Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:54

Ўш. 30 июн. Зачистка ўтаëтган маҳаллага келин тушди


Бугунги кунги Ўшдаги ўзбек маҳаллаларидан биридаги ҳовли манзараси.
Бугунги кунги Ўшдаги ўзбек маҳаллаларидан биридаги ҳовли манзараси.

Ўшлик ўзбек аёл Қорасув бозорига бориб, савдо қилиб қайтди. Амир Темур ва Турон шаҳарчаларида "зачистка" ўтказилди. Ўзбек маҳалласида бир оила ўғил уйлантирди. Ўшликлар юзлаб ўзбек йигитларнинг милиция бошқармаси ертўласида сақланаётгани, қийноққа солинаётгани тўғрисида айтмоқда.



Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу маълумотларни қисман тасдиқлар экан, ҳибсга олинганлар сони 53 киши эканлигини билдирди.

Ўшдаги вазиятни ўрганар эканмиз, оддий уй бекаларидан биридан мутлақо кутилмаган бир гапни эшитдик. Айтишича, бу аёл 30 июн куни Қорасув бозорига бориб, савдо қилиб қайтди.

Тилга олинган бозор Ўшнинг жанубида, шаҳардан 25 километр нарида, Ўзбекистоннинг Қорасувига туташ Қирғизистоннинг Қорасув шаҳрида жойлашган улкан улгуржи бозордир.

- Кетишда таксида бордик. Бозорга кирдик. Ўзбек-қирғиз аралаш юришибди. Савдони қилиб келишда маршрутда келдик. Маршрутда ҳам ўзбек-қирғизлар.

Озодлик: Бир-бирига ëв қараш йўқми?

- Йўқ¸ энди улар ҳам гапиришаяпти. “Ўзбек-қирғизда айб йўқ. Учинчи нималар уруштиришиб қўйди” деб қирғиз хотинлар¸ болалар гапиришиб келди. Яхши гаплашиб келдик улар билан. Қирғиз хотинлар “Биз ҳам қийналдик. Уйимизда майда-чуйдаларимиз тугаб¸ биз ҳам роса қийналдик” дейди. Худога шукур тинчиб қолди¸ деб улар ҳам суюнишиб ўтиришибди.

Озодлик: Қорасув бозорда дўконларнинг ҳаммаси очилганми?

- Йўқ. Савдо қилаëтган ўзбеклар ҳам бор¸ қирғизлар ҳам бор. Кўп ерлари бекик.

Озодлик: Ҳар доимги харидорларнинг ярми борми?

- Яримдан озроқ. Унақа кўпмас.

Озодлик: Таксилар¸ маршрут таксиларнинг шофëрлари ўзбекларми¸ қирғизларми?

- Таксиларда ëш-ëш қирғиз болалар. Ҳазиллашиб кулишиб нима қилишди. “Йўқ¸ биз маршрутда кетамиз” дедик. Маршрутлар ҳам кам. Биттаси келди. У тўлгунча турдик. Маршрутлар аввалгидай кўпмас¸ дейди уй бекаларидан бири.

Ўшлик ўзбек аёлнинг Қорасув бозорига бориб қайтгани кутилмаган хушхабар. Лекин бу аёл билан суҳбатдан пайдо бўлган таассурот сизни алдаб қўймаслиги учун шуни қўшиб кетишимиз керакки, суҳбатдошимиз босқинчи қадами етмаган, турли миллатлар вакиллари яшайдиган маҳаллада яшайди. Шунинг учун ҳам, бу аёл шаҳардаги вазиятнинг бир неча дақиқада қай томонга ўзгариб кетиши мумкинлигини башорат қилиб бўлмаслигини билмаса керак.

“Башорат қилиб бўлмаслиги”ни шаҳарнинг фақат ўзбеклар яшайдиган катта-катта мавзелари аҳолиси айтмоқда. Улар ҳанузгача шаҳар марказига боришга чўчимоқда. Шаҳар марказидаги маҳаллаларда уйлари куйганлар эса, уйларидан қолган култепаларни кўришга ҳам зор.

Вазиятни таранглаштираётганлар эса, асосан ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари эканлигини айтмоқда улар.

Ўшнинг Турон шаҳарчасида 29 июн куни ўтказилган “зачистка” тафсилотларини эшитинг. Туронликлардан бири гапиради:

- Кеча “Саккизта милиция кўчанинг бошига кириб кетди” деган гаплар бўлган эди. Кейин биз 10 та оқсоқол билан ўша ерга бордик. Борсак¸ саккизтача милиция иккинчи уйдан чиқиб келаëтган экан. Кейин оқсоқоллар “Сенлар нима қилаяпсанлар? Қанақа мақсад билан кираяпсан уйларга? Биз бировга нападат қилмаган бўлсак¸ пастдан автоматчиклар чиқиб бизни отган бўлса. Уларни топиш ўрнига сенлар нимага ўзларингча уйма-уй юриб текшираяпсан? Мақсад нима?” деган гапларни гапирди. Бир подполковниги бор экан. Шартта келиб “Сен паникëрсан. Қаерда 200 та автоматчикни кўрдинг? Қачон сенга чиқди?” деган эди “Э менинг қўлимда ҳеч нарса йўқ эди. Кўзимнинг олдида учта бола ўлди. Ўшани биров рогатка билан отиб ўлдиргани йўқку. Кўрдимку пастдан чиққанини” деди. Подполковник “сен паникëрсан” деб наезд қилиб кетди¸ дейди туронликлардан бири.

