Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:57

Қирғизистон референдумга ҳозирланмоқда¸ ҳукуматнинг эса қулаши тахмин қилинмоқда


Мустақил таҳлилчилар¸Роза Ўтунбаева муваққат ҳукуматининг қирғиз силовиклари исканжасида қолгани ва бу ҳукумат умри узоқ чўзилмаслигини айтмоқдалар.
Мустақил таҳлилчилар¸Роза Ўтунбаева муваққат ҳукуматининг қирғиз силовиклари исканжасида қолгани ва бу ҳукумат умри узоқ чўзилмаслигини айтмоқдалар.

Юзлаб¸ балки минглаб одам ҳаëтига зомин бўлган Ўш ва Жалолободдаги хунрезликлар апрел ойидаги қўзғолондан сўнг тузилган муваққат ҳукумат асосларига қаттиқ дарз еткизди. Бундай вазиятда муваққат Бишкек ўзини легитимлаштириш учун бутун умидини 27 июн кунги референдумга тикмоқда.



Ўш ва Жалолободдаги минглаб одам ëстиғини қуритган миллий низонинг қандай ва нима учун бошланганига оид турли тахминлар кун сайин кўпайиб бормоқда. Аввалига бу қирғин учун бакиевлар кланини айблаган Қирғизистон махсус хизматлари¸ энди улар ëнига халқаро диний-экстремистик¸ террорчи гуруҳларини ҳам қўшмоқда.

Бўлиб ўтган қонли воқеалар муваққат ҳукуматнинг жанубий Қирғизистондаги вазият устидан назоратни йўқотганини очиқ кўрсатди. Жанубдаги икки вилоятда фавқулодда ҳолат давом этишига қарамай¸ муваққат ҳукумат раҳбари Роза Ўтунбаева янги конституция лойиҳаси юзасидан якшанба кунга белгиланган референдумнинг режага мувофиқ ўтказилишини таъкидламоқда. Қирғизистон конституциясининг овозга қўйиладиган янги лойиҳаси мамлакатни президентлик бошқарувидан парламент бошқаруви тизимига айлантиришни кўзда тутади.

Муваққат ҳукумат Молия вазири Темур Сариевга кўра¸ Қирғизистон жанубидаги хунрезликларни уюштирганлар ниятига етмасликлари учун ҳам референдум ўз вақтида ўтказилиши шарт.

- Референдумни бекор қилиш бузғунчи кучларнинг ғалаба қозонганини англатади. Шу боис аҳолининг аксари референдумнинг мураккабликлар ва ахлоқий омиллар борлигига қарамай¸ белгиланган кунида ўтказилишини талаб қилмоқда. Ҳозирда давлат ва халқ тақдири қил устида турибди¸ деди муваққат ҳукумат Молия вазири Темур Сариев.

Аммо Сариев тилга олмаган яна кўпчилик июн ойидаги миллий асосдаги қирғиндан саноқли кунлар ўтиб бундай референдум ўтказиш режасига норозилик билдирмоқда.

Сиëсатшунос Марс Сариев¸ жанубдаги воқеалардан сўнг таги янада лиқиллаб қолган муваққат ҳукумат учун референдумнинг ҳокимиятда қолишни легитимлаштирадиган сўнгги чора эканини айтади.

- Бу референдум муваққат ҳукумат учун ўз қиëфасини сақлаб қолиш¸ ҳокимиятда қолиш йўлидаги сўнгги уринишдир. Зотан бу ҳукуматнинг аҳоли орасидаги рейтингги ниҳоятда катта тезлик билан тушиб бормоқда¸ дейди Марс Сариев.

Референдум натижаси қандай бўлишидан қатъий назар¸ бу сиëсатшунос фикрича¸ бу ҳукумат эълон қилинадиган парламент сайловларига қадар ўзини сақлаб қололмайди.

Сариевнинг айтишича¸ жанубдаги зўравонликларнинг Бакиев даврида юқори лавозимларни эгаллаган ҳарбий ва хавфсизлик хизмати генераллари етакчилигидаги сиëсий мухолифларга янги имкон бераëтгани Ўтунбаевани референдумни тезроқ ўтказиб олишга мажбур қилмоқда. Бундай оппонентлардан бири Қирғизистон жанубидаги Ота юрт партияси раиси¸ собиқ Ички ишлар вазири Ўмурбек Сувоналиев бўлса¸ иккинчисининг Эл армони партияси етакчиси¸ генерал Мирослав Ниëзов экани айтилмоқда.

Қирғизистоннинг парламент бошқарувига тайëр эмаслигини таъкидлаëтган генерал Ниëзов¸ ҳозирги шароитда референдум ўтказишни ўта хатарли иш дея баҳолади.

- Бу ерда оммавий равишда овозларни қалбакилаштириш анъанага айланган. Аммо ҳозир замон ўзгарди ва бундай сохтагарчилик олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган оқибатларга элтувчи ижтимоий портлашга сабаб бўлиши мумкин¸ деди Ниëзов.

Қирғизистон жанубидаги қирғин ортида ким тургани ҳақида тахмин қилишни истамаслигини таъкидлаган Мирослав Ниëсов¸ мамлакат ва фуқаролар хавфсизлигини ҳимоя қила олмаслик учун фақат муваққат ҳукуматни айбдор деб атамоқда. Қирғизистоннинг ҳозирги етакчиларида давлатни бошқариш учун ахлоқий ҳақ қолмаганини айта туриб Ниëзов¸ бу ҳукумат умрининг беш ойга етмаслигини башорат қилади.

- Бу ҳукумат ўзини ўзини мутлақ обрўсизлантириб бўлди. Шунча қон тўкилди¸ оммавий қотилликлар рўй берди¸ минглаб одам жароҳатланди. Бунинг учун ҳукуматда ўтирганларнинг бари масъулиятни зиммасига олиши керак¸ акс ҳолда улар ҳам ҳокимиятдан ағдарилади. Аммо бу одамлар ҳозирча маъсулиятни бўйнига олишни истамаëтир¸ деди Ниëзов.

Ўзининг Қирғизистонда тартиб ўрнатилишига хизмат қилиш ниятида эканини билдира туриб Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Ниëзов¸ мамлакат ўзининг кейинги тақдирини Россия билан маслаҳатлашган ҳолда белгилаши лозимлигини таъкидлади ва Россиянинг жанубдаги зўравонликларга аралашмаганини "донишмандлик" дея баҳолади.

Бундай баëнотдан ҳайрон бўлмаганини билдирган таҳлилчи Марс Сариев¸ гарчи Россия Роза Ўтунбаевани ҳокимиятга келтиришга ëрдам берган бўлса-да¸ муваққат ҳукуматнинг парламент бошқарувига ўтишидан норози бўлган Кремлдагилар¸ эндиликда қирғиз силовикларини қўллашга ўтганини айтади.

- Муваққат ҳукумат обрўси кескин тушиб бориши фонида силовиклар қудрати ошмоқда ва бу Россия¸ Ўзбекистон¸ Қозоғистон каби кучли президентлик бошқаруви сақланишидан манфаатдор минтақавий ўйинчиларга хуш келмоқда. Давлатнинг қулаши давом этиб¸ мамлакатдаги беқарорлик кучайиб борар экан¸ ҳокимият силовиклар қўлига ўтиши мумкин¸ дейди Марс Сариев.

Бундай фикрларни муваққат ҳукумат мухолифлари орзуси дея атаган Молия вазири Темур Сариев¸ ҳокимият ағдарилиши эҳтимолини рад қилди.
XS
SM
MD
LG