Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:13

Журналист Солижон Абдураҳмонов иши қайта кўриладиган бўлди


Ўзбекистон Олий суди икки йилдан бери қамоқда қолаëтган журналист яқинларининг бир ярим йил аввалги аризасини қайта ўрганиб, кутилмаганда Солижон Абдураҳмонов ишини қайта кўриб чиқиш учун Қорақалпоғистон Олий судига жўнатди. Бу хабар¸ журналист яқинлари кўнглига янги умид солмай қолмади.


Жорий йилнинг 25 июл куни Ўзбекистон Олий суди Солижон Абдураҳмонов яқинларига мактуб йўллаб, қамоқдаги журналист ишининг Қорақалпоғистон Олий судига қайта кўриш учун жўнатилганини билдирди.

Бу ҳақда хабар тарқатган Uznews.net мустақил ахборот хизмати бош муҳаррири Галима Бухорбоевага кўра, бу кутилмаган хабар нафақат Солижон Абдураҳмонов яқинлари¸ балки унинг ҳамкасбларини ҳам бирдек қувонтирган.

- Кутилмаганда¸ Ўзбекистон Олий суди Солижон Абдураҳмонов ишини қайта кўриш ташаббусини киритди. Солижоннинг оиласи бир ярим йил аввал Ўзбекистон Олий судига ишни қайта кўриш борасида ариза берган эди. Ўша пайтда Ўзбекистон Олий суди аризани ўрганишни Қорақалпоғистон Олий судига топширган ва улар бу ишни кўришни рад қилган эди. Лекин орадан бир ярим йил вақт ўтиб, Ўзбекистон Олий суди ташаббуси билан Солижон иши қайта кўриш учун Қорақалпоғистон Олий судига жўнатилди. Бу ҳолат¸ албатта¸ кўнглимизда умид учқунларини пайдо қилди. Тошкентдагиларнинг Солижон ишини қайта кўриш заруратини кўраётганининг ўзи катта гап. Агар Солижонга очилган жиноий иш 100 фоиз сохталаштирилгани инобатга олинса, бирорта профессионал судя ёки юрист Солижоннинг мутлақо айбсиз эканини инкор қила олмайди. Агар суд адолатли ўтказилса, Солижоннинг озод бўлиши аниқ, дейди Галима Бухорбоева.

Солижон Абдураҳмоновнинг айнан касбий фаолияти учун ҳибсга олинганини таъкидлаб келаётган Галима Бухорбоевага кўра, Абдураҳмонов Uznews.net мухбири сифатида қорақалпоғистонликларнинг кўплаб муаммо ва ташвишларини матбуот орқали ёритаётган ва унинг мақолалари натижасида кўплаб ҳамюртларининг муаммолари барҳам топаётган эди.

Асли касби ўқитувчилик бўлган Солижон Абдураҳмонов 20 йилга яқин вақт мобайнида ўрта умум таълим мактабларида мураббийлик қилган.

У ўтган асрнинг 90-йиллари бошидан бошлаб журналистика билан шуғулланган. Солижон Абдураҳмонов Озодлик ва Америка овози радиолари, Уруш ва тинчликни ёритиш институти, Uznews.net мустақил ахборот хизмати сингари бир қатор халқаро оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган.

Шу билан биргаликда Солижон Абудараҳмонов сўнгги беш йил мобайнида бош қароргоҳи Германияда жойлашган Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг ҳудудий вакили сифатида фаолият кўрсатаётган эди.

Айни ташкилотнинг Ўзбекистон бўлими раҳбари Марат Зоҳидовга кўра, уларнинг Солижон Абдураҳмонов озод қилиниши талаби билан қилаётган чиқишлари самарасиз қолмоқда.

