Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:45

Қирғизистонда ЕХҲТ полицияси киритилишга қарши кайфиятлар кучаймоқда


Ўтунбаева ҳукуматида куч ишлатар идораларни назорат қилувчи Бекназаров ЕХҲТ миссияси фақат ўзбекларнинг тарафини олади деган ҳадикда.
Ўтунбаева ҳукуматида куч ишлатар идораларни назорат қилувчи Бекназаров ЕХҲТ миссияси фақат ўзбекларнинг тарафини олади деган ҳадикда.

Қирғизистон Президенти Роза Ўтунбаеванинг ЕХҲТ полициясини мамлакат жанубига киритиш қарорига қарамасдан, ҳукуматининг айрим аъзолари халқаро миссия ўзбеклар манфаатинигина ҳимоя қилишидан хавотирда эканини ошкора эътироф этмоқда.


ЕХҲТ полициясининг Қирғизистонга киритилиши масаласи бугун бозордаги аравакашдан тортиб Муваққат ҳукумат тепасида ўтирганларгача қизғин муҳокама қилинаётган мавзулардан бирига айланди.

ЕХҲТнинг қуролсиз, бор-йўғи 50 нафардан сал кўпроқ полициячиларининг Қирғизистонга киритилишига оид муҳокамалар оловига “Қирғиз эли ташқи кучларнинг киритилишига қарши” деб номланган ёшлар ташкилоти томонидан мунтазам ўтказилаётган митинглар ва бу намойишларнинг оммавий ахборот воситаларида бетўхтов ва кенг ёритилиши ҳам мой қуяётгандек.

Бишкеклик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулованинг айтишича, Қирғизистонда ЕХҲТ полицияси киритилишига қарши бўлган учта тоифа гуруҳ мавжуд.

- Биринчи гуруҳдагилар ҳақиқий ватанпарварлар. Улар полициячиларнинг киритилиши мамлакат яхлитлигига таъсир қилмасайди, деган хавотирдалар. Бу гуруҳга нотўғри маълумот берилмоқда. Агар улар ҳаққоний маълумотга эга бўлсалар, полициячиларнинг киритилишини қўллаган бўлар эдилар.

Иккинчи гуруҳ бевосита Ўш воқеаларида қўли бор шахслар, жумладан, бу воқеаларга алоқадор давлат амалдорларидир. Улар ўз қилмишларининг фош бўлиб қолишидан қўрқмоқда.

Учинчи гуруҳ эса Ўшда ва Жалолободда инсон ҳуқуқларини топтаётган, оддий одамларни қалбаки айбловлар билан қамоққа олиб, қийноққа солаётган ва катта миқдордаги пора эвазига озодликка чиқараётган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидир,- дейди Азиза Абдурасулова.

Бу гаплар қуруқ иддао эмас, балки “Қилим шами” ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг Қирғизистон жанубида ишлаётган каттагина гуруҳи ўтказган тадқиқот натижасидир, дея қўшимча қилади ҳуқуқ ҳимоячиси.

Ўшга халқаро полиция кучлари киритилишига қарши норозилик тадбирларининг асосий уюштирувчиси бўлган “Қирғиз эли ташқи кучларнинг киритилишига қарши” ташкилоти вакили Мавлон Асқарбеков ўзларини ватанпарварлар тоифасидан, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, бу ташкилот ортида унинг ҳаракатини йўналтирувчи учинчи кучлар ва сиёсатчилар йўқ.

- Қирғизистон фуқаролари хавфсизлигини ҳимоя қила олмаган махсус хизматлар 52 нафар халқаро полициячи хавфсизлигини ҳимоя қила олади, деб ким кафолат бера олади? Уларга қарши Бакиевнинг одамлари, таъқиқланган исломий гуруҳлар ёки ҳокимият илинжида юрган фитначи тўдалар ҳужум уюштирса оқибати ачинарли бўлишини сезиб турибмиз,- дейди Мавлон Асқарбеков.

Айтиб ўтиш лозимки, Қирғизистон ҳукуматида ҳам халқаро полиция кучларининг мамлакат жанубига киритилиши борасида якдил фикр йўқ. Масалан, президент Роза Ўтунбаева ҳар қандай ҳолатда ҳам полиция кучларини Қирғизистонга киритишга қарор қилган бўлса, унинг энг яқин ёрдамчилари бу қарорга қарши.

Қирғизистон ҳукуматида ҳуқуқ-тартибот тузилмаларини назорат қилувчи Азимбек Бекназаров ЕХҲТ полицияси вазиятга бир томонлама баҳо беришини олдиндан билишини ва шунинг учун уларнинг киритилишига қарши эканини айтади:

- Мен расмий тарзда очиғини айта қолай, ЕХҲТ вакиллари адвокатларни фақат ўзбекларга бераяпти, таржимонларини ҳам ўзбеклардан олаяпти, офисларини ҳам ўзбеклар яшайдиган ҳудудлардан олишаяпти. Нега улар қирғизларга адвокат бермайди, масалан? Шунинг учун ҳам ЕХҲТ полицияси вазиятга холис баҳо беролмайди, деб ҳисоблайман,- дейди Азимбек Бекназаров.

Айни пайтда 6 август куни Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева Азимбек Бекназаров бошқарувидаги қирғиз ҳуқуқ –тартибот тузилмалари фақат бир этник гуруҳ фойдасига ишлаётганини эътироф этди. “Ассошиэйтед пресс” мухбири саволига жавоб берган Роза Ўтунбаева Қирғизистон хавфсизлик кучлари этник ўзбеклар ҳуқуқларини паймол қилаётганини тан олган.

11 август куни журналистлар билан учрашган Азимбек Бекназаров халқаро полициянинг киритилиши Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга ҳам ёқмайди, дея фикр билдирди:

- ЕХҲТ билан Каримов ўртасида кўп йиллик келишмовчиликлар мавжудлигини ҳам биз жуда яхши биламиз. Шунинг учун ЕХҲТ полициясини Ўшга, демакки, Фарғона водийсига ҳам киритаётганимизни унутмаслигимиз керак. Бу ер эса геосиёсий манфаатлар тўқнашган ҳудуддир, - дйеди Азимбек Бекназаров.

ЕХҲТ полициясини мамлакат жанубига киритиш Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева илтимоси билан амалга оширилмоқда. Бу ҳудудга 1 сентябргача 52 нафар халқаро полициячи жўнатилиши назарда тутилган. Халқаро полиция миссиясининг вазифаси 4 ой мобайнида мамлакат жанубидаги этник гуруҳ вакиллари ўртасидаги кескинликни юмшатишга кўмаклашишдан иборат экани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG