Линклар

Шошилинч хабар
07 октябр 2024, Тошкент вақти: 07:16

Катрина тўфони хотираси "дафн этилди"


Бундан беш йил аввал рўй берган Катрина тўфони 2 мингга яқин киши ҳаётига зомин бўлганди.
Бундан беш йил аввал рўй берган Катрина тўфони 2 мингга яқин киши ҳаётига зомин бўлганди.

АҚШнинг Ню Орлеан шаҳрига Катрина тўфони ёпирилганига беш йил тўлди. 2005 йилда бу тўфон 1 минг 800 дан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетган, бир миллиондан ортиқ кишини бошпанасиз қолдирган эди.

Беш йил давомида Катрина тўфони етказган жуда улкан зиён-заҳматдан сўнг бошланган қайта тиклаш ишлари Ню Орлеан шаҳрида ҳануз давом этмоқда.

Ҳали тўлиқ тикланмаган шаҳарнинг бугунги қиёфасига боқиб, тўфонда яқинларини қурбон берган нюорлеанликлар 29 август куни яқинларини хотирладилар.

5 йил муқаддам содир бўлган тўфон оқибатида шаҳарнинг 80 фоиздан ортиқроқ қисми сув остида қолган, биноларнинг 70 фоизига зарар етган эди.

Бу табиий офат оқибатлари ҳали тугаб битмай туриб, кўрфазга Btirish Petroleum ширкатининг денгизга оқиб кетган нефти ҳам катта зиён етказди. Ҳозирда Луизиана штатининг соҳил бўйи ҳудудларида тозалаш ишлари давом этмоқда.

Шу кунларда Ню Орлеанда яшаётган қарийб 350 минг аҳоли Катрина тўфон ёпирилишидан олдин яшаган жами аҳолининг 80 фоизини ташкил қилади.

Тўфонда қурбон бўлган ёхуд офатдан сўнг шаҳарни тарк этган аҳоли ҳисобига бўш қолган уйлар шаҳарнинг барча нуқталарида кўзга ташланади.

28 август куни хотира маросимини бошлаб берган нюорлеанликлар шаҳар яқинидаги Муқаддас Бернард Пэриш ибодатхонасида Катрина тўфонини дафн этиш мазмунидаги рамзий маросимни ўтказишди.

Йиғилганлар кулранг тобутга дил изҳорлари ва тилаклар ёзилган қоғозларни ташлаб тўлдирдилар ва сўнгра уни рамзий маънода дафн этдилар.

Шу йўл билан иштирокчилар фалокат оқибатлари, ғам-аламларидан ҳануз қутула олмаётган ҳамшаҳарларига бу азобларнинг охири борлигига умид беришга ҳаракат қилдилар.

- Ишончим комил, сиз ҳам, мен ҳам кўплаб диний маросимларда иштирок этганмиз. Аммо бундай маросимда менинг илк бор иштирок этишим. Тобут ёпилганидан сўнг йиғилганлар қарсак чалишди. Бунақаси ҳар доим ҳам бўлавермайди ва одатан, тобут ёпилганидан сўнг қарсаклар бўлмас эди. Бу гал қарсак бўлди ва бу қарсак мақсадга мувофиқ эди, - дейди америкалик архиепископ Катрина тўфони беш йиллиги муносабати билан ўтказилган рамзий хотира маросими ҳақида.

Шаҳар яшовчиларидан бири Варрен Минтер бундай дафн маросими шаҳарликларнинг дардига малҳам бўлади, деб ишонади.

- Бу билан нимадир ортда қолгандай бўлди. Ҳеч қачон Катрина тўфонини дафн этолмаймиз-ку, аммо бу маросимни ҳамиша эсда сақлаб қоламиз. Шу билан кўп даҳшатли хотиралар тупроққа кўмилгандай бўлади. Бу маросимга келганлардан ҳар бирининг ўз аянчли хотираси бор ва айрим хотиралар ҳеч замон тилга олинмайди, - дейди Катрина тўфони жабрдийдаларидан бири орадан 5 йил ўтиб.

Катрина тўфони АҚШ тарихидаги энг даҳшатли табиий офатлардан биридир ва у мамлакат бюжетига 80 миллиард доллардан ортиқ зарар келтирган.
XS
SM
MD
LG