Туронликнинг узун ҳикоясини шу ерда узамиз. Суҳбатдошимизнинг айтишича, милиция ходимлари кирган уйларидан ҳеч нарса тополмаган.

Туронликлар ва умуман ўшликлар бир нарсани тушунмаяпти: нима учун милиция ва ҳарбийлар босқинчилар келган қишлоқларни эмас, балки босқин қурбони бўлганлар маҳаллаларини “зачистка” қилиш билан овора?

29 июн куни “зачистка” Ўшнинг фақат ўзбеклар яшайдиган бошқа ҳудуди – Амир Темур шаҳарчасида (Ўн адир) ҳам ўтказилди. Тадбир Турондагига қараганда тинч ўтди, дейди шу ерлик аёл.

- Кеча шаҳар бўйича комендант Курсанбек Асановнинг етакчилигида пешинларга яқин Амир Темур шаҳарчасига бир гуруҳ ҳарбийлар тушди. Уларга территориалний совет раиси Худойбердиев Солижон ака¸ элликбошилар қўшилиб кўчаларни текширишди. Кейин мен улар билан мулоқотда бўлиб улардан “Нима сабабдан чиқдинглар?” деб сўрасам¸ “Паспортларни¸ наркотиклари ва қуролларни текшириш ниятида чиқдик” дейишди.

Озодлик: Уйларга киришдими?

- Уйма-уй юришди. Ўша маҳалда ҳеч қандай қўполлик¸ ҳуқуқбузарликлар¸ уриш¸ шахсий мулкларни тортиб олиш бўлмади. Курсанбек Асановнинг ўзи бирга юрди. Маҳалладан аëллар тўпланиб¸ ҳар бир уйга одам кирса¸ улар ҳам кирди. Сабаби учта-тўртта ҳарбий бўлса¸ ҳар бир хоналарга кириб кетаëтганда улар билан жамиятнинг вакиллари бўлди. Элликбошилар¸ женсоветлар бўлди. Бугун биринчи каналда шундай ахборот чиқдики¸ Амир Темур шаҳарчасида наркотик модда ва қуроллар чиқмади. Биз хурсанд бўлдик¸ дейди Амир Темур шаҳарчасида яшайдиган аëл.

Ҳа, Амир Темур шаҳарчаси аҳолиси милиция ва ҳарбийларнинг бу сафар қўполлик қилмаганидан хурсанд. Ахир маъмурларнинг қўполлик қилмаслиги нормал ҳолат бўлиши керак эмасми?

Бугунги суҳбатдошларимизнинг аксарияти кейинги кунларда шаҳар милицияси юзлаб ўзбек йигитларни қўлга олаётгани тўғрисида чуқур ташвиш билан гапирдилар.

Хўш, бу гапларда қанчалик жон бор?

Бу саволни таниқли қирғиз ҳуқуқ ҳимоячиси Тўлейкан Исмаиловага бердик.

- Биз бу йўналишда жуда жиддий ишлаяпмиз. Адолатсизлик мавжудлигини кўриб турибмиз. Ноқонуний қўлга олинганлар кўп, деди Тўлейкан.

Унинг айтишича, бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилар 29 июн куни Ўшдаги Вақтинча сақлаш изоляторига кириб чиққан. Изоляторда 33 нафар одам сақланмоқда. Кўпчилигининг адвокати йўқ.

- Бугун (30 июн) Миллий хавфсизлик қўмитаси вилоят бошқармасининг изоляторида мониторинг ўтказишга уриниб кўрдик, лекин бизга рухсат беришмади, деди Исмаилова.

Унинг айтишича, МХҚ изоляторида 30 июн куни Ўш Омбудсмани бўлган ва у ерда 20 киши, шу жумладан бир аёл сақланаётганини билиб чиққан.

Тўлейкан Исмаилова милиция изоляторида сақланаётганлардан баъзиларининг исм-фамилияларини ҳам келтирди:

- Аҳроров Дилшод¸ Собиров Баҳодир¸ Ҳайдаров Дилмурод.

Тилга олинган йигитларнинг танасида калтак изларини, тан жароҳатларини кўрганини айтди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.

Сизлар ва Омбудсман кўрганларни қўлга олинганларнинг ҳаммаси, дейиш мумкинми, деган саволимизга Тўлейкан Исмаилова “Мен сизга кўрганимни айтдим”, деб жавоб берди.

Шундай қилиб, 30 июн куни баъзи ўшликлар Қорасув бозорига бориб қайтди; баъзи маҳаллаларда кечаги “зачистка” тафсилотларидан гап бўлди; ёппасига ёки қисман таланган ва ёндирилган маҳаллаларга чодирлар етказиб бериш давом этди.

Хуллас, ўшликларнинг оғир, таҳликадан халос бўлмаган ҳаёти давом этди.

Турон шаҳарчасидан олинган мана бу хабарни эса, лавҳамиз охирида “ширинлик” сифатида беришга ўзимизни кўндирдик.

- Носиржон ўғлини уйлаяпти бугун.

Озодлик: Зўрку.

- Бўлиб қўйишган эдида бу. Ўтган ой бўлиши керак эди. Даранг-дурунг қилмасдан маҳаллага ош бериб келинни шундай олиб келиб қўйишади¸ дейди туронликлардан бири.
XS
SM
MD
LG