Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:03

Қирғизистон Ўзбекистондан ижара конларини қайтариб олмоқчи


Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева “Ўзбекнефтегаз” ширкатига қарашли Шимолий Сўх ва Чўнг Қара Қалча нефт конларини Қирғизистон тасарруфига олиш ҳақидаги буйруқни имзолаб, тегишли вазирликларга бу ишни тез орада амалга ошириш тўғрисида қатъий кўрсатма берди.

Қирғизистон ҳукумати бу икки нефт кони мамлакатнинг Боткен вилоят ҳудудида жойлашгани ва Шўролар Иттифоқи даврида бу конлар Ўзбекистонга ижарага берилганини иддао қилмоқда.

Қирғиз расмийларининг айтишларича, “Ўзбекнефтегаз” ширкатига қарашли Шимолий Сўх ва Чўнг Қара Қалча нефт конларини Қирғизистон тасарруфига олиш борасидаги музокаралар расмий Тошкент билан 1996 йилдан бери олиб борилмоқда. Бу орада мазкур масала уч маротаба ҳукуматлар даражасида муҳокама қилинган. Бироқ улардан натижа бўлмаган.

Бу сафар эса Қирғизистон президенти Роза Ўтунбоева нефт конларини Қирғизистон тасарруфига қайтариш борасида қатъий кўрсатма берган. Президент имзолаган буйруқда бу иш шошилинч ва тезкор тартибда Қирғизистон фойдасига ҳал этилиши лозимлиги қайд этилган.

- Конларни мамлакатга қайтариш ҳақида қарор чиқарилаяпти. Бундан ташқари, бу масалани тезкорликда ҳал этиш ҳақида махсус буйруқ берилган. Бу йил Бишкекда ўтадиган ҳукуматлараро комиссия йиғилишида мазкур масала яна бир маротаба муҳокама этилади ва шундан сўнг конлар бизга қарашли эканини ҳужжатлар билан асослаб, қайтариб оламиз, деган умиддамиз, - дейди Қирғизистон Давлат мулки вазири Шерали Абдуллаев.

Қирғиз томони тарқатган маълумотларда айтилишича, Шимолий Сўх ва Чўнг Қара Қалча нефт ва газ конлари 1955 йилда ишга туширилган. Ўша йили Москва буйруғи билан Ўзбекистонга ижарага берилган.

Қирғиз расмийлари бу икки кондан кунига 40 тонна нефт ва 6 минг куб метр газ қазиб олинишини айтмоқдалар.

Қирғизистон Давлат мулки вазирлиги маълумотида айтилишича, ўтган 10 йил давомида “Ўзбекнефтегаз” ширкати бу конлардан 450 миллион доллар миқдорида фойда кўрган. Аммо ўзбек тарафи бу маълумотларга ойдинлик киритмаган.

Қирғизистон Давлат мулки вазири Шерали Абдуллаев Ўзбекистон томони Бишкек расмийлари келтираётган ҳужжатларни инобатга олмаётганини айтади. Вазирга кўра, Шимолий Сўх ва Чўнг Қара Қалча конларининг чегара ҳудудиа жойлашгани ҳам бунга сабаб бўлаётир.

- Ўзбекистон томони бизнинг бу борадаги таклифларимизни эътиборга олмай келмоқда. Ўзбек расмийлари: “Чегарада бахсли ҳудудлар масаласида талаш-тортишлар тугагани йўқ, олдин чегара масаласини ҳал қилайлик, шундан сўнггина ўтказиб берамиз”, дейишмоқда, - дейди вазир.

Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасини аниқлаш бўйича давлат комиссиясининг собиқ раҳбари Саламат Аламанов фикрича, чегаралар тўлиқ аниқланмагунича, қирғиз тарафи мазкур конлар Қирғизистон мулки эканини даъво қила олмайди.

- Бу ҳудуддаги чегара чизиғи ҳали аниқланмаган. Шунинг учун ҳам бу ҳудуд қайси давлатга қарашли экани ҳам аниқланмаган. Чегара аниқланиб олинмагунича конларни Қирғизистонга қайтариб олиш масаласи ҳал этилмайди, - дейди Саламат Аламанов.
XS
SM
MD
LG