Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:46

АҚШ Ўзбекистонда террорчилик таҳдиди борлигини тасдиқлади


АҚШ ҳисоботида ҳам¸ 2009 йили Ўзбекистондаги айрим имомларга қарши уюштирилган суиқасдлар террорчилик ифодаси сифатида келтирилган.
АҚШ ҳисоботида ҳам¸ 2009 йили Ўзбекистондаги айрим имомларга қарши уюштирилган суиқасдлар террорчилик ифодаси сифатида келтирилган.

АҚШ Давлат департаменти дунё давлатларидаги террорчилик вазиятига оид 2009 йилги ҳисоботини эълон қилди. Ҳужжатнинг Ўзбекистонга оид қисмида¸ Тошкент томонидан ўтган йили террорчилик тамғаси ëпиштирилган воқеалар рўйхати келтирилган.


АҚШ Давлат департаментининг дунёнинг 150 ка яқин давлатидаги терроризм таҳдидига оид 2009 йилги ҳисоботини департаментнинг Терроризмга қарши кураш идораси мувофиқлаштирувчиси Даниел Бенжамин тақдим қилди.

- Ўтган йил биз жуда муҳим нарсани билдик. Америкаликлар Ал-Қоида ғоясига эргашмайди¸ деган фикримиз йўққа чиқди. Айни пайтда мамлакатимизда радикаллашиш муаммоси¸ аксар Ғарб давлатларига нисбатан анча кам. Бир нечта шов-шувли воқеалар доим огоҳ бўлишимиз кераклигидан огоҳлантирди, деди Даниэл Бенжамин.

АҚШ Давлат департаментининг дунё давлатларида терроризмга оид 2009 йилги ҳисоботининг Ўзбекистон ҳақидаги қисмида ҳукумат ички хавфсизлик устидан қаттиқ назоратни сақлаб тургани, ўтган йил мамлакат ҳудудида йирик террор ҳужумлари содир этилмагани билдирилган. Шунга қарамай, ҳисоботда Ўзбекистонда экстремизмга алоқадорлиги тахмин қилинаётган суиқасдлар уюштирилгани қайд этилган.

Хусусан, ҳисоботда 26 май куни Андижон вилоятининг Қирғизистон чегарасига яқин постга қуролли гуруҳнинг ҳужум қилгани¸ Андижон шаҳрида камида иккита худкушнинг ўзини портлатгани ва ҳужум учун масъулиятни Исломий жиҳод иттифоқи ўз зиммасига олгани Ўзбекистондаги терроризм таҳдидининг мавжудлиги аломатари сифатида келтирилган.

"16 июл куни Тошкентдаги Кўкалдош мадрасаси директори ўринбосари Аброр Аброров ўз уйи олдида ўлдириб кетилган. 31 июл куни уч нафар шахс Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар қори Турсуновга уйи олдида ҳужум қилиб уни пичоқлаган. Шунга қарамай, Анвар қори омон қолган"¸ дейилади Ўзбекистондаги терроризм хавфи ҳақидаги ҳисоботда жумладан.

Давлат департаменти ҳисоботида Ўзбекистонда террорчиларнинг молиявий таъминоти муаммо бўлмаса ҳам валюта алмаштириш қора бозорининг расмий молия тизимидан ташқарида фаолият юритаётгани хавотир манбаи сифатида тилга олинган.

АҚШ Давлат департаментининг дунё давлатларида терроризмга оид 2009 йилги ҳисоботида Ўзбекистон ҳукумати хавфсизлик, жумладан, чегара назорати масалаларида хориж ҳукуматлари билан ҳамкорлик қилгани қайд этилган.

АҚШ Давлат департаментининг терроризмга оид янги ҳисоботининг Ўзбекистон қисмидаги маълумотларнинг янгилик эмаслигини айтган Марказий Осиё бўйича Озодлик таҳлилчиси Брюс Панниер ҳисоботга террорчиликка алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган шахслар ҳақидаги маълумотлар қўшилганда, мақсадга мувофиқ бўларди¸ деган фикрда.

- Менимча, ҳисоботда террорчи гуруҳларга алоқадор экани иддао қилиниб қўлга олинган шахсларнинг ҳақиқатан ҳам террорга алоқадорлигини тасдиқловчи маълумотлар йўқ. Хусусан, мен ҳозир қамоқда сақланаётган Хайрулло Ҳамидов ҳақида гапиряпман. У ҳам фаолияти таъқиқланган исломий гуруҳга алоқадорликда айбланган. Мен Ўзбекистон ҳукуматининг фаолияти таъқиқланган гуруҳлар ва террорчиларга қарши ҳақиқатан ҳам кураш олиб бораётганига ҳеч ким шубҳа қилмайди деб ўйлайман. Аммо Ўзбекистонда терроризмга алоқадорлик айбловлари билан қанча одам ҳибсга олингани ва улардан қанчаси қамоқ жазосига ҳукм қилингани ҳақидаги саволлар очиқ қолмоқда. Мен қамалганларнинг ҳаммаси ҳам терроризмга алоқадор шахслар бўлган¸ деб ўйламайман, деди Брюс Панниер.

АҚШ Давлат департаментининг дунё давлатларида терроризмга оид 2009 йилги ҳисоботида Австралия ҳукумати ўтган йил ўзининг террорчи гуруҳлар рўйхатига 18та гуруҳни қўшгани ва улар орасида Ўзбекистон исломий ҳакаратининг ҳам борлиги билдирилган.

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон исломий ҳаракатини 90-йиллар охиридаëқ жаҳондаги террорчи гуруҳлар рўйхатига қўшган эди.
XS
SM
MD
LG