Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:43

Ўшда куйдирилган ҳовлилар ҳисоби олинмоқда


Айтилишича¸ халқаро кузатувчиларни чалғитиш мақсадида¸ ëқиб юборилган ўзбек ҳовлилари дарвозасида¸ комендантлик соати бошлангач¸ қайсидир кучлар¸ қирғизнинг уйи¸ деган ëзув ëзиб кетмоқда.
Айтилишича¸ халқаро кузатувчиларни чалғитиш мақсадида¸ ëқиб юборилган ўзбек ҳовлилари дарвозасида¸ комендантлик соати бошлангач¸ қайсидир кучлар¸ қирғизнинг уйи¸ деган ëзув ëзиб кетмоқда.

"Қирғизистон жанубида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари тартибсизликлар давомида ёнғиндан зарар кўрганларни "уйим тасодифан куйиб кетди", деб ариза ёзишга мажбур қилмоқда". Таниқли ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова тарқатган бу хабарни Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг масъул ходими кескин рад этди.



Озодлик билан суҳбатда Азиза Абдурасулова маҳаллий агентликлардан бирига берган бу хабарини тасдиқлади.

- Бизга июн воқеалари давомида зарар кўрганлар мурожаат қилаяпти. Айтишларича, уларнинг уйларига ўзларини Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари, деб таништираётган кишилар келиб, уйим тасодифан куйиб кетди, деган ариза ёзишга мажбур қилмоқда, деди Азиза Абдурасулова.

Унинг фикрича, бундай ариза ёздиришдан мақсад ёниб кетган уйлар учун товон тўламасликдир.

Биз Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳам боғландик.

Вазирликнинг ўзини Назира, деб таништирган масъул ходимига Абдурасулованинг айтганларидан келиб чиққан саволни бердик.

- Бу абсурд. Бизнинг идора ходимлари бундай ишни қилмаган, қилмайди ҳам, деди вазирлик ходими.

Унинг айтишича, 29 июн куни эрталаб Фавқулодда вазиятлар вазирига Абдурасулова тарқатган информация етказилган ва вазирлик бундай ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўраяпти.

28 июнгача Ўш ва шаҳар атрофидаги ёндирилган ўзбек маҳаллаларига кўрилган зарар ҳажмини аниқлаш учун давлат мулозимлари бош суққани сезилмади.

29 июн куни эрталаб ҳам Ўшнинг Черёмушки мавзеидаги маҳаллалар аҳли маъмурларнинг эътиборсизлигидан зорланаётган эди.

- Ҳали ҳеч қайси комиссия Черëмушкага келгани йўқ. Давлат томонидан ҳам¸ мэриядан ҳам¸ губернаторликдан ҳам жўнатилгани йўқ¸ деди куннинг биринчи ярмида черёмушкалик аёл.

29 июн, куннинг иккинчи ярмида Черёмушкида давлат мулозимлари пайдо бўлди. Бу ҳақда ўша ердаги маҳалла қўмиталаридан бирининг раисидан билдик.

- Бугун юрди. Бугун полный юриб менинг территориямни комиссия кўриб чиқди. Ҳокимиятнинг комиссияси.

Озодлик: Сизнинг территориянгизнинг келажаги ҳақида нима гапиришаяпти?

- Бутун зарарни определит қилишадида. Бугун мендан бошланди. Эртага бошқа ерларни ëзади. Қўшимча бўлса¸ мен яна ëзиб бераман булар бориб кўришади. Қолиб кетганлар бўлиб қолиши мумкин.

Озодлик: Черëмушкида ҳаммаси бўлиб нечта уй ëнган?

- Ҳозир бизнинг посëлкамиз бўйича 272 та бўлаяпти.

Озодлик: Нечта одам ўлган?

- Менда ўлганларнинг аниқ сони йўқ. 28 та бўлиши керак¸ деди Ўшнинг Черёмушки мавзеидаги маҳалла қўмиталаридан бирининг раиси.

29 июн куни Ўш ва унинг атрофидаги маҳаллалар давлат мулозимларидан ташқари халқаро ташкилотлар вакиллари билан ҳам гавжум бўлди.

Шаҳар шарқидаги Увомбўйи гузаридан бошланадиган маҳалла босқинчилардан энг кучли зарар кўрган маҳаллалардан. Шу маҳаллалик Абдулҳамид билан гаплашдик.

- Оғахоннинг (Исмоилий мусулмонлар имоми – таҳр.) одамлари келди. Ҳозир БМТ дан келди. Комиссиялар ҳозир олдимизда. Ҳар бир эшикларни текшириб¸ ëзиб¸ суратга олиб кетаяпти. Тинимсиз келаяпти.

Озодлик: Улар халқаро ташкилот вакиллари. Қирғизистон ҳукуматининг одамлари ҳам келаяптими¸ келмаяптими?

- Келаяпти. Ҳозир мактабда одамларга палатка берилаяпти. Ëрдам пули берамиз¸ деяпти. Уйларни тиклашга ҳаракат қиламиз¸ дейишаяпти. Финполициянинг одамлари келиб қанча зарар бўлганини ëзаяпти. Ҳар битта одамдан ëзиб топширилаяпти. Энди фақат кутамиз эканда.

Озодлик: Аризани кимга ëзишаяпти?

- Ҳамма ëзиб домкомга топшираяпти.

Озодлик: Ўша жойда нечта уй куйди?

- 67 та одам ўлган. 200 та уй ëнган¸ дейди увомбўйилик Абдулҳамид.

Суҳбатдошимиз яшайдиган ҳудуд Қорасув туманига қарашли Толстой номидаги мактаб атрофидаги кўчалардир. Мактабнинг ўзи ҳам босқинчилар томонидан ёқиб юборилган.

Халқаро ташкилотлар вакиллари ва давлат мулозимлари 29 июн куни Ўш ва унинг атрофидаги ёппасига ёки қисман таланган ва ёқиб юборилган бошқа ўзбек маҳаллаларида ҳам бўлди.

Бир қарашда¸ ўзбеклар беэътибор қолмаётгандай. Лекин Ўшдаги вазиятни, барибир, барқарор дейишга эртароққа ўхшайди. Вазиятни издан чиқаришга уринаётган кучлар ҳануз ҳаракатда.

Черëмушки мавзеида қарийб 300 уй ёндирилган бўлиб, бу уйларда 4500 киши яшар эди, дейди шу ерда яшайдиган фаол аёллардан бири.

- Улар ҳаммаси кўчаларда. Саҳар уйга келишаяпти¸ кечаси қариндошлариникига кетаяпти. Эртага куз келадиган бўлса¸ қаерда яшаймиз¸ деб ҳаммаси қўрқувда. Бу биринчидан.

Иккинчидан¸ куйган уйларга куйгандан кейин қирғиз деб ëзиб қўйилган. Нима учун шу нарса ëзиб қўйилди? Куйиб бўлган дарвозаларга қирғиз деган ëзув ëзиб қўйилди. Нимага деган саволга ҳеч кимдан жавоб келмаяпти.

Озодлик: Ўчириб юборсанглар бўлмайдими?

- Шу ўчирилаяпти. Куйган уйларда эрталабгача ҳеч ким йўқку. Комендант соати бўлгандан кейин улар уже қўрқиб кетиб қолишаяпти. Соат олтида шаҳар уже жимжит. Черëмушкида¸ айниқса¸ ваҳимали. Эрта билан ўчиришаяпти¸ яна ëзилиб қолаяпти. Ким ëзаяпти¸ ким бунақа қилаяпти ҳали маълумотга эга эмасмиз¸ дейди Черемушки мавзеида яшайдиган фаол аёллардан бири.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, уйи куйган ўзбекларнинг дарвозаларига "қирғиз" деб ёзиб қўйишдан мақсад, шаҳарда гурас-гурас юрган чет эллик журналистлар ва халқаро ташкилотлар вакилларини чалғитишдир.

27 июн куни референдум ўтказилиши биланоқ Ўшда комендант соати яна жорий этилди.

Бас, ўзбекларнинг дарвозаларига "қирғиз", деб комендант соати пайтида ёзиб кетаётган эканлар, бу ишни ё ҳарбийлар ва милиция ходимлари ёки улар "қарамай турган" пайтда бундан қарийб 20 кун муқаддам Черёмушкини ёқиб юборган гуруҳлар қилмоқда, деб тахмин қилиш қийин эмас.
XS
SM
MD
LG