- Биз ҳар хил ташкилотларга ҳали ҳам ëзаяпмиз. Бизга битта хабар келаяпти яъни “У қорадори учун қамалган” деган. Лекин¸ менимча¸ бунинг ҳаммаси сунъий равишда бўлган. У мутлақо сигарет ҳам чекмаган¸ ароқ ҳам ичмаган. Тем более¸ у қорадори бўлса. Унинг бу нарсага умуман ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Жуда одобли одам бу. Солижон ҳуқуқ фаоли сифатида жуда кўп масалани кўтарган. Диний масалани кўтарган¸ адолатсиз суд масаласини кўтарган¸ милиция қилаëтган ишларни ëзган. Менимча¸ Солижоннинг бу ҳаракатлари уларнинг жонига теккан. Кейин шуни ташкил қилишди. Маҳаллий идоралар борку¸ ўшалар ташкил қилишди. Улар қанақадир тайëргарлик кўришган. Мен 100 фоиз ишонаманки¸ бу сунъий равишда қилинган. Мунтазам равишда биз у ҳақида ëзаяпмиз¸ мурожаат қилаяпмиз¸ йўлларини қидираяпмиз. Лекин аҳвол шунақада, аҳвол оғир, натижа йўқ, дейди Марат Зоҳидов.

Айни пайтда Қаршидаги қамоқхонада сақланаётган Солижон Абдураҳмонов 2008 йилнинг 7 июн куни ҳибсга олинган эди. Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг даъвосича¸ ҳибсга олинган пайтда унинг машинасидан 114 грамм марихуана ва 6 граммга яқин қорадори топилган. Дастлаб гиёҳвандликда айбланган Абдураҳмоновга¸ кўп ўтмай банг моддаси сотишга ҳаракат қилганлик айни қўйилди.

Унинг ҳимоячиси, собиқ адвокат Рустам Тўлаганов Солижон Абдураҳмоновнинг мутлақо айбсизлигига ишонишини айтади.

- Ўша пайтда судда ҳам айтганман. Агар милиция ходими наркотик моддасини топганда¸ қўли билан олиши керак эмас ҳеч қачон. Уни ҳамма қонун китобида ëзиб қўйибди. “Агар Солижон олган бўлса ëки шунинг наркотиги бўлса¸ нимага буни эҳтиëтсизлик билан олдинглар?” десам¸ бирорта эксперти жавоб бера олмаган. Шунинг учун ҳам айтаяпман¸ унинг айби йўқ. Ўшанда ҳам айби бўлмаган. Машина бир ҳафта автосервисда турган. Автосервисдан ҳайдаган пожарний ходими бўлган. Автосервисда турган машинага Солижон қандай қилиб наркотик моддасини қўйиб қўйиши мумкин эди? Шунисига ҳеч ким аниқлик кирита олмайди ва очиб бера олмайди. Шунинг учун мен ҳозир ҳам айтаяпман. Солижон ўшанда ҳам айбсиз эди¸ ҳозир ҳам айбсиз. Бу менинг қатъий фикрим, дейди қамоқда қолаëтган журналист Солижон Абдураҳмонов ҳимояси билан шуғулланган Рустам Тўлаганов.

2008 йилнинг 10 октябр куни Нукус шаҳар жиноий ишлар суди ҳукмига кўра, Солижон Абдураҳмонов 10 йил муддатга қамоқ жазосига маҳкум қилинди.

19 ноябр куни эса Қорақалпоғистон Олий суди дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор чиқарди.

2009 йилнинг 28 феврал куни Ўзбекистон Олий суди ишни қайта кўриб чиқиш учун Қорақалпоғистон Олий судига жўнатди.

Ўтган йилнинг 25 март куни Қорақалпоғистон Олий суди яна дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.

Жорий йилнинг 25 июл куни Ўзбекистон Олий суди ишни қайта кўриш учун Қорақалпоғистон Олий судига жўнатди.

Бу борада Қорақалпоғистон Олий судидан бирор бир маълумот олиш имкони бўлмади.

Қароргоҳи Ню Йоркда жойлашган “Журналистларни ҳимоя қилиш” қўмитаси, Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти, Ҳюман Райтс Уотч ва Фридом Ҳауз каби бир қатор нуфузли ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматидан Солижон Абдураҳмоновни озод қилишни сўраб келаяптилар.

Европа иттифоқи ҳам икки марта Ўзбекистон раҳбарияти номига мурожаат йўллаб, Солижон Абдураҳмоновнинг 10 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинганидан хавотир билдирган эди.
XS
SM
MD
LG