Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:10

Муҳожирлар Узоқ Шарққа жалб қилинади


Россия президенти Дмитрий Медведев Узоқ Шарқда қонун асосида ишлаётган меҳнат муҳожирларининг ҳақ-ҳуқуқлари ҳар томонлама таъминланиши шартлигини таъкидлади.
Россия президенти Дмитрий Медведев Узоқ Шарқда қонун асосида ишлаётган меҳнат муҳожирларининг ҳақ-ҳуқуқлари ҳар томонлама таъминланиши шартлигини таъкидлади.

Россия президенти Дмитрий Медведев Узоқ Шарққа меҳнаткашларни жалб қилиш учун меҳнат муҳожирларига ҳамда кўчишга тайёр бошқа россияликларга қулай шароит яратиш лозимлигини қайд этди.

Россия президенти Дмитрий Медведев ноқонуний миграция масаласида аллақачон тартиб ўрнатиш пайти келганини урғулади.

- Муҳожирларга шундай шароитлар яратиш зарурки, биринчидан, улар ўз ҳоҳишлари билан бу ерга ишлашга келишлари керак. Иккинчидан, қоидалар шу даражада содда бўлиши зарурки, уни бузишдан кўра бажариш осонроқ бўлсин. Ахир нима учун қонун-қоидалар бузилади? Чунки уларни бажариш мумкин эмас! – деди Дмитрий Медведев Благовешченск шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишларидан бирида муҳожирлар учун содда ва тушунарли тартиб-қоидалар жорий қилиш зарурлигини таъкидларкан.

Россия президенти муҳожирларни Сибир ва Россиянинг марказий вилоятларига эмас, балки айнан Узоқ Шарққа жалб қилиш учун шароитлар яратиш зарурлигига алоҳида тўхталиб ўтди:

- Бизга Узоқ Шарқда маданийлашган меҳнат бозорини ташкил этиш керак ва, албатта, бу ерда қонунан ишлаётганларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашимиз зарур. Айни пайтда биз ноқонуний миграция билан курашишни давом эттиришимиз керак, деди Дмитрий Медведев.

Россия президентининг айтишича, “бугунги кунда ҳеч кимни битта сигир ва ер участкаси билан Узоқ Шарққа жалб қилиб бўлмайди”.

Шунингдек, ўз чиқишида у постсовет мамлакатларидан махсус Кўчириш дастури бўйича келаётганлар ҳисобига Шарқий Россияда камайиб бораётган ишчи кучини тўлдириш зарурлигига алоҳида тўхталди. Миграция хизмати тарқатган хабарга кўра, Кўчириш дастурига биноан Россиянинг шарқига бор-йўғи 377 киши кўчиб ўтган.

Аснода Россия расмийлари мамлакатда ноқонуний миграцияга қарши кураш хориждан юқори малакали мутахассисларни жалб қилишга тўсқинлик қилмаслиги лозимлигини таъкидламоқдалар. Россия Федерал миграция хизмати директори Константин Ромодановский нолегал муҳожирлик рақамларини ҳам эълон қилди:

- 1 миллион муҳожир Россияда легал ҳолатда ва 4 миллион атрофидаги муҳожир эса ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланади, деди ФМХ директори Константин Ромодановский.

Ижтимоий фикр тадқиқоти умумроссия маркази экспертларига кўра, сўнгги йилларда Россияда ички миграция сусайиб бораётгани боис мамлакатда чет эл миграциясининг кучайиши мумкин.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1 январига қадар Россиянинг Узоқ Шарқ федерал округида 6,5 миллион одам яшаган, сўнгги 4 ой ичида эса аҳоли сони 7 мингга қисқарган.
XS
SM
MD
LG