Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:07

Ўш шаҳар коменданти: Сизни уришса, менга мурожаат қилинг!


Курсан Асанов Озодлик билан суҳбатда аксар ўшлик ўзбеклар тилга олаëтган муаммолар кўламини кичрайтиришга уринди.
Курсан Асанов Озодлик билан суҳбатда аксар ўшлик ўзбеклар тилга олаëтган муаммолар кўламини кичрайтиришга уринди.

Ўшнинг турли маҳаллаларидан Озодликка тинимсиз келаëтган шикоятлар¸ хусусан шаҳар марказида қирғиз гуруҳининг милиция ва ҳарбийлар кўз ўнгида ўзбекларни калтаклаëтгани ҳақидаги конкрет мисолларга жавоб берган шаҳар коменданти Курсан Асанов шундай маслаҳат берди.



Озодликка аксар ўшликлардан келаëтган шикоятлар моҳиятини бир жойга жамлаб¸ уларга жавоб олиш ниятида Ўш шаҳар коменданти Курсанбек Асановга мурожаат қилдик.

Озодлик: Суҳбатни қайноқ ҳақидаги фактлардан бошласак. Ўш шаҳар мэрияси биноси олдида 7 июл куни икки аёл, 9 июл куни бир эркак ва яна икки аёл қирғиз миллатига мансуб аёллар гуруҳи томонидан калтакланди. Шаҳар мэрияси ва бу майдон теварагида жойлашган Ички ишлар бошқармаси, ОВИР биноларини қўриқлаб турган милиция, аскарлар жанжалга аралашмади, қуруқ томошабин бўлди. Шаҳар мэрияси расмийси буни тасдиқлади, аммо сабабини изоҳлашдан бош тортди. Бу айни кунларда бизга келаётган шу каби фактлардан фақат икки донаси. Жабр чеккан ўшликлар конкрет савол бермоқда: “Ўшда тартибни сақлаши керак бўлган куч ишлатар тузилмалари ходимлари бугун кимга бўйсунмоқда ва нега бизни қирғизлар ураётганда улар фақат томоша қилиб туришибди?” Биринчи бўлиб ана шу саволга жавоб берсангиз.

Курсанбек Асанов: Ўшдаги бугунги ижтимоий-сиёсий вазият ва оператив ҳолат “барқарор”, деб баҳоланмоқда. Бу ҳамма шаҳарликларга маълум. Сизнинг саволингизга келадиган бўлсак, ходимларимизнинг тартиббузарликларга нисбатан чора кўрмаётгани, бепарволиги ҳақидаги фикрларга мутлақо қўшилмайман, мутлақо. Менинг иш жойим шаҳар мэриясидан, тахминан, 350-500 метр нарида жойлашган. Мэриянинг қаршисида эса изсиз йўқолганлар бўйича аҳоли мурожаатларини қабул қилиб оладиган штаб бор. Шу кунгача 60 ортиқ мурожаат келиб тушди ва у ерда эса, ҳа, қирғиз миллатига мансублар кўпчилик. Хуллас, агар шунақа калтакланиш бўйича арзлари бўлса, марҳамат, тўғридан-тўғри бизга мурожаат қилишсин. Биз буни ўрганиб чиқамиз ва қонун доирасида чора кўрамиз. Биз фуқароларимизни миллатига қараб ажратмаймиз ва бу масалада позициямиз қатъий.

Озодлик: Жаноб Асанов, сиз Озодлик билан аввалги суҳбатда ҳам буни айтган эдингиз. Аммо шикоятлар ҳануз давом этмоқда.

Курсанбек Асанов: Агар бизга мурожаат қилишса, биз чора кўрамиз. Мисол учун, мен Ўш Ички ишлар бошқармаси ходимлари орасида аҳоли билан ноқонуний муносабатда бўлган 13 ходимни ишдан бўшатдим. Марҳамат, агар уларни кимдир урган бўлса, тўғри бизга мурожаат қилишсин, биз қонуний чора кўрамиз. Идорамиз шаҳар мэриясидан 500 метр нарида, келишсин.

Озодлик: Аммо шаҳар мэрияси олдида калтакланган аёллар ва эркак киши шаҳар хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар бошқармасига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Ички ишлар бошқармасидан ёрдам сўраб кирган аёлларни қувиб солишибди. Бу ҳақда гувоҳлар сўзлаяпти.

Курсанбек Асанов: Мен сизга ваъда бераман, шу аёллар менга мурожаат қилсин. Менинг ишхонамда, ҳатто, эшик ҳам йўқ. Келишсин ана! Ёки сиз менга уларнинг телефон рақамларини беринг, мен сизнинг гувоҳлигингизда уларга телефон қиламан. Сиз сўрангчи улардан, менинг идорамга мурожаат қилишибдими ёки йўқми? Уларни Ички ишлар идорасига қўймасликлари мумкин эмас, бу мумкин эмас.

Озодлик: Жаноб Асанов, жабрланганларга сизнинг телефон рақамингизни берсакчи?

Курсанбек Асанов: Марҳамат беринг. Албатта, беринг. Шаҳарликларнинг аксарияти менинг телефон рақамимни билади. (Биз комендант билан боғланган телефон рақами: +996 550 90 17 17 — таҳр.) Яна иккинчи телефоним рақамини ҳам беришингиз мумкин: 556 72 09 66. Шунингдек, яқинлари изсиз йўқолганлар ҳам қўнғироқ қилсин, марҳамат. Бизда ҳамма мурожаатлар қайд этилади ва бир неча соатдан, бир неча кунга қадар бўлган муддат ичида сўровлари қондирилади. Мен сизга буни ваъда қиламан.

Озодлик: У ҳолда, мана шундай сўровлардан бири, жаноб Асанов: Гўёки шаҳарда “ОБОН” (Отряд Баб Особого Назначения) деган қирғиз аёллари гуруҳи ҳаракатланаётган экан...

Курсанбек Асанов: Ҳа¸ бўлган шунақа гуруҳ. 2005 йилда шунақа мода бўлган эди. Биринчи бор инқилоб бўлган вақтда.

Озодлик: Бу гуруҳ ҳозир ҳам 10 – 20 кишилик кичик гуруҳларга бўлиниб, ўзбек миллатига мансуб фуқароларни калтаклаяпти, куч ишлатар тузилмалари эса бунга фақат томошабин бўлаяпти, бунга қачон чора кўрилади, деган мурожаатларни олаяпмиз, мисол учун.

Курсанбек Асанов: Йўқ, яхши қиз мен сизга айтяпман. Қариндошларини тополмаётган, яқинлари изсиз йўқолган аёллар гуруҳи бор ростдан ҳам ва биз уларни огоҳлантирдик. Аммо, “ОБОН”ни ҳозир мен билмайман. Агар шундай ҳолат бўлса, марҳамат, менинг уяли телефон рақамларимни беринг, биз дарҳол чора кўрамиз. Биз бунақа масалада тараддудланиб ўтирмаймиз. Мен бу масалада ўзбек ёҳуд қирғиз, деб миллат ажратмайман. Шундай, деб гапиришга ҳам менинг ҳаққим йўқ. Аввал ҳам шунақа жанжаллар бўлган аслида. Ҳеч ким унга этник бўёқ бермас эди. Мана энди Ўш воқеаларидан кейин ҳамма бунақа маиший жанжалларга этник бўёқ берадиган бўлди. Оддий халққа эса бунинг кераги йўқ. Бу ерда ҳамма бир — Қирғизистон фуқароларидир.

Озодлик: Унда ҳибсга олинаётганлар ҳақида нима дея оласиз? Шу кунга қадар қанча одам ҳибсга олинди?

Курсанбек Асанов: Тахминан 100 нафар. Йўқ, тахминан 70 нафар одам ҳибсга олинган. Ўш шаҳри бўйича.

Озодлик: Шу ҳибсга олинган одамларнинг яқинлари аксарият олинганлар ўзбек йигитлари экани, ҳибсхонада оғир қийноқлар бўлаётгани ва қийноқлар остида айбловлар қўйилаётгани ҳақида айтмоқдалар. Бу ҳақда конкрет одамлардан аниқ фактлар асосидаги мурожаатлар бор.

Курсанбек Асанов: Конкрет одамлар Ўшнинг ИВС (вақтинчалик тергов изолятор) ида қотиллик учун ўтирибди. Улар қонун доирасида жазони олади, шахсан мен бу борада сўз бераман сизга. Улар шунчаки ўтиришгани йўқ. Улар ҳозир сўроқ беришаяпти. Ўш шаҳрининг Ички ишлар бошқармаси, прокуратураси, хавфсизлик кучлари ҳаммаси шунинг устида ишлаяпти. Қийноқ-пийноқ, деган нарсаларни мен билмайман. Агар шундай бўлаётган бўлса, ана адвокат ёллашсин. Зотан, бизнинг Ўшда БМТ, Халқаро Қизил хоч, деган ҳар хил ташкилотлар бор ва улар кунда бизнинг идорада. Бундан ташқари, тергов билан терговчилар шуғулланаяпти ва қонун бўйича бизнинг уларга уни қил ёки қилма, деб буйруқ беришга ҳаққимиз йўқ. Улар ўз ишига шахсан ўзи жавоб беради.

Озодлик: Мисол учун, 12 июл куни Ўш шаҳрининг Алишер Навоий кўчаси яшовчиларидан мурожаат бўлди. У ерда бир гуруҳ ёш йигитларни ҳибсга олишган ва ҳибсхонада қийноқ остида сохта айбловга иқрор бўлишга мажбур қилишган. Яъни, уларнинг олдига қурол қўйиб, исталган бирини танла ва айбни тан ол, дейишган...

Курсанбек Асанов: Тамом, мен сизни тушундим. Айтинг, ўша мурожаатчилар яхши адвокат ёлласин ва келишсин, қонуний асосда бунга чора кўрамиз. Агар шунақа иш бўлган бўлса, уни қилган одам қонун олдида жавоб беради.

Озодлик: Адвокат ёллаш осон, дейсизми жаноб Асанов, уйи куйиб култепа устида ўтирган одамларга, шу бугунги шароитда?

Курсанбек Асанов: Бизда сизлардаги каби Европа нархлари эмас, ахир! Мен аниқ билмайманку, аммо, ҳозир адвокатни 500 ёки 1000 қирғиз сўмига ёлласа бўлади, назаримда. Бунақа оғир паллада одамларга шунчаки текинга хизмат қилаётган адвокатлар ҳам бор.

Озодлик: Тушунарли. Жаноб Асанов, яна бир савол ва бу ҳам Озодликка қилинган мурожаатлардан олинган: Ўш воқеаларига алоқадорликда гумон қилиниб, қўлга олинганларнинг қанчаси ўзбек, қанчаси қирғиз миллатига мансублигини айта оласизми? Мана сиз 70 киши қўлга олинган, дедингиз.

Курсанбек Асанов: Гумонланиб қўлга олинганларнинг ҳаммаси мен учун бирдай шахслар - Қирғизистон фуқаролари. Улар орасида ҳамма миллат вакиллари бор. Мен сизга фақат шуни айтишим мумкин, тамом.

Озодлик: Охирги савол жаноб комендант, бизга мурожаат қилганлар гувоҳликларида, шунингдек, Ўш шаҳри мэрининг собиқ ўринбосари Темурбек Қамчибеков билан суҳбат чоғида, бундан ташқари, Россия нашрларида ҳам Ўш воқеаларининг ортида Ўш шаҳрининг ҳозирги мэри Мелис Мирзаакматов турибди, деган айблов тилга олинмоқда. Яқинда, Ўшдаги низони қўзғаш учун ёлланган ўзбек босқинчиларидан бири у ва унинг 18 сафдошини мэрнинг одамлари ёллагани ҳақида кўрсатма бергани акс этган видеотасма интернетдаги анчагина нуфузли нашрларда тарқатилди. Ўш фожиаларига алоқадорлар қидирилар экан, бундай маълумотлар ҳам инобатга олинаяптими?

Курсанбек Асанов: Мен буни провокацион савол, деб ўйлайман. Ўш шаҳри мэри ҳозирги вақтда муваффақиятли иш олиб бормоқда. Унинг собиқ ўринбосари билан орасида нима гап бўлганини эса мен билмайман. Бу уларнинг шахсий иши.

Озодлик: Сизларга шаҳар мэри устидан расман бирор шикоят келиб тушдими?

Курсанбек Асанов: Йўқ, расман ариза келиб тушгани йўқ. Ўш шаҳри ҳокими ишлаяпти. Овозалар эса хилма-хил ҳозир. Вақти келади, ҳаммаси изига тушиб кетади. Мен аниқ айтишим мумкинки, шаҳар мэри муваффақиятли ишлаяпти. Шаҳар аҳли ҳам, менимча, унинг ишидан рози, уни ҳурмат қилишади. У ҳозир ўз иш кабинетида ишлаяпти.
XS
SM
MD
LG