Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:52

Санкт-Петербургда шариат суди иш бошлади


Санкт-Петербургдаги шариат суди ташаббусчиси Жамолиддин Махмутовга кўра¸ бу тузилма Россия мусулмонлари дуч келаëтган маиший-ижтимоий муаммолар бўйича ëрдам кўрсатади.
Санкт-Петербургдаги шариат суди ташаббусчиси Жамолиддин Махмутовга кўра¸ бу тузилма Россия мусулмонлари дуч келаëтган маиший-ижтимоий муаммолар бўйича ëрдам кўрсатади.

Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган Ислом ҳуқуқ ҳимояси маркази қошида шариат суди иш бошлади. Янги тузилмани "ижтимоий ҳакамлик ташкилоти" дея тақдим этаëтган ташаббусчилар¸ унинг оилавий, хўжалик ва фуқаровий масалаларни ҳал этишда Ислом ақидаларига асосланган ҳолда маслаҳат бериш билан шуғулланишини айтмоқдалар.



Санкт-Петербургдаги Ислом ҳуқуқ ҳимояси маркази қошида тузилган илк шариат суди Россия мусулмонлари олдида вужудга келаётган турли масалалар ечимини топишга кўмаклашади, дейди Озодлик билан мулоқотда “Ал-Фатҳ” исломий ташкилоти раиси ва Ислом ҳуқуқ ҳимояси маркази президенти Жамолиддин ҳазрат Махмутов:

- Турли оилавий, маиший можаролар билан тўқнашган мусулмонлар¸ одатда давлат судларига мурожаат қилмайдилар. Чунки кўпинча мавжуд давлат қонун-қоидаларидан бу саволларга жавоб топиш мушкул. Бу можаро олди олинмаса у катта оилавий, ижтимоий касалликларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Жамият¸ бугунги кунда жуда кўплаб бу каби муаммоларни бартараф этишга ожиз эканлигига ўзингиз гувоҳсиз.

Шариат суди, энг аввало, турли миш-мишлар, ножўя ҳаракатлар, нотўғри хулосаларнинг олдини олиш ва ижтимоий нифоқни келтириб чиқарувчи ҳар қандай фикр-мулоҳазаларнинг олдини олишга қаратилган, дейди Санкт-Петербургдаги Ислом ҳуқуқ ҳимояси маркази президенти.

Шариат судининг¸ биринчи галда¸ рссиялик мусулмонлар адлия соҳасида дуч келаëтган муаммоларни ҳал этиш учун тузилганини таъкидлаган Жамолиддин ҳазрат Махмутов, бу тизимга энг аввало юридик тузилма, сўнгра эса диний ташкилот сифатида қаралишини таъкидлайди:

- Биз яқин келажакда ҳатто Россия президенти Дмитрий Медведевга ижтимоий ҳакамлик судларини жорий қилиш таклифи билан нома тайёрламоқдамиз. Бизнинг ташкилот аслида айнан шундай ижтимоий ҳакамлик ташкилоти. Биз шунингдек судларга даъво аризалари ва адвокатлик сўровномалари киритишимиз, суд ва бошқа давлат органларида вакиллик қилишимиз мумкин. Садовая-Сенная метро бекати ёнида жойлашган ташкилотимизга нафақат россиялик мусулмонлар, балки исталган чет эл фуқароси, хусусан ўзбек муҳожирлари ҳам мурожаат қилишлари мумкин, дейди “Ал-Фатҳ” ислом ташкилоти раиси ва Ислом ҳуқуқ ҳимояси маркази президенти Жамолиддин ҳазрат Махмутов.

Айни пайтда Ислом ҳуқуқ ҳимояси маркази қошида шариат суди тузилгани Санкт-Петербург Бош муфтийси Равил Панчаевнинг кескин танқидига учради. “Фонтанка.ру” агентлигига берган интервьюсида Панчаев: “Биз бу ташкилотни тан олмаймиз. Уни товламачилар тузган. Бу каби судларни очадиганлар ислом ақидалари билимдони бўлмоқ зарур!” деди жумладан.

Шаҳар Бош муфтийсининг Ислом ҳуқуқ ҳимояси маркази қошида шариат суди тузилганига нисбатан эътирозларини бевосита ўрганиш уринишларимиз 3 август куни бесамар қолди - муфтийлик ходими Равил Панчаевнинг бу каби саволларга жавоб бера олмаслигини билдирди.

Марказий мусулмонлар идорасининг мамлакатда тузилган илк шариат судига муносабатини очиқлаган Россия Муфтийлар кенгаши раисдоши Нафиғулла Аширов ҳазратлари ҳар бир мусулмон жамоаси энг аввало Россия қонунларига бўйсуниши ва шу қонунлар асосида иш юритиши зарурлигини таъкидлади:

- Шариат судларининг пайдо бўлиши ҳақидаги маълумотни биринчи навбатда тўғри тушуниш ва талқин қилиш зарур. Барчамизга маълумки, ҳар қайси диний конфессия қошида диний судлар мавжуд. Масалан¸ православ черковининг ўз суди мавжуд. Шу сабабли петербурглик биродарларимизнинг шаърий судни жорий қилиш амалиётларини биз қўллаб-қувватлаймиз, чунки, энг аввало улар ислом нуқтаи назаридан бажарилиши мажбурий бўлмаган, балки тавсия тарзида амал қилаётган тузилмадир.

Иккинчидан, улар ҳеч қанақа давлат қонунларини бузмаган. Жаноб Панчаев ва оиласининг бу ташаббусни бекор қилишга уринишлари эса кулгулидир, холос. Шариат судини очиш учун марказий идорадан махсус рухсат олиш, уни диний ташкилот назорати остига олиш каби қоидаларнинг ўзи йўқ. Биз демократик давлатда яшаяпмиз. Улар мусулмонлар орасида тушунтириш ишларини олиб борсалар, бунинг нимаси ёмон? Мусулмонларга озодлик берилсин, озодлик, деди Озодлик билан суҳбатда Россия Муфтийлар кенгаши раисдоши Нафиғулла ҳазрат Аширов.

Ҳазрат Аширов билан суҳбатдан аëн бўлишича¸ Россияда шариат судларинининг очилиш-очилмаслиги масаласи билан фақат ҳукумат идоралари шуғулланади ва бу борадаги ҳукумат қарорини бекор қилиш-қилмаслик муфтийлар ваколатига кирмайди.

Санкт-Петербургдаги Ислом ҳуқуқ ҳимояси маркази қошида шариат суди тузилгани борасида россиялик муфтийлар ўзаро баҳс қилиб турган бир пайтда¸ исломий ҳуқуқ асосларидан маслаҳат берувчи бундай тизимнинг пайдо бўлгани хабарини эшитган ўзбекистонлик муҳожирлар¸ агар бундай даргоҳда Ислом фиқҳидан яхши хабардор уламолар ишласа¸ бундан мусулмонларга наф етажагига умид билдирмоқдалар. Москвада меҳнат қилаётган Иброҳим ака шундайлардан бири:

- Энди бу мўмин-мусулмонлар учун¸ албатта¸ яхши амал. Имон-эътиқодли, Оллоҳдан қўрқадиган одамлар у ерда иш олиб борса ниҳоятда мақсадга мувофиқ бўлар эди. Мана шундай мусулмонлар кўп яшайдиган жойларда очилиши жуда яхши иш бўлади. Лекин у ерда каттароқ илмга эга бўлган одам ишласа маъқул бўларди, дейди Иброҳим ака.

Турли ҳисоб-китобларга кўра¸ ҳозирги кунда Россияда 20 миллиондан 30 миллионга қадар мусулмон истиқомат қилмоқда ва агар Санк-Петербург¸ аниқроғи Россиянинг марказий ҳудудларида ҳозирча маслаҳат ваколати билан очилган илк шариат суди ўз фаолиятини йўлга қўя олса¸ бу Россиянинг мусулмон бўлмаган ўлкаларида ҳам тезликда кўпайиб бораëтган мусулмон аҳолиси учун ҳуқуқий ëрдамнинг янги тизимига асос солиши мумкин.

Ҳозирга қадар шариат судлари¸ аниқроғи қозиликлар Россия Федерацияси таркибига кирган Татаристон¸ Доғистон ва Чеченистонда фаолият юритмоқда.
XS
SM
MD
LG