Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:44

Покистонга фавқулодда ёрдам йиғиш давом этмоқда


БМТ Покистонда сув тошқинларидан азият чеккан аҳолига ёрдам кўрсатиш учун сўралган 469 миллион доллар маблағнинг қарийб ярми йиғилганини билдирди. Айни пайтда табиий офатдан зарар кўрган одамлар шошилинч ёрдамга муҳтожлиги таъкидланмоқда.

БМТнинг Покистондаги матбуот вакили Мўризио Жулиано бир неча кунлик сўзлашувлардан кейин донор давлатлар ниҳоят табиий офат қамрови ҳақида тасаввурга эга бўлганларини айтди.

Покистондаги мисли кўрилмаган сув тошқинлари оқибатида 1 минг 600 одам нобуд бўлди, табиий офат 20 миллион одам ҳаётига салбий таъсир этди.

18 август куни Европа Иттифоқи қўшимча 39 миллион доллар ажратишини билдирди. Бу билан Европа Иттифоқи фавқулодда ёрдам учун ажратган маблағ 70 миллион долларга етди.

- Биз Покистонда кенг кўламли гуманитар фожиага дуч келдик. Италия ер майдонидан катта бўлган ҳудуд сув остида қолди. Сув тошқинлари тугагани йўқ, деди душанба куни Покистонга сафар қилиши кутилаётган Европа Иттифоқининг Гуманитар ёрдам бўйича комиссари Кристалина Георгиева.

Покистон расмийлари халқаро ёрдам аҳолининг муҳтож қисмига етказилишига халқаро ҳамжамиятни ишонтиришга уринмоқда.

Покистон ички ишлар вазири Раҳмон Малик халқаро ёрдам маблағи коррупцияга муккасидан кетган расмийлар томонидан ўзлаштирилмаётгани ёки Толибон жангариларига ўтиб кетмаётганини исботлаш учун ҳукумат мустақил аудиторларни чақириш масаласини кўриб чиқаётганини айтди.

Айни пайтда сув тошқини юз берган минтақаларда вазият оғирлашаётгани айтилмоқда. БМТ маълумотига кўра, ҳозирга қадар бор-йўғи 700 минг аҳолига тоза ичимлик суви ва озиқ-овқат тарқатилган, холос.

Пунжоб вилоятидаги табиий офатдан омон қолган Биби Зайнаб ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилди:

- Болаларимиз касал. Хатто қўл насоси орқали олинаётган сув ҳам ифлос. Минтақа ифлослигини ўзингиз кўришингиз мумкин. Қариялар ва болалар шу сувдан ичишаяпти. Бу кўплаб касаллик келтириб чиқаради. Илтимос, кимдир тоза сув берсин. Ҳукумат нимадир қилиши керак, деди табиий офатдан жабр кўрган Биби Зайнаб.

Ёмғир ёғишда давом этаётгани сабабли Индус дарёсининг қуйи қисмида яна сув тошқинлари рўй бермоқда. Бу эса қутқарувчилар ишини оғирлаштирмоқда.

Халқаро миграция ташкилотининг минтақавий бўлими матбуот вакили Хрис Лом Исломободда ўтказилган матбуот анжуманида вазият ҳақида буларни айтди.

- Расмий маълумотларга кўра, сув тошқинлари 891 минг турар-жой биносига зарар етказган ёки вайрон қилган. Бу рақамда келтирилган уйларнинг қарийб ярми Пунжоб вилоятида жойлашган. Минтақага бориш қийинлиги ва сув тошқини давом этаётгани боис бу маълумотни тасдиқлаш жуда қийин. Агар биз бу рақамни қабул қилиб шу асосида иш режасини тузсак, яна 446 мингта уйда яшаганларга фавқулодда бошпана керак бўлади, деди Халқаро миграция ташкилотининг минтақавий бўлими матбуот вакили Хрис Лом юзага келган вазият ҳақида Исломободдаги матбуот анжуманида.
XS
SM
MD
LG