Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:33

Калязинда нима бўлди?


Калязин шаҳри ўзбек ва тожик мардикорлари билан маҳаллий йигитлар ўртасидаги жанжал туфайли бутун Россияга танилди.
Калязин шаҳри ўзбек ва тожик мардикорлари билан маҳаллий йигитлар ўртасидаги жанжал туфайли бутун Россияга танилди.

Ўтган ҳафта Твер вилоятининг Калязин туманида ўзбек ва тожик мардикорлари билан маҳаллийлар ўртасида чиққан жанжал Россия матбуоти диққат марказида бўлди. Муҳожирлар маҳаллий аёллардан бирини зўрлагани ва унинг ҳимоясига чиққан калязинликлар “гастарбайтерларни” шаҳардан қувиб чиқаргани ҳақидаги хабарлар тасдиқланмади.


Россия матбуотида “Калязинда миллатлараро низо авж олмоқда”, “Бировнинг уйига ўз қоидаларинг билан борма”, “Калязин - янги Кондолога” каби миллатчилик руҳидаги сарлавҳалар остида берилаётган хабарлар Твер вилоятининг нотаниш шаҳарчасига кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Аввалига воқеа тафсилотларига тўхталсак. Калязин шаҳарчасида чиқадиган "Вперед" газетаси мухбири Юлия Фролова воқеа жойидан бундай хабар қилди:

- Шанба куни кечки пайт "Лион" кафеси яқинида гастарбайтерлар ва калязинлик йигитлар ўртасида оммавий муштлашув бўлиб ўтди. Йигитларимиз бир қизнинг номусини ҳимоя қилиб муштлашган. Бугун одамлар муҳожирлар билан юзага келган вазиятни изоҳлаш ва тартиб ўрнатиш талаби билан шаҳар майдонига тўпланди. Йиғилганлар фарзандларимиз ва аёлларимизнинг шаҳарда хавфсиз ва қўрқувсиз юришини таъминлашни туман ҳокимидан талаб қилмоқда,- деди калязинлик журналист Юлия Фролова .

Твер ахборот агентлигининг ёзишича, “муштлашувда ўнлаб, балки юздан ортиқроқ марказий осиёликлар ва Калязин ёшлари иштирок этди”. Бир неча киши тан жароҳати олди ва “Тез ёрдам” машинасида олиб кетилди. Калязинликлар ўзбекистонлик ва тожикистонлик "меҳмонларга" тегишли автомобилни ёқиб юборишган. Шаҳардаги қурилишларда ишлаётган барча Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари шаҳардан милиция назорати остида олиб чиқиб кетилган.

Твер вилояти ИИБси матбуот хизмати раҳбари Олег Гончаренко муштлашувда 1 киши тан жароҳат олганини маълум қилди:

- 22 август куни эрталабки 5.50да шифохонага боши ёрилган, маст ҳолатдаги, 1971 йилда туғилган маҳаллий фуқаро мурожаат қилди. Текшириш жараёнида жароҳатлар кафедаги номаълум меҳнат муҳожири билан бўлган муштлашувда олинганлиги аниқланди. У ариза ёзишдан ва қўшимча маълумот беришдан бош тортди,- деди Твер вилояти ИИБ вакили.

Олег Гончаренко шу кунларда милицияга жинсий зўрлашга оид бирорта ариза тушмаганлиги таъкидлади.

Анйи пайтда, Интерфакс агентлигининг Калязин шаҳри маъмуриятига таяниб тарқатган хабарида, “Калязин шифохонасига тан жароҳати билан 3 киши, жумладан бир калязинлик ва икки нафар ўрта-осиёлик мурожаат қилган. Улардан бирортаси шифохонага ётишга рози бўлмаган”, дейилган.

Калязин шаҳар ҳокими муовини Валерия Глебова Озодлик билан суҳбатда оммавий ахборот воситалари муштлашув ҳақида тарқатаётган хабаралар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмаслигини билдирди:

- Бу аслида оддий муштлашувдир, чунки ҳеч қандай жиноий иш қўзғатилгани йўқ ва Интернетдаги хабарларда воқеа ҳодиса кўлами анча бўрттириб берилмоқда. "Лион" кафеси ўзи эскитдан шаҳарда ёмон ном чиқарган ва бундай муштлашувлар у ерда одатий ҳолдир. Лекин меҳнат муҳожирлари билан маҳаллий йигитлар ўртасидаги мушталшувни кимдир миллий низо, деб бўрттириб юборган. Ҳозир шаҳарда ОМОН кучлари тинчликни таъминлаб турибди,- дейди шаҳар ҳокими муовини Валерия Глебова.

Калязинда меҳнат муҳожирларининг барчасини жиноятчилар қаторига қўшиш ҳам куракда турмадиган гап, дея қўшимча қилди Глебова хоним. Унга кўра, 2010 йилнинг ўтган 7 ойи давомида шаҳарда жами қайд қилинган 182 жиноятчиликлардан олтитасигина чет-эл фуқаролари томонидан содир этилган.

Шаҳардан қанча меҳнат муҳожири олиб чиқилди, дея сўрадик Калазин маъмурияти расмийсидан:

- "Техинвест" ва "Градация" ташкилотларида ишлаган 80 нафар ишчи ўзлари расмий қайддан ўтган жойлари - Череповец шаҳрига жўнатилди. Бу вазиятнинг янада таранглашуви олдини олиш мақсадида қилинди, холос. Тўғриси, бунинг ҳаммаси ҳокимимиз Константин Ильинга қарши қилинган провокациядир,- дея таъкидлади Калязин шаҳар ҳокими муовини Валерия Глебова.

Калязин Ички ишлар бошқармаси раҳбари Александр Смелов Озодликнинг рус хизматига берган интервюсида, Интернет форумларида тарқатилган оммавий муштлашув, синган ойиналар ва ёқиб юборилган машиналарга оид фотосуратлар ва хабарлар Калязин шаҳрига умуман алоқаси йўқлигини баён қилди. Унинг айтишича, 2 нафар ўзбек ва бир рус йигити ўртасида чиққан кафе яқинидаги муштлашувдан кейин, маҳаллий йигитлар бутун шаҳарга гастарбайтерлар калязинлик аёлни зўрлагани ҳақида СМС тарқатиб юборган.

“Ҳозир шаҳарда вазият тинч”, дея қўшимча қилди Калязин милицияси бошлиғи Александр Смелов.

Ўзбек ва тожик муҳожирлари Калязин шаҳрида қурётган турар-жой биноларнинг барчасида қурилиш ишлари тўхтатилди.
XS
SM
MD
LG