Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:44

"Vesti.uz" нашри муҳаррири туҳматда айбланмоқда


Туҳмат ва ҳақоратда айбланаётган Владимир Березовский Россиянинг "Парламентская газета" нашрининг Марказий Осиё бўйича мухбири ҳамдир.
Туҳмат ва ҳақоратда айбланаётган Владимир Березовский Россиянинг "Парламентская газета" нашрининг Марказий Осиё бўйича мухбири ҳамдир.

Ўзбекистонда Россия Федерал кенгаши расмий нашри бўлган “Парламентская газета” нашрининг Марказий Осиё бўйича мухбири, “Vesti.uz” интернет-нашри бош муҳаррири Владимир Березовский туҳмат ва ҳақоратда айбланмоқда. Ўзбекистон расмийларига кўра, бу сайтда Ўзбекистон шаънига туҳмат ва ўзбек халқини ҳақорат қилувчи хабарлар чоп этилган.


Озодлик мухбири билан суҳбатда Владимир Березовский ўзига қўйилган бу айбловларни сохта, деб баҳолади ва бунинг ортида Ўзбекистон ҳамда Россия муносабатларини ёмонлаштиришни истаган ўзбек сиёсий элитаси турган бўлиши мумкин, деган тахминни айтди.

- Гап шундаки, вебсайтимда “Янгиликлар” деган рубрика бор ва у ерда, асосан, “Риа-Новости”, “Регнум”, “Интерфакс”, “Росбалт” каби ахборот агентликлари ва бир неча Россия нашрларидан олинган хабар жанридаги материаллар манбага таяниб, кўчириб босилади. Мана шу рубрикада чоп этилган 10 мингдан ортиқ хабардан айнан бошқа агентликларга тегишли бўлган 16 та хабарни танлаб олишибди. Ана шу хабарларга таяниб, ҳозир мени Ўзбекистон ва ўзбек халқи, Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган сиёсатга матбуот орқали туҳмат тарқатиш ва ҳақорат қилишда айблашмоқда,- дейди Россия Федерал кенгаши расмий нашри бўлган “Парламентская газета” нашрининг Марказий Осиё бўйича мухбири ва “Vesti.uz” интернет-нашри бош муҳаррири Владимир Березовский.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Оммавий коммуникация соҳасини мониторинг қилиш маркази “Vesti.uz” сайтда чоп этилган 16 та хабарни Ўзбекистонга қарши туҳмат ва ўзбек халқини ҳақорат қилувчи, дея топган.

Ўзбекистон прокуратураси журналист устидан шу йил 6 апрел ойида жиноий иш қўзғатган ва тергов август ойи бошида якунига етгач, унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139 ва 140 моддаларига биноан айблов илгари сурилган.

Журналист айбловга асос бўлган 16 хабардан бирини мисол тариқасида тилга олди.

- Мисол учун мен “Интерфакс” агентлигига таяниб, ўтган йили Самарқанддаги ёқилғи қуйиш шаҳобчасида рўй берган портлаш ҳақида хабар қилган эдим. Агентлик эса бу хабарни Ўзбекистон республикаси фавқулодда вазиятлар вазирлигига таяниб хабар қилган. Бу хабар тўлиқ “Интерфакс” агентлигига таяниб берилган ва биз умуман хабар ёзмаймиз аслида, тушуняпсизми?! Ҳозир мени шу хабарга асосланиб, Ўзбекистон халқи орасида ваҳима қўзғатганликда айблашяпти,- дейди Владимир Березовский.

Журналист устидан биринчи маҳкама Тошкент шаҳри¸ Яккасарой тумани Жиноий ишлар бўйича суди томонидан 10 август куни ўтказилди ва илк маҳкама журналистнинг уйида бўлди.

- Квартирамнинг шундоққина залида биринчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Чунки, мен хаста эдим ва суд раисига мажлисда иштирок этолмаслигим тўғрисидаги тиббий маълумотномани тақдим этгандим. Аммо, суд раиси бунга ишонмади ва бутун маҳкамаси билан тўғри уйимга келиб, каравотимнинг олдида суд қилишди,- дейди Владимир Березовский.

Суднинг кейинги масжлиси санаси ҳозирча номаълум. Аммо, 11 август куни яна шифокор кўригидан ўтган журналистга тез орада жарроҳлик амалиётидан ўтиш тавсия қилинди.

Соғлиги оғир аҳволда уйида қолган россиялик журналист ўзига нисбатан эълон қилинган айблов ва шошилинч равишда унинг уйида ўтказилган маҳкама жараёни тўлиқ сохта айбловларга асосланилган, деб ҳисоблайди ва бунинг ортида Ўзбекистондаги Россияга қарши кайфиятда бўлган сиёсий гуруҳларнинг қўли бор, дея тахмин қилади.

- Мен бу Россия ва Ўзбекистонни бир-бирига қарши қўйишга уриниш, деган тахминни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Чунки, ҳозирданоқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги, Россия Бош прокуратураси бу ишни кузатмоқда. Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига нота юборди. Ҳозир эса иккинчи нота ҳозирланмоқда. Яъни, ҳозир бу масала давлат ва жамоат ташкилотлари диққат марказида турибди. Менимча, бундан мақсад, Россия билан Ўзбекистон алоқасини бузиш ва шу билан бирга маҳаллий нашрлар томонидан Россия нашрларидан хабар олишни буткул тўхтатиш бўлса керак,- дейди “Vesti.uz” интернет нашри бош муҳаррири Владимир Березовский.

Тошкент шаҳар прокуратураси россиялик журналистга нисбатан илгари сурган айбловларга асос бўлган мониторинг натижалари бўйича Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Оммавий коммуникация соҳасини мониторинг қилиш маркази мутасаддилари изоҳ беришдан бош тортди.

Экстремал журналистика маркази директори Михаил Федотов “Vesti.uz” нашри бўйича ўтказилган мониторинг натижаларини асоссиз, деб ҳисоблайди.

- Бу сайтда бундан аввал Россия оммавий ахборот воситаларида чоп этилган материаллар кўчириб босилади. Зотан, бу сайт Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмаги билан очилгани бежиз эмас. Унинг бош вазифаси икки давлат халқи ўртасида мулоқотни мустаҳкамлашдир. Бундай сайтга берилган зарба икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатларга берилган зарбадир. Бу эса ҳар икки давлат манфаатига зиддир,- дейди Михаил Федотов.

Экстремал журналистика маркази Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидовга россиялик журналист Владимир Березовскийга нисбатан таъқиблар тўхтатилишига ёрдам беришни сўраб, мурожаатнома эълон қилди.

Ташкилот раҳбари Федотовга кўра, шу кунга қадар бу мурожаатга на Акмал Саидов идорасидан, на Ўзбекистон ҳукумати идораларидан бирор жавоб бўлган.
XS
SM
MD
LG