Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:31

Россияда ҳуқуқ фаоли Эстемирова хотирланди


Россиялик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Наталья Эстемирова ўлдирилганига 15 июл куни бир йил бўлади.
Россиялик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Наталья Эстемирова ўлдирилганига 15 июл куни бир йил бўлади.

Чеченистонда инсон ҳуқуқлари поймол этилишини кескин танқид қилиб келган Наталья Эстемированинг хотираси ёд этилаётган бир пайтда унинг яқинлари, дўстлари ва ҳамкасблари Россия ҳукуматини қотилларни топиб жавобгарликка тортиш учун етарли чоралар кўрмаганликда айбламоқда.

2009 йил 15 июл куни таниқли ҳуқуқ фаоли Наталья Эстемирова Чеченистон пойтахти Грознийдаги ўз уйи олдида номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган эди.

Бир неча соат ўтиб қўшни Ингушетия Республикасидаги йўл четида боши ва кўкрагига яқин масофадан отилган ўқ теккан унинг жасади топилган.

Наталья Эстемировани яхши билганлар Россия мард ва жасур инсон ҳуқуқлари фаолларидан биридан жудо бўлганини айтиб келмоқда.

- Наташа заковат, идрок ва мақсадга интилиш борасида беқиёс шахс эди. У инсон ҳуқуқлари ҳимоясига ўта содиқ ва ажойиб ҳамкасб эди. У қўрқувга солинган одамларнинг ишончини қозониш ва адолатни қарор топтиришда уларга ёрдам бериш қобилиятига эга эди, дейди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Москва бюроси раҳбари Аллисон Гилл.

50 ёшли Эстемированинг ўлдирилгани халқаро ҳамжамият томонидан кескин танқидга учради.

Кремл расмийлари Эстемированинг қотилларини жазога тортишни ваъда қилганига қарамай, шу пайтгача бу ваъда амалга ошмади.

Қотиллик юзасидан суриштирув олиб борган терговчилар Эстемировани ўлдирганликда гумон қилинган чечен партизанлари раҳбари Алхазур Башаев 2009 йил ноябрида Россия хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилганини маълум қилди.

Наталья Эстемирова ишлаган Мемориал ташкилоти ходими Александр Черкасов фиркича, қотилликни чечен жангчиси зиммасига юклаш орқали Россия расмийлари бу жиноий ишни ёпишга уринмоқда.

- Асосий версия жуда қулай тарзда танланган. Қотил жангари, яъни Россия Федерациясининг душмани. Қотил аллақачон ўлдирилган. У суд олдида жавоб бера олмайди. У ўзига қўйилаётган айбловларни рад ҳам қила олмайди. Шу боис бу жиноий ишни ёпиш мумкин бўлади. Биз бундай содда йўлнинг адолатни қарор топтиришга ҳеч қандай алоқаси йўқ, деб ҳисоблаймиз, дейди россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Наталья Эстемирова Чеченистоннинг россияпараст хавфсизлик кучлари ходимлари томонидан инсон ҳуқуқлари поймол қилиб келинганини танқид қилгани боис Чеченистон президенти Рамзан Қодировнинг таҳдидига учраган.

Аллисон Гилл, агар Эстемированинг қотиллари топилиб жавобгарликка тортилса, бу Кремл расмийларининг Чеченистондаги зўравонликлар ва содир этилган жиноятлар учун жазодан қутулиб қолиш ҳолларига чек қўйишни истаётганига ишора эканини англатади, деган фикрда.

Айни пайтда 15 июл куни Россия президенти Дмитрий Медведев Екатеринбург шаҳрида Германия Канцлери Ангела Меркел билан учрашди. Музокарадан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берган Россия раҳбари Наталья Эстемированинг қотилларини топиш юзасидан тергов-суриштирув ишлари қизғин олиб борилаётганини айтди.

- Биринчидан, текширув олиб борилмаяпти дейиш нотўғри. Текширув тўлиқ олиб бориляпти. Иккинчидан, агар қўлидан ушлаб олинмаган бўлса, бундай жиноятни очишда қисқа муддатда натижага эришилмайди. Учинчидан, қотиллик ижрочиси аниқланди. Тўртинчидан, унга халқаро қидирув эълон қилинди. Ниҳоят бешинчидан, ҳозир текширув-суриштирув жараёнида эътибор нафақат қидирувда бўлган қотиллик ижрочисига балки ушбу оғир жиноятнинг буюртмачиси кимлигини аниқлашга қаратилган, деди Россия раҳбари Дмитрий Медведев.
XS
SM
MD
LG