?

Шерзод Юсуф: Албатта¸ қўрқув билан ҳам боғлиқ. Шу билан бирга одамларда муваққат ҳукуматга ишончсизлик кайфияти ҳам бор. Бунга 11-12 июн кунлари қирғинда асосан ҳарбий кийимдаги одамларнинг иштирок этгани сабаб бўлган.

Озодлик: Одамлар инсонпарварлик ëрдамини олишаяптими?

Шерзод Юсуф: Асосан Ўшдаги ўзбеклар 16-17 июн кунлари гуманитар ëрдамларни олишган. Бироқ бугун бундай гуманитар ëрдамларнинг ўзбекларга тарқатилиши кузатилмади. 16 июн куни Бишкекдан жанубга юборилган ун¸ макарон¸ каби турли озиқ-овқатлар ўзбекларга оз миқдорда бўлса ҳам тарқатиб берилган. 17 июн куни эса Россиянинг Ўшдаги консуллиги томонидан турли консервалар¸ шакар каби озиқ-овқатлар тарқатилган.

Озодлик: Сизда Жалолободдаги вазият бўйича бирор маълумот борми?

Шерзод Юсуф: Жалолободнинг сўнгги кунларда вазият нотинчлигича қолаëтган Сузоқ туманида ўзбек ва қирғиз миллатини яраштирув акцияси бўлган ва сузоқликлар ўзбек ва қирғиз ëшларидан иборат халқ дружиначилари тузишган. Улар миллатлараро низо чиқармоқчи бўлган турли провокаторларни йўқ қилиш бўйича чоралар олиб боради.

Бизга айни пайтда Жалолободнинг Бозорқўрғон туманидан кўплаб телефонлар бўлаяпти. Маълумотларга кўра¸ Бозорқўрғондаги¸ асосан¸ ўзбеклар маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан уйларидан олиб чиқиб кетилиб сўроқ қилинаяпти. Бундан ташқари¸ Жалолободда Маҳамаджон Аҳмедов деган Ўш ва жалолободлик ўзбеклар орасида таниқли бўлган имом хатиб бор. У ҳам 17 июн куни маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари томонидан қўлга олинган. Сўнгги маълумотларга кўра¸ у ҳозирда Жалолободда прокуратурада сўроқ қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG