Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:28

710 кило наркотик - айсбергнинг учи


Ўзбекистон орқали ўтадиган наркотрафикка ҳокимиятнинг юқори доираларидаги шахсларнинг алоқаси борлиги айтилади.
Ўзбекистон орқали ўтадиган наркотрафикка ҳокимиятнинг юқори доираларидаги шахсларнинг алоқаси борлиги айтилади.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати 710 кило гиёҳванд моддаларни дипломатлар гувоҳлигида йўқ қилди. Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистонда наркотиклар ноқонуний савдоси муаммосини яхши билган таҳлилчилар бу тадбир асл муаммони хаспўслаш уринишларининг бир қисмидир, демоқда.


Тошкентнинг Сирғали туманидаги заводда Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари мусодара қилган бангивор моддаларни ëқиб юборишди.

Бу ҳақда хабар берган Ўзбекистон расмий матбуотига кўра тадбирда БМТнинг наркотикларга қарши минтақавий идораси вакиллари ва дипломатлар иштирок қилишган.

"Заводдаги домна печида 710 кило бангивор моддалар¸ жумладан 497 кило героин¸ 49 кило опиум¸ 162 кило тоза наша¸ икки ярим кило кўкнори ëқиб юборилди"¸ деган хабарни Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик идораси матбуот хизмати тарқатди.

Айни пайтда бу тадбирнинг хўжакўрсин эканини айтган мустақил кузатувчилар ëндирилаëтган наркотиклар мамлакатдан мулозимлар ҳомийлигида олиб ўтилаëтган наркокарвон суръатига таъсир қилмаслигини таъкидлашади.

Америкада истиқомат қиладиган таҳлилчи Баҳодир Файз Ўзбекистон ҳукуматининг бу тадбиридан кўзланган мақсадга шубҳа билан қарайди.

- Бизнинг Ўзбекистонга ўхшаган жамиятларда ҳамма нарса ëпиқ эшиклар ортида бўлгани учун аниғини билиш қийин. Коррупция ҳамма жойда бор. Айниқса ҳуқуқ органларида илдиз отиб кетган бу нарса. Ўзбекистонда матбуотга кўрсатиши¸ уларнинг кўз олдида буни қилиши ҳам 100 фоиз ишонтирадиган нарса эмас. Ҳуқуқ-тартибот органлари бизларда ишончни оқламаган.

Баҳодир Файз очиқ жамиятларда наркотиклар ëки контрафакт товарларни йўқ қилишнинг чарх каби айланиб ишлаб турадиган механизми борлигини айтади.

- Мана мен сизга коррупция масаласини маҳаллий мисолда айтай. Мана Американинг Питсбургини оладиган бўлсак¸ баъзи маҳаллаларда¸ баъзи районларда Америка полиси наркотик билан ушлаган пайтда¸ буларнинг бир бирини контрол қиладиган механизмлари жуда кучли. Айтайлик¸ шаҳар полицияси ушлади. Конфискация қилиш учун матбуотни чақиришади¸ конференция ўтказилади¸ столга қўйиб расмга олинади. Ҳамма жараëн тугаб оммавий ахборот воситалари кетгани билан уларнинг устидаги назорат кучли. Бу ердаги механизм чархдай. Назорат қиладиган механизмлардан бирортаси ишламай қолса¸ проблема чиқади. Шунинг учун уни бекитиш¸ камини кўрсатиб қолганини бошқа нарса қилиш каби ўз ахлоқига тўғри келмаган қинғир ишларни қилиш қийин бўлади. Бу одамларнинг яхшилигидан¸ покизалигидан¸ дурустлигидан эмас. Бу бир бирини назорат қилувчи механизмларнинг нормал ҳолатда ишлашидан ҳосил бўлади¸- дейди Баҳодир Файз.

АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонда Наркотикларга қарши кураш бўйича халқаро стратегияга оид ҳисоботида наркотикларни йўқ қилиш марказидаги муаммоларга ишорат бор.

"Оператив мувофиқлаштириш сустлиги наркотик моддаларга қарши курашдаги ҳаракатлар самарадорлигини пасайтиради. Наркотик моддаларни Назорат Қилиш Миллий Маркази, идоралар орасида ишончсизлик, рақобат ва бир хил ҳаракатларнинг такрорлаш ҳолларини йўқ қилиш мақсадида ташкил этилган, лекин ушбу мақсадни амалга ошириш борасида Марказ қийинчиликларга дуч келмоқда." (02/27/2009 санасидаги ҳисоботдан кўчирма)

Ўз вақтида мамлакатдаги наркотранзит вазиятини Термиздаги Ҳайратон кўприги яқинидан кузатган Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей бангивор моддалар карвонига ўзбек мулозимлари яшил чироқ ëққанлигини ўзининг “Самарқанддаги қотиллик” китобида ëзган эди.
XS
SM
MD
LG