Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:18

Ўшда ëндирилган ўзбек мактаблари эртаси нима бўлади?


Ўшда ўт қўйилган ўзбек мактабларидан бири.
Ўшда ўт қўйилган ўзбек мактабларидан бири.

"Қирғизистон жанубида 11 июнга ўтар кечаси бошланиб 15 июнгача давом этган қонли воқеалар давомида Ўш шаҳри ва вилоятидаги ўзбек мактабларидан 33 тасига ўт қўйилди". Бу маълумот 27 июн куни Ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаева билан Ўшда бўлиб ўтган учрашувда эълон қилинди.



Учрашувда иштирок этганларнинг гувоҳлик беришича, ёндирилган мактаблар сони тўғрисидаги маълумотни на Ўтунбаева ва на бошқа расмийлар инкор этган.

Қирғизистон Таълим вазирлиги вакили эса, Озодлик саволларига жавоб берар экан, Ўш ва Жалолободда 3 та мактаб ёндирилганини тан олди.

Ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаева билан референдум ўтказилаётган куни учрашган нодавлат ташкилотлар вакиллари орасида таниқли қирғиз ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова ҳам бор эди.

- Кечаги учрашувда маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири 33 та мактаб ёқиб юборилгани тўғрисида айтди, дейди Азиза Абдурасулова.

Ўшдаги ўзбек мактабларидан бирининг ичкарисидаги манзара.
Азиза Абдурасулова ана шунча мактаб ёқиб юборилганига ишониши қийинлигини айтар экан, ўзини бошқа нарса ҳайратга солганини таъкидлаб ўтди:

- 33 та мактаб ёқиб юборилган дейилаётган экан, бу ўта даҳшатли гап, лекин мени бу маълумотни расмийлардан ҳеч бири инкор этмагани ҳайрон қолдирди¸ дейди Азиза Абдурасулова.

Мазкур масала юзасидан саволга жавоб берар экан, Роза Ўтунбаева биринчи навбатда мактабларни қайта тиклашга ваъда берган.

Қайта тикланишини кутиб турган ўзбек мактабларидан бири Ўшнинг четида жойлашган, Қорасув туманига қарашли Лев Толстой номидаги мактабдир.

Шу мактаб ўқитувчиси Зуҳриддин аканинг айтишича, ўтган йили 850 ўқувчи ўқиган мактабнинг асосий биноси батамом куйиб битган.

- Мактабнинг бошдан оëғи ҳаммаси ëнган. У ерда биринчи кабинетдан бошлаб 18 та кабинет ўшанинг ичида. Томи ëниб осмон кўринадиган бўлиб қолибди. Поллари ëрти. Ичида деярли борорта соғ нарса қолгани йўқ. Энг кўп ëнгани кутубхона. Икки-уч кун ëнибди китоблар жуда кўп бўлганлиги учун¸ дейди Толстой номидаги мактаб ўқитувчиси.

Унинг айтишича, бу мактаб ўқувчиларининг уйлари ҳам ёндирилган. Шу кунда мактаб атрофида биронта соғ уй йўқ.


Ўшдаги ўзбек мактабларининг коридорлари қочқинлар учун бошпана вазифасини ҳам бажарди.
27 июн куни Толстой мактаби ҳовлиси этагида ёнмай қолган устахона овоз бериш залига айлантирилди. Уйсиз ва мактабсиз қолган Увом бўйи, Қирариқ ва атрофдаги бошқа маҳаллалар аҳлининг бир қисми референдумда иштирок этди.

Қирғин кунлари қуролли қирғиз ёшлари томонидан ёқиб юборилган мактаблардан яни бири Ўшнинг Ипак комбинати атрофидаги Ҳамза номидаги мактабдир.

Ўшлик Манзурахон гапиради:

- У мактабга кириб бирорта хонасини таъмирлашга эҳтиëж йўқ. Ҳеч нарса йўқ у ерда. Ҳамма ëқни бузиб юборишган.

Озодлик: Куйгунича қанақа бино эди у?

- Куйгунича янги таъмирлашган эди. Ўтган йили янги таъмирланган бинода¸ дейди ўшлик Манзурахон.

Қирғизистон Таълим вазирлигининг Мактаблар бошқармаси бошлиғининг айтишича, Ўш ва Жалолободда ҳаммаси бўлиб учта мактабга ўт қўйилган холос.

- Биздаги Ўш ва Жалолобод вилоятларидан олинган расмий маълумотларга қараганда, Ўш вилоятида иккита мактабга ўт қўйилган, Жалолободда эса, битта мактабнинг ойналари синдирилган, битта хонаси ёндирилган, деди исм-фамилиясини айтмаган, лекин ўзини Мактаблар бошқармаси бошлиғиман, деб таништирган вазирлик вакили.

Вакил ҳам Ўшда иккита мактаб ёндирилди, дер экан, Толстой ва Ҳамза номидаги мактабларни назарда тутди.


Бу мактаб ва унинг ўқувчи ўқитувчилари тақдири катта савол остида қолмоқда.
Афтидан, Қирғизистон Таълим вазирлиги фожианинг асл кўлами тўғрисида етарли маълумотга эга эмас.

Роза Ўтунбаева ва унинг атрофидаги мулозимларнинг “Ўш ва вилоятда 33 та мактабга ўт қўйилди”, деган маълумотни инкор этмаганлари ҳам бежиз эмасга ўхшайди.

Ҳар ҳолда, бугунги суҳбатдошларимиздан эшитганларимиздан келиб чиқиб, вазирлик ихтиёридаги ёнган мактаблар рўйхатига яна иккита мактабни қўшиш керак.

Улардан бири шаҳардаги Макаренко номидаги мактаб. Унинг ёндирилганини Азиза Абдурасуловадан билдик.

Озодлик: Сиз ёндирилган биронта мактабни ўз кўзингиз билан кўрдингизми?

- Кўрдим. Макаренко мактаби ёндирилганини кўрдим.

Озодлик: Макаренко мактаби ёқиб юборилганми?

- Ҳа.

Озодлик: Биносининг қанча қисми ёқиб юборилган?

- Жуда кучли ёндирилган¸ деди саволларимизга жавоб берган таниқли қирғиз ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова.

Ёндирилган, лекин Таълим вазирлигининг зарар кўрган мактаблар рўйхатига кирмаган мактаб Ўш яқинидаги Фурқат қишлоғи аҳли фарзандлари ўқийдиган Пушкин номидаги мактабдир.

Шу мактаб ўқитувчисининг айтишича, мактабнинг эни 12, узунлиги 46 метрли эски биноси куйиб кул бўлган.

- Пушкин мактабининг эски корпусига элнинг кучи билан 29 минг сўмлик тўплаб болаларга спорт комплекси қилган эдик. Шуни ҳам ëқиб юборишди. Эни 12 метр¸ узунлиги 46 метрлик бино эди. Шуни ëқиб юборишди.

Озодлик: Тўла ëниб битди-а?

- Тўлиқ ëниб кетган. Ичида ҳеч нарсаси йўқ. Фақат девори қолган¸ деди Ўш яқинидаги Фурқат қишлоғи аҳли фарзандлари ўқийдиган Пушкин номидаги мактаб ўқитувчиси.

Таълим вазирлиги Мактаблар бошқармаси бошлиғи ёндирилган мактаблар 1 сентябргача қайта тикланажаги ҳақида гапирди. Фақат, у киши учта мактабни назарда тутаяпти.

Кўрилган зарарнинг асл кўлами тўғрисида вазирлик вакили, афтидан, ҳали тасаввурга эга эмас.

Қирғизистон жанубида 11 июнга ўтар кечаси бошланиб 15 июнгача давом этган қонли воқеалар давомида ўзбекларнинг уйлари, мактабларидан ташқари Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш ўзбек академик театри биноси ҳамда Республика ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботиров қурган Жалолободдаги Халқлар дўстлиги университети ҳам қуролли қирғиз гуруҳлари томонидан ёқиб юборилган.
XS
SM
MD
LG