Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:14

Эркин микрофон - Олтиариқда порахўрлар йўқ...?


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Чоршанба куни Фарғонанинг Олтиариқ туманидан қўнғироқ қилиб, ўзини ҳоким ўринбосари, деб таништирган суҳбатдошимиз олтиариқлик тингловчимиз билдирган эътирозга раддия берди. Озодликнинг "Эркин микрофони" бундан кейин ҳам оддий ўзбекистонликлар ва ҳокимият вакиллари ўртасидаги мулоқот воситаси ролини бажаришга тайёр.


Олтиариқ ҳокимлиги расмийсининг Озодлик тингловчиси айбловларига раддияси


Фарғона вилояти Олтиариқ тумани ҳокимлиги Озодликнинг “Эркин микрофони” орқали гапирган тингловчимизга жавоб берди.
9 август куни Олтиариқдан телефон қилган тингловчимиз, ўзининг уй-жойга муҳтожлигини билдира туриб, маҳаллий расмийларнинг текинга ажратилиши лозим бўлган ерларни сотиб юбораётганини иддао қилган эди.

- Фарғона вилояти¸ Олтиариқ туманидан. Турар-жой¸ ер масаласида телефон қилаëтган эдик. Мана президентимиз яқинда олти сўтикданга имзо чекдику турар жой беришга. Бизда шунақа ерларни пулга сотиб юборишаяпти. Ўшани оддий халқ ололмаяпти. Тўртта келин ўтиради уйда. Шунга уй керак. Сизлар орқали тепадагиларга етказиб¸ яхши томонга айлантирмоқчимиз бу ердаги ерни сотиб юбораëтган одамларни. Порахўрлик қилмасдан¸ ерни сотмасдан керакли одамларнинг ўзларига беришса¸ халқ ҳам тинч бўларди. Булар сотиб¸ СНБ акаларимиз ўтирибди ана¸ нима деймиз шу. Сизлар орқали президентимизга етказмоқчиман¸- деган эди олтиариқлик суҳбатдош.

Бу гап Озодлик эфирида берилганидан икки кун ўтиб, “Эркин микрoфон”имизга телефон қилган одам ўзини Фарғона вилояти Олтиариқ туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Саид Зокиров деб таништирди ва туманда юқорида зикр этилган порахўрлик ҳолати кузатилмаётганини таъкидлади. Саид Зокировнинг Озодликка айтишича, фуқароларга ер бериш 2004 йилда тўхтатилган.

- Ҳозир якка тартибда замонавий қилиб¸ ҳамма шаҳарсозлик нормаларига асосан уйлар қурилаяпти. Ғиштлари арзон¸ цемент¸ ҳаммаси давлат нархида. Масалан 90 сўмдан пишиқ ғишт¸ цемент 67 сўмдан нархда қурилаяпти. Олти сотих ери билан тайëр уйни битириб бераяпти. Ер бериш масаласи бу ерда ҳеч қанақа бўлгани йўқ. Eр масаласи бўйича ҳеч кимга берилгани ҳам йўқ¸ нима ҳам қилингани йўқ. Генплани тайëр бўлсин¸ шунга қараб туриб бу нарса ҳал бўлар. Лекин 2004 йилдан бери тўхтатилган.

Озодлик: Якка тартибда уйлар қурилаяпти деяпсиз. Бу уйлар кимга берилаяпти?

- Ким муҳтож бўлса шунга. Мана 2011 йилга 50 та уй тушади. Менинг қабулимга келган одамлардан¸ биринчи қишлоқ фуқаролик йиғинининг раисларини йиғиб туриб¸ кимда катта оила бўлса¸ мана битта жойда тўртта келин¸ учта келин¸ кўп келишаяптида бу масала бўйича. Бу масалани биз ўрганиб туриб¸ комиссия тузиб туриб¸ маҳалла фуқаролар йиғини раисларини йиғиб шулар билан маслаҳат қилган ҳолда мана 2011 йилда Олтиариқ шаҳарчасига яқин жойда 50 та уй қурилади. Шу аҳолига тарқатамиз биз уйларни.

Озодлик: Демак¸ тайëр жой берилаяпти.

- Ҳа¸ қўлига фақат калит берилаяпти.

Озодлик: Кам таъминланган оилаларга берилаяпти деяпсиз. Агар шундай бўлса¸ жуда ҳам яхши.

- Берамиз бундан бу ëғига кимда эҳтиëж бўлса. Mана давлат тарафдан кредит берилаяпти. Буни 15 йилда узади. 7 фоизли кредит. Менимча¸ бундай имконият ҳаммада бўлавермайди. Бу йилга яна 50 та тушади.

Озодлик: Ўша жараëнда порахўрлик ҳолатлари кузатилдими?

- Порахўрлик ҳолати умуман кузатилгани йўқ. Мана келиб анализ қилдим. 15 кундан бери ишлаяпман. Ҳеч қанақа порахўрлик нимасини сезмадим ҳам¸ бўлмаган бу нарса. Мендан олдин ҳам бўлмаган бу нарса¸- дея олтиариқлик тингловчиларимиздан бирининг гапларига ўз эътирозларини билдирди ўзини Олтиариқ тумани ҳокими ўринбосари деб таништирган Саид Зокиров.

Озодлик “Эркин микрофони” оддий фуқаролар ва маҳаллий мулозимлар ўртасидаги мулоқот воситаси ҳамдир. Эркин микрофонда янграётган фикрлар Озодликнинг эмас балки тингловчиларимизнинг шахсий кўз қарашларини акс эттиради.

Давлатдан пулини ўндира олмаётган фермер: Мендайлар сон мингта

Хоразмнинг Урганч тумани Қорамон қишлоғида яшовчи собиқ фермер Отаназар Оллоберганов икки йилдирки, ўз ҳаққини ундира олмай сарсон эканидан гап очди. Отаназар ака маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг масъулиятсизлиги боис икки миллион сўм миқдоридаги пулини ҳануз ололмаётганини айтади.

- 2008 йилнинг охирида топширдик фермер еримизни. Лекин ҳалигача 2008 йилда топширган пахтамизнинг пулини тўлиқ ололмадик. Суд қарор чиқарди. Лекин Хонқа суд ижрочилари департаментида бизнинг ҳужжатлар йўқолиб кетди. Ижрочи ишдан бўшаб кетган ва ҳужжатни ҳам йўқотиб кетган.

Озодлик: Қанча пулингизни ололмадингиз?

- 2 миллион атрофида. Суд ижрочилари департаментининг Хонқа туман бўлими бор. Бизнинг ҳужжатларимиз ўша ерга топширилган эди. Чунки биз Урганч туманининг пахтасини Хонқа пахта тозалаш заводига топширамиз. Автоматик равишда биз Хонқа билан муомала қиламиз. Шартнома шу ер билан тузилгандан кейин шу ернинг суд ижрочиларига топширишимиз керак эди. Мен Хоразм вилоят Адлия бошқармасига ариза бердим. Хоразм вилояти Адлия бошқармаси ҳам у қилди¸ бу қилди¸ бир иложини қилиб судга ўтказди. Судга ўтказдию ўзи қочди. Буларнинг масъулиятсизлиги шу. Энди қаерга боради деҳқон¸ қаерга боради фуқаро? Билмайман булар фуқароларни қандай ҳимоя қилади. Телевизорга қарасанг¸ газетага қарасанг¸ матбуотга қарасанг ҳамма нарса лолазор бизнинг Хоразмда. Аслида вазият бошқача. Биргина мен эмас сон мингта. Мен қонунни тушунадиган юристман. Қонунни тушунадиган одамни булар шунақа ўйнатгандан кейин қонунни тушунмайдиган одамни бир пулга ҳам олмайди булар¸- дейди собиқ фермер Отаназар Оллоберганов.

Ишлаш имконини берадиган қозоқ қизга уйламан!

Асли наманганлик Муҳаммаджон айни пайтда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида меҳнат қилади. Муҳаммаджон кейинги пайтда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида қозоғистонлик қизларга уйланаётганлар кўпаяётмоқда, дейди. Унга кўра, маҳаллий қизларга уйланиш Қозоғистонда қонуний ишлаш ҳуқуқи бергани ўзбек мардикорлари учун қозоқ қизларининг жозибадорлигини оширмоқда.

- Яшашни олсак¸ яшаш яхши агар милиция ушламаса. Асосий бу ерда қўрқадиган нарсамиз патрул¸ милиция.

Озодлик: Полиция ҳуда-беҳуда ушлайверадими?

- Ушлайверади. Машинада кетаëтган бўлсангиз ҳам патрул полиция дегани тўсиб келади. Пиëда кетсангиз ҳам ушлайди. Ушлаганда ўзбек сўмига йўқ деганда 100 минг сўм.

Озодлик: Жаримами бу?

- Жарима эмас бу. Уларнинг чўнтак жаримаси бу. Жарима депорт. 19 минг танга жарима ва депорт қилади. Без регистрация юрсангиз қилади буни.

Озодлик: Ҳужжатларингиз жойида бўлса¸ барибир пул олишадими?

- Меҳмонга келганлик ҳақида гувоҳнома беради холос. Ишлашга рухсат йўқ. Фақат меҳмонга келганни прописка қилади. Ўша меҳмон агар шу прописка билан ишлаëтган бўлса¸ пул олишади.

Озодлик: Ишлаш ҳуқуқини берадиган ҳужжатни олиш қийин-а?

- Йўқ¸ йўқ. Қозоғистон бўйича бунақа ҳужжатнинг ўзи йўқ.

Озодлик: Унда Қозоғистонда ишлаëтган ҳамма ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ноқонуний ишлашаяптими?

- Шундай деса ҳам бўлади. 90 фоизи шундай.

Озодлик: 10 фоизичи?

- 10 фоиз, энди мана шу ердан уйланиб қолганлар бор. Уларга мумкин ишлаш. Шу Ўзбекистондан Олмаотага келиб уйланган.

Озодлик: Кўпми бунақалар?

- Ўзимнинг жияним ҳам Олмаотада бир қизга уйланган¸- дейди асли наманганлик Муҳаммаджон.

Замонавий матбуот ва бадий адабиёт савияси одамларни саводсиз қилиб қўймоқда

Сурхондарёлик Алижон ака бугунги ўзбек матбуоти фаолиятидан норози экани ва газета¸ журнал, ҳамда бадиий адабиётларнинг савиясизлиги муштарий ва китобхонлар сониинг камайиб кетаётганига сабаб бўлаётганидан хафа бўлиб гапирди.

- Бугунги кунда Ўзбекистондаги газета¸ журнал ëки адабиëт соҳасида ўзига яраша янги-янги китоблар¸ бошқа нарсалар пайдо бўлаяптию¸ аммо халқ ўқимаяпти, халқнинг ўзида хоҳиш йўқ, деган гаплар нотўғри. Чунки халқ хоҳлайди¸ аммо халққа ëқадиган нарсанинг ўзи йўқ. Қайси бир газетани очиб қараманг “Қайнонам ëмон чиқди ëки фалон фалокат бўлди” каби нарсаларга тўлиб кетган. Мана шу нарсадан мутлақо қониқиш йўқда. Асосан “Ҳордиқ”¸ “Даракчи” каби кўнгилочар газеталарда халқни қониқтирадиган нарса йўқ. Энди бадиий китобларга ўтсак. Тўғри қиссалар бор. Мен ëшлик пайтимда Орзиқул Эргашевнинг “Дархон қиссалари”, деган бир китобини ўқигандим. Бу китобни ҳалигача излайман¸ аммо кўп жойлардан топа олмайман. Бугунги кунда пайдо бўладиган китоблар на фантастика¸ на бугунги ҳаëтни кўрсатади. Мутлақо реаллик йўқ. Китобхон ўзига керакли нарсани излайди¸ ўқийди. Аммо топа олмагандан кейин охир-оқибат қўл силкайди ҳаммасига. Биз бугунги кундаги бир марталик қиссаларни ўқиймизу¸ аммо эртага саралаб ололмай қоламиз. Шу сабабдан ҳеч қайсинисига ўқиш иштиëқи қолмайди. Айтмоқчиманки¸ бугунги чиқаëтган олди-қочди ҳикоялар яхши ҳикояларнинг юзини ҳам ëпиб кетади¸- дейди сурхондарëлик Алижон.

*************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG