Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:47

Ўтунбаева 1 миллиарддан ортиқ ëрдам сўради; БМТ шарт қўйди


Уйи куйган ўшлик ўзбеклар Бишкек ҳукуматидан ўз ҳовлиларини қайта тиклаш учун ëрдам кутмоқдалар.
Уйи куйган ўшлик ўзбеклар Бишкек ҳукуматидан ўз ҳовлиларини қайта тиклаш учун ëрдам кутмоқдалар.

БМТ Қирғизистон Ўтиш даври президентини мамлакат жанубини¸ у ердаги ўзбеклар зиëнига қайта қуриш режасини бошламасликка чақирди ва халқаро ҳамжамиятнинг Қирғизистонга кўрсатадиган ëрдами Ўш ва Жалолободни қайта қуриш режасига боғлиқ эканини таъкидлади. Бу чақириқ БМТ нинг BBC мухбири қўлига тушган мактубидан ўрин олган.



27 июл куни Бишкекда бўлиб ўтган Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш масаласига бағишланган донор давлатларнинг халқаро анжуманида Қирғизистон Ўтиш даври ҳукумати президенти Роза Ўтунбаева мамлакат жанубини қайта тиклаш учун 1 миллиард 200 миллион доллар халқаро ëрдам сўради.

Анжуман якунида ўтказилган матбуот анжуманида Бишкек расмийларининг айтишича¸ донор давлатлар сиëсий ва миллий низолардан жиддий иқтисодий зиëн кўрган Қирғизистонга 1 миллиард 100 миллион доллар ëрдам беришга рози бўлган¸ бироқ бундай ëрдам учун муайян шартлар қўйган.

Халқаро ҳамжамиятнинг ëрдам эвазига қўйган шартлари ҳақида BBC жаҳон хизмати БМТ расмийсининг президент Ўтунбаевага йўллаган мактуби асосида хабар тарқатди.

BBC мухбири Райҳон Демитриенинг ëзишича¸ БМТ маъсулининг президент Ўтунбаевага йўллаган мактубида¸ Ўш ва Жалолободни қайта тиклашнинг июн ойидаги миллий низодан энг кўп зарар кўрган ўзбеклар зиëнига бўлмаслигини кафолатлаш сўралган.

BBC мухбирига кўра¸ БМТ мактубида Ўш ва Жалолободни қайта қуриш баҳонасида уйи куйган ўзбекларни бошқа жойларга кўчириш режаси ўзини шундоқ ҳам ҳимоясиз сезаëтган ўзбеклардаги ҳимоясизлик ҳиссиëтини янада кучайтирилиши айтилган.

"Зўравонликлар оқибатидан жабр кўрганлар¸ асосан Қирғизистондаги ўзбеклар бўлди. Қайта қуриш ва қайта тиклаш режалари уларнинг хусусий мулкига ҳам таъсир кўрсатадиган бўлса¸ бу ўзини шундоқ ҳам ҳимоясиз сезаëтган ўзбеклардаги ҳимоясизлик ҳиссини янада кучайтириб юборади. Улар хусусий мулкининг товон пули ëхуд кўп қаватли уйлардаги квартираларга алмаштирилиши ҳозиргидай кескин муҳитда ўзбекларнинг ўзларининг давлат томонидан таъқиб қилинаëтганлари хусусидаги ишончига фақат ишонч қўшади. Зўравонликлар давомида уларнинг мол-мулк ва ўз шахсиятига оид ҳужжатларининг йўқ қилиб юборилгани кимнинг ким экани¸ қайси мулк эгаси ëки меросхўри эканини аниқлаш ва шу билан боғлиқ кейинги жараëнларни жиддий мураккаблаштиради"¸ дейилади Қирғизистон Ўтиш даври президенти номига БМТ расмийсидан юборилган мактубда.

Шу муносабат билан БМТ Бишкек раҳбаридан Ўшни қайта тиклашга оид ҳукумат режасини жамоатчиликка очиқлаштириш сўралади ва бу режанинг жабр кўрганлар ҳаққига янада жабр қилмаслиги аниқ бўлсагина¸ халқаро ҳамжамиятнинг бу жараëнга ҳисса қўшиши таъкидланилади.

10 июн куни бошланиб¸ қарийб бир ҳафта давом этган Ўш ва Жалолободдаги қирғин давомида 2 500 дан ошиқ уй-жой вайрон бўлди ва уларнинг мутлақ кўпчилиги ўзбекларникидир. Ҳозирда уйи куйганлар ўз ҳовлиларига халқаро ташкилотлар томонидан берилган чодирларни тикиб¸ кун кўришмоқда.

21 июл куни Ўшда шаҳар мэри Мелис Мирзакматов билан учрашган Озодлик мухбирлари ўшлик ўзбекларнинг деярли ҳаммасини ташвишга солаëтган шаҳарни қайта қуриш режасига оид саволни ҳам сўраган¸ бироқ ҳукуматнинг бу режасига оид конкрет жавоб ололмаган эди.

- Биз бу бузилган¸ ëндирилган уйларнинг ўрнига икки хил вариантни таклиф қилмоқчимиз. Биринчидан¸ бу маҳаллаларни аралаш маҳаллалар¸ яъни ўзбек¸ қирғиз ва бошқа миллатлар бирга яшайдиган маҳалла қилмоқчимиз. Биринчи вариант¸ кўп қаватли уйлар қилмоқчимиз¸ иккинчиси ер участкаларида ўзларининг уйларини қайтадан тиклаш. Ҳали биз бир қарорга келганимиз йўқ. Биз буни халқ билан маслаҳатлашамиз¸ деб жавоб берган эди Озодлик мухбирига Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзакматов.

Ўшдаги аксар ўзбеклар¸ қолаверса ўзининг иккала собиқ ўринбосари томонидан Ўшдаги миллий низо ташаббусчиларидан бири эканликда айбланаëтган Мелис Мирзакматовнинг бундай жавоби ўз келажаги¸ қишга қадар уй-жой муаммосини қандай ҳал қилишни билолмай турган ўзбекларни янада асабийлаштирмай қолмаган кўринади.

Кейинги ҳафта давомида Ўшнинг ўзбек маҳаллалари аҳли билан узоқ ва муттасил суҳбатлар ўтказган Озодлик мухбири Сарвар Усмон бу кайфиятни шундай тасвирлайди.

- Ўшдаги ëндирилган маҳаллаларнинг жойлашишига эътибор бериб ўшликлар “Бу аввалдан пухта режаланган акция” деган фикрни билдиришдида мана бир ҳафталик суҳбатлар давомида. Чунки Помир томондан кириб келиш¸ Қорасув томондан кириб келиш¸ Аравон томондан кириб келиш, айтиш мумкинки, стратегик йўллар. Шаҳарнинг дарвозалари бўладиган йўлларнинг атрофидаги ўзбеклар уйлари куйдирилган. Шундан келиб чиқиб ўшлик ўзбеклар “Бу атайлаб қилинган” дейишаяпти.

Босқинчилар тўғри келадиган йўллиги учун¸ ҳужум қилишга энг қулай бўлгани учун деб ҳам тушунтириш мумкиндир. Лекин¸ хусусан¸ Увом бўйида шаҳар мэри Мелис Мирзакматов келгандан кейин ўзича шаҳарнинг тўрт тарафига шунақа рамзий дарвозалар қуриш режасини эълон қилган эди. Увом бўйида усиз ҳам кенг бўлган йўлни кенгайтириш режаларини¸ макетларини бир қурилиш ташкилотидан топишиб олган экан Увом бўйиликлар. “Мана. Бу олдидан режаланган. Мана кўриб қўйинглар” деб ўша лойиҳанинг суратини кўрсатишди.

Агар ўша лойиҳа амалга ошириладиган бўлса¸ амалга ошириш бошланган¸ қурилиш ишлари бошланганини кўрдик¸ баъзи катта йўл бўйидаги бир қатор уйлар ëндирилишсиз ҳам бузилишига тўғри келган бўларди. Шундан келиб чиқиб ўшликларнинг хавотири жуда катта. “Демак¸ бизни аввалданоқ эгаллаб турган ер участкаларимиздан¸ ҳовлиларимиздан кўчириб ташлаш тўғрисидаги режаси бор эканку мана энди тайëр баҳона” деган қўрқинч бор. Улар аждодлардан қолган ер участкалари ва улар давлатнинг қайта тиклаб беришини кутишаяпти. Улар бошқа жойга кўчмоқчи эмас. Улар 100 йиллардан бери яшаб келган ҳовлиларида яна қайтадан жойларини тиклаб олмоқчи¸ дейди кейинги ҳафта давомида ўшлик ўзбеклар вазиятини бевосита кузатган Озодлик мухбири.

Ҳозирча БМТ нинг Роза Ўтунбаевага ëзган мактуби ва ундаги чақириққа Бишкек раҳбари¸ қолаверса Ўшни¸ айрим кузатувчилар фикрича¸ Бишкекдан мустақил тарзда бошқараëтгани тахмин қилинаëтган Ўш мэри Мелис Мирзакматовнинг жавоби ҳақида бирор маълумот йўқ.

Бишкекдаги донор давлатлар анжумани сўнггида ўтказилган матбуот анжуманида қатнашган Озодлик мухбирларига кўра¸ донор давлатлар¸ БМТ мактубида қайд этилгани каби¸ Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш мақсадида бериладиган халқаро ëрдамнинг миллий низодан зарар кўрганлар уйларини ўз жойида қайта тиклашга сарфланиши ҳақида муайян шартлар қўйишган.
XS
SM
MD
LG