Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:45

Ўзбекистон Қирғизистон фуқароларини қайтариб берди


Қирғизистон фуқаролари учта юк машинасида Тожикистондан Ўзбекистон орқали аммонит портловчи моддасини олиб ўтаётганда ушланган.
Қирғизистон фуқаролари учта юк машинасида Тожикистондан Ўзбекистон орқали аммонит портловчи моддасини олиб ўтаётганда ушланган.

Ўзбекистонда бир ойдан бери ушлаб турилган 11 нафар Қирғизистон фуқароси қўйиб юборилди. Улар учта юк машинасига ортилган 40 тонна портловчи моддани Тожикистондан Ўзбекистон орқали Қирғизистонга олиб ўтаётгандан ушланган эди.


Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаев Ўзбекистон билан бир ой давомида олиб борилган музокоралар натижасида 11 нафар қирғизистонлик мамлакатга қайтарилганини маълум қилди.

- Тошкентга расмий сафар билан бориб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири билан учрашилди. Шунингдек, Қирғизистон Президенти Роза Ўтунбаева ҳам Ўзбекистон расмийлари билан телефон сўзлашувлари ўтказди. Ўзбек ва қирғиз чегара хизмати раҳбарлари ўртасида ҳам қатор учрашувлар бўлиб ўтди. Бизнинг икки томонлама олиб борган дипломатик музокораларимиз ўзининг ижобий натижасини берди,- деди Руслан Қазақбаев.

Қирғизистон фуқаролари учта юк машинасида Тожикистондан Ўзбекистон ҳудуди орқали Қирғизистонга 40 тонна портловчи модда олиб кетаётган пайтда 23 июл куни Фарғона вилоятидаги “Япаги” чегара постида қўлга олинган эди.

Қирғизистон чегара хизмати маълумотига кўра, ушбу юк “Қирғизгеолотехкомплект” корхонасига тегишли бўлиб, Тожикистоннинг Исфара шаҳридан Ўзбекистон орқали Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига олиб келиниши лозим бўлган.

Портловчи модда ортилган юк карвонини бошқариб келаётган “Қирғизгеолотехкомплект” корхонаси директор ўринбосари Талайбек Қудушовнинг айтишича, уларни бир ой давомида чегара яқинидаги қишлоқлардан бирида ушлаб туришган.

- Биз бир қишлоқда турдик, ҳамма нарса жойида бўлди. Ҳеч хафагарчилик йўқ. Сув, озиқ-овқат ҳаммаси бўлди. Бироз тушунмовчиликлар бўлди, лекин бизга қўпол муносабатда бўлишмади,- дейди Талайбек Қудушов.

“Қирғизгеолотехкомплект” корхонаси бош директори Мисир Мадяров корхонанинг беш ходими ва юкни қўриқлаш учун корхона томонидан ёлланган олти қуролли милиция ходими қўйиб юборилганини олқишлади. Бироқ¸ жаноб Мадяровга кўра, Ўзбекистон томони 40 тонна портловчи модда билан олти милиция ходимининг қурол-яроғларини ҳали қайтариб бермаган.

- Ҳозир биз юкни қайтариб олиш учун Ташқи ишлар вазирлиги орқали ҳаракат қилаяпмиз. Бироқ бу ҳаракатлар ҳозирча бирор натижа бергани йўқ,- дейди Мисир Мадяров.

Расмий Тошкент нуқтаи назарини ифодаловчи www.press-uz.info Интернет нашрига кўра, Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг олти ходими ҳамроҳлигида келаётган 40 тонна аммонит моддаси тегишли ҳужжатлари бўлмагани учун ушлаб қолинган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаев ҳақиқатдан ҳам юкнинг тегишли ҳужжатлари бўлмаганини тасдиқлади.

- Олиб келинаётган аммонит юкини Ўзбекистон ҳудудидан олиб ўтиш учун керакли рухсат қоғозларини олиш лозим эди. Шунингдек, бу юк шахсий мақсадларда фойдаланиш учун олиб келинмаётгани борасида ҳам тегишли ҳужжатлар зарур эди. Бизнинг Ички ишлар вазирлигимиз юкни қуролли милиция ходимлари қўриқлаши борасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигини аввалдан огоҳлантириб қўйиши лозим эди. Бу каби тегишли ҳужжатлари бўлмагани учун Ўзбекистон томони юкни ушлаб қолган,- дейди Руслан Қазақбаев.

“Вазият шундоғам хотиржамликдан узоқ бўлган Қирғизистон жанубига портловчи моддани ким ва нима мақсадда етказмоқчи бўлгани ҳақида савол туғилади”, деб ёзди www.press-uz.info ахборот агентлиги 31 июл куни.

Озодлик билан суҳбатда бу саволга жавоб берар экан Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари ўринбосари Чўлпонбек Турусбеков, 40 тонна амонит мутлақо тинч мақсадларда келтирилаётганини таъкидлаган эди.

“Қирғизгеолотехкомплект” корхонаси бош директори Мисир Мадяров эса, корхона 15 йил мобайнида ҳар ой Ўзбекистон орқали Тожикистондан айни турдаги юкларни мунтазам равишда олиб келгани ва Ўзбекистон тoмони биринчи марта бу каби даъволар билан чиқаётганини урғулаган эди.

Ўзбекистонда 40 тонна портловчи модданинг қўлга олингани билан боғлиқ ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилганми ёки йўқми, бу ҳақда расмийлардан изоҳ олшнинг иложи бўлгани йўқ.

Ўзбекистон Давлат чегара қўшинлари Фарғона вилояти бўйича штаби Озодлик билан мавзу юзасидан гаплашишни истамади.
XS
SM
MD
LG