Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:28

Ўзбекистонда аëлларни бичиш янги босқичга кирди


Тошкентдаги ихтисослашган акушерлик маркази ходимаси¸ ўз ҳамкасбларининг вилоятларга чиқиб¸ операцияга ҳозирлаб қўйилган аëлларни бичиб келаëтганларини тасдиқлайди.
Тошкентдаги ихтисослашган акушерлик маркази ходимаси¸ ўз ҳамкасбларининг вилоятларга чиқиб¸ операцияга ҳозирлаб қўйилган аëлларни бичиб келаëтганларини тасдиқлайди.

Ихтиëрий жарроҳлик контрацепцияси деб аталсада, ушбу амалиëтнинг айрим ҳолларда мажбурий тарзда қилинганига оид даъволар мавжуд. Соғлиқни сақлаш вазирлиги буюртмаси асосида бундай жарроҳлик амалиëтларини бевосита ўтказиб келаëтган мутахассиснинг Озодликка айтишича, ҳозирга қадар стерилизация тавсия қилинган аëлларнинг қарийб ярми бичиб бўлинган.



Ўзбек аёлларини стерилизация қилиш тадбирининг иккинчи босқичи 15 июлдан бошланган ва унинг бир ой давом этиши режалаштирилаяпти.

Айни амалиётда шахсан иштирок этаётган шифокорлардан бири Озодлик билан суҳбатда, аёлларни бичиш тадбирининг иккинчи босқичи ҳам мажбурий тарзда амалга оширилаётганини маълум қилди.

Озодлик¸ суҳбатдошнинг илтимосига кўра, унинг исми шарифи, яшаш манзилини ошкор қилмайди.

Шифокор суҳбатдошга кўра, аёлларни мажбурий тарзда жарроҳлик столига олиб келиш амалиёти худди биринчи босқичдаги сингари йўлга қўйилган бўлиб, маҳаллий шифокорларнинг ҳар бирига бир ой муддатда белгиланган сондаги аёлни ихтиёрий жарроҳлик тарзи билан ўтадиган стерилизацияга рози қилиш вазифаси юкланган.

- Стерилизациянинг иккинчи этапи 15 июлдан бошлаб яна бошланди. 15 августгача давом этар экан. Биринчи босқичи 15 январдан 15 апрелгача бўлган эди. Ҳозир қайтадан тиббиëт ходимларига иккитадан ИЖК (ихтиëрий жарроҳлик контрацепцияси) га аёл¸ 25 тадан ИК (инъекционная контрацепция) укол оладиган аёл яна 25 тадан ОК (оралная контрацепция) дори берилиши керак бўлган аёлни топиш мажбурияти юклатилди. Шунақа солиқ солинган. Яна мажбурлаш кетаяпти. 15 июлдан 15 августгача мана шуни бажариш керак. Санитарка¸ ўрта тиббиëт ходими¸ врач ҳаммасига шу иш топширилган. Ҳар куни ишда разбор. Биттама-битта турғазиб сўрайди. Бажармаганларни уришади. Ана шунақа жараëн яна давом этаяпти ҳозир, дейди суҳбатдош.

Ушбу шифокорга кўра, дастлабки босқичда аёлларни жарроҳлик амалиётига мажбурлаш тадбирларида шифокорларга милиция ходимлари кўмаклашган бўлса, эндиликда маҳаллий ҳокимликлар ва прокуратура ходимлари ҳам бу ишга жалб қилинаяпти.

- Бунда прокурорлар ҳам бор¸ судлар ҳам бор, хокимликлар ҳам бор. Ҳаммаси қатнашаяпти. Ички ишлар бўлимларининг бошлиқлари ҳам қатнашаяпти. Фуқаролар йиғинининг раислари¸ котиблари ҳам қатнашаяпти. Фуқаролар йиғинларида аëл кишилардан иборат маслаҳатчи¸ деган штат бор. Шулар ҳам бирга юриб бўйсунмаганларни кўндиришга ҳаракат қилади. Шу томонлама кўмаклашади. Кейин контрацепция бўлмаганларнинг нафақа пулларини¸ бола тарбия пулларини¸ икки ëшгача бола тарбияси учун пул бериладию¸ моддий ëрдам пулларини чиқармайди. Доктордан справка олиб кел¸ дейди. Доктор контрацепция бўлмаган аëлларга справка бермайди. Натижада фуқаролар йиғини нафақа пулларини¸ икки ëшгача тарбия пулларини тўхтатиб туради. Шунинг учун баъзи аёллар мажбуран рози бўлади. Энди прокуратура буларнинг устидан назорат қилади. Улар ҳам ҳар ҳафталик разборда қатнашиб туман касалхонасининг бош врачидан сўрайди. Ҳокимнинг мажлисида қатнашиб топшириқ берадида, дейди суҳбатдош.

Шифокор суҳбатдошнинг айтишича, стерилизация амалиётидан кейин айрим аёллар саломатлигида салбий асоратлар кузатилган бўлиб, эндиликда бундан хабар топган аксар аёллар ўзларининг бичилишига қаршилик кўрсатишаяпти.

- Аëл кишиларнинг кўпчилиги кўнмаяпти. Норози бўлаяпти. Кўпчилиги кўнмаяпти. Организмга салбий таъсир қилар экан. Укол олганларнинг менструацияси бузилиб¸ бир- икки ойлаб қон кетиб қолаяпти. Халқ норози бўлаяпти ҳозир, дейди ИЖК амалиётида шахсан иштирок этаётган шифокор.

Навоийлик суҳбатдош аёл кейинги пайтда аёлларга иккитадан ортиқ туғмаслик ҳақида босим бўлаëтгани ва агар жарроҳлик амалиётига рози бўлмай, учинчи болани туғишни хоҳлаган аёллар бўлса¸ улар жаримага тортилаётгани ҳақида гапиради.

- Апрелдан бошлаб қишлоқларда врачлар¸ маҳалла ходимларидан¸ милиция ходимлари аëлларни тўплаб, иккита боладан кейин учинчисини туғмаслик ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Учинчи болани туғмаслик учун улар ИЖК қилинаяпти. Яъни бачадон найларини чандиб, тикиб ташлашаяпти. Учинчи болани туғишга ҳозир рухсат йўқ. Рухсат беришмаяпти. Агар учинчи болага иккиқат бўлса¸ у жаримасини тўлаши ҳақида гапиришаяпти, дейди навоийлик аёл.

Озодликка маълум бўлишича, маҳаллий тиббий ходимлар аёлларни стерилизацияга рози қилишгач, бу аёлларни Тошкентдан ва вилоят марказларидан келган малакалар шифокорлар томонидан жарроҳлик йўли билан бичишади.

Тошкентдаги Республика ихтисослашган акушерлик ва генекология илмий-амалий тиббиёт марказининг шифокорлари ҳам айни тадбирга жалб қилинган бўлиб, Озодлик улардан бири билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

- ИЖК ҳозир жуда ҳам активлаштирилган. Мисол учун¸ кўп докторлар центрлардан четларга бориб ИЖК қилишади. Биз ҳам мана неча марта командировкаларга чиқдик¸ душанба яна кетамиз¸ контрацепцияга тайëр аëллар бўлса¸ бориб жойларда биздан чиққан мутахассислар ҳаммаси аёлларни операция қилишиб, ВХС (врачебно-хирургическая стерилизация) қилиб келишаяпти. Қаерда яхши хирурглар¸ жарроҳлар бўлса¸ улар уже ўрганишган. Шунинг учун жуда яхши кетаяпти. Худо хоҳласа, энди фоизини аниғини айта олмайман, лекин тахминан 40-50 фоиз аëллар¸ кому показано бўлса, улар уже ВХС бўлишган. Мисол учун¸ биз борган жойларимиз¸ мана биз Наманганга борганмиз. Андижонга борганмиз. Учта-тўртта районга чиқиб Андижондаги ўзларининг профессорлари¸ завкафедра доцентлари¸ жарроҳлар, гинекологлар чиқиб ВХС қилишади. Районларда ҳам ҳар куни беш-олтита одам тайëрлаб қўйишар эди. Ҳар борганда бир ҳафтада 30-40 та аёл ВХС қилиб келардик. Биз борганимизда бир ҳафтада 30-40 та бўлса¸ бир йилда унақа ҳафталардан қанча. ВХС аёллар учун жуда фойдали. Абортдан кўра бу фойдали, дейди шифокор.

Ўзбек аёлларини бичиш амалиётида шахсан қатнашаётган ушбу шифокор жарроҳлик амалиётлари аёлларнинг мутлақо хоҳишларига кўра амалга ошаётганини ва бу борада ҳеч қандай маълум план йўқлигини билдирди.

Озодлик: ИЖК масаласида бирор бир план берилганми?

- Йўқ. План керак эмас. Бу добровольно. Одамларнинг ўзлари “Мана учта-тўртта болам бор. Соғлиғим мана шу болаларни катта қилишга етарли. Гармон ичсам¸ тўғри келмаяпти. Спирал қўйсам бўлмаяпти” деб ўзлари келишаяпти аëллар.

Озодлик: Сиз ихтиëрий деяпсиз. Лекин бизнинг радиога Қашқадарëдан¸ водийдан¸ Навоийдан телефонлар бўлаяпти ва одамлар ўша жойларда бу ҳолат мажбурий тарзда ўтказилаётганини айтишмоқда.

- Мен бировни мажбур қилганини кўрмаганман. Бўлмаган бунақа нарса. Может быт¸ билмайман¸ ҳалиги индивидуално битта-яримта одамга “Сизга туғиш мумкин эмас” деб мажбур қилиб юборган бўлса¸ бу энди жуда ҳам нотўғри. Аëлларга тушунтирса¸ ҳаммаси тушунади, дейди Тошкентдаги Республика ихтисослашган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази шифокори.

ИЖК амалиётининг Ўзбекистон президентининг 2009 йил 13 апрел ва 1 июлдаги икки қарори асосида амалга оширилаётгани айтилади. Президент қарорларида аҳолининг репродуктив саломатлигини сақлаш чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисида сўз боради.

Экспертлар ишчи гуруҳининг маълум қилишича¸ 2010 йилнинг 15 февралида президентнинг ана шу қарори аосида республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг туғиш ёшидаги аёлларни ихтиёрий стерилизациялаш тўғрисидаги 40-буйруғи чиққан ва республика бўйлаб аëлларни ихтиëрий-мажбурий бичиш амалиëтига ана шу буйруқ асос бